Душанба, 20.09.2021, 10:10
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Апрел » 2 » Шокирбек Камол: Баҳорни қўмсаб..
00:11
Шокирбек Камол: Баҳорни қўмсаб..
Баҳорни қўмсаб...

05.05.2006 

Андижон фожеасига 1 йил тўлиши

муносабати билан

Майин баҳор ели эсганда,

Кўк осмонни булут тўсганда,

Овозидан том битиб қулоқ,

Гумбурласа момоқалдироқ,

Шариллатиб ёмғир ёққанда,

Сойлар тўла сувлар оққанда,

Юз товланиб кўкда камалак,

Ўйнаганда болалар варрак...

Озод қушлар осмонда парвоз,

Этиб шодон қилганда овоз,

Қалдирғочлар "валфажри" айтиб,

Инларига келганда қайтиб,

Ҳам турналар тизилиб шундоқ,

Кўк бўйнига таққанда мунчоқ...

Ерда эса рангбаранг гуллар,

Бинафшаю райҳон, сунбуллар,

Атиргуллар ҳидидан сармаст,

Бўлганида олам ҳар нафас...

Анбарафшон ислар таратиб,

Ёш-қарини ўзга қаратиб,

Келинчакдек ўрик очилиб,

Турса, бошга оқ ҳарир илиб,

Бу ҳолатни кўриб эрталаб,

Шудринг қўйса ёноғига лаб...

Майсалар-ла безаб танини,

Зубтурм, қоқи ўт ўсганини,

Хушбўй ялпиз, исмалоғини,

Болдирғону отқулоғини,

Ариқбўйи қилганда кўз-кўз,

Жамолига бўлиб лол, ожиз,

Мажнунтоллар нетарин билмай,

Бошин эгиб тебранса тинмай…

Олачипор баргларин ёзиб,

Тик қад билан кўкка бўй чўзиб,

Япроқлари шилдираб терак,

Шамоллардан берганда дарак...

Қизғалдоқдан чўлда ҳам, қара,

Рўй берганда ажиб манзара...

Хуллас, баҳор файзидан ҳар жой,

Кўркам бўлиб, очганда чирой...

Соғиндим мен Ўзбекистонни,

Иймон юрти, кўҳна Туронни...

Кўк гумбазлар узра порлаган,

Поклик, иймон, эркка чорлаган,

Ярим ойга интиқ бўлибман,

Эслаб уни ғамга тўлибман...

Эвоҳ, бурун вақтларни эслаб,

Шон-шарафу бахтларни эслаб,

Ҳасрат ила толаман ўйга,

Нелар бизни солди бу кўйга?..

Ахир ҳозир жилдираб турган,

Беҳолгина, бемажол юрган,

Аму, Сирлар пишқириб, тошиб,

Оқар эди югуриб, шошиб...

Солмай тўғон ҳеч ким йўлига,

Сув қуярди Орол кўлига...

Орол эса кўпириб, тўлиб,

Кўрганларни қўрқувга солиб,

Пўртанасин отиб ҳар ёққа,

Уриларди келиб қирғоққа...

Энди билсам, буларнинг бари,

Кеча экан, ё ундан нари...

Энди билсам, Орол ҳозирда,

Аҳволи танг, қалби озурда,

Чор атрофин туз ўраётир...

Аста-секин жон бераётир...

Атрофига тузлар ўралмай,

Қабоҳатли Жаслиқ қурилмай,

Бўлмасмиди гуллар ўралса,

Жаннатмонанд жойлар қурилса...

Аму, Сирни неча жойидан,

Юқоридан, белдан, пойидан,

Тўғонлар-ла бўғиб олмишлар...

Сувларини соғиб олмишлар...

Оролига етолмай йўлда...

Қолиб кетмиш саҳрода, чўлда...

Пастда эса, жанубни қамраб,

Бечораҳол халқимни ямлаб,

Ютаётган битта юҳо бор...

Саккиз бошли бир аждаҳо бор...

Заҳар сочиб ётар бетиним,

Кеча-кундуз тутар бетиним...

Гўдаклари туғилар чала,

Баъзан нимжон, баъзан нимкала...

Мусибат бор ҳар кун ҳар уйда,

Ҳаловат йўқ, на сайил, тўйда...

Табиатга келган бу қирон,

Одамларни ҳам этди вайрон…

Осийлиги-чун Ҳаққа балким,

Таназзулга кетмоқда халқим...

Қанча жабҳа, қанча соҳада,

Шаҳар, туман, қишлоқ, воҳада,

Ҳалокатга юз тутар халқим!

Жарлик томон жим кетар халқим!

Бир вақтлар ибоси билан,

Ерга етган қабоси билан,

Донғи кетган ўзбек аёли,

Иффат ила шарму ҳаёли,

Бугун иффат пардасин йиртмиш...

Азиз мулки - танасин сотмиш...

"Ўзбекман", деб кўкрагин керган,

"Ўзим бек", деб кўксига урган,

Йигитларнинг саси қайдадир?..

- Ғижжак, дутор, танбур, найдадир..!

Бироқ, иймон, ахлоқларини,

Бойликлари, арзоқларини,

Каламушлар бемалол, ором,

Кемирмоқда тинмай, батамом...

"Ҳақ рост" деган мўъмин ўғлонлар,

"Юртим", деган холис инсонлар,

"Бир бошга бир ўлим" деганлар,

Фақат халқнинг ғамин еганлар,

Турли-туман даъволар ила,

Ҳар хил бўҳтон, иғволар ила,

Зиндонларга маҳкум этилди,

Озодликдан маҳрум этилди...

Уйда йиғлаб ёш туллар қолди,

Норасида булбуллар қолди...

Селдай оқиб кўздан ёшлари,

Йиғлайвериб, шишиб бошлари,

Ғамдан қалби юз пора бўлиб,

Мусибатдан икки букилиб,

Қақшаб қолди онаизорлар...

Бу зулмдан чекиб озорлар...

Дуойибад қилишдан ўзга,

Ёвга ўлим тилашдан ўзга,

Муштипарнинг чораси йўқдир,

Бор қуроли - дуоси ўқдир!

Қўлларидан ҳеч бир иш келмай,

Ҳайрон бўлиб, нетарин билмай,

Ажраб ўғли - суйган тоғидан,

Кўз қорачиқ, қош-қабоғидан,

Карахт бўлди оталар қолиб,

Қалби ғазаб, қасосга тўлиб...

Нечун, дерсиз, ёшлар қамоқда?

Чидаб бўлмас азоб, қийноқда?

Уларни шоҳ азоблар нечун?!

Қай гуноҳи, қай айби учун?!

Ўғрилик ё ғарлик қилдилар?

Ўзгаларнинг ҳақин олдилар?!

Йўқ!!! Уларнинг айби бир фақат!

Бунга шоҳлар қилолмас тоқат!

Улар Ҳақдан ўзга ҳеч кимга,

На подшоҳу ва на ҳокимга,

Эгилмагай мағрур бошлари!

Майли, келсин азобнинг бари!!!

Майли, танлар пора қилиниб,

Моматалоқ, қора қилиниб,

Жон чиққунча хўп урсалар-да,

Тишларни-да суғурсалар-да!

Олсалар-да узиб тирноқни!

Берсалар-да барча қийноқни!

Қилт этмагай уларнинг қоши!!!

Иккиланмас, сўнмас бардоши!!!

Чунки, бундай кучга пойдевор,

Қалб тўрида - Ҳаққа иймон бор!!!

Буни енгар дунёда куч йўқ!!!

Бошин кесар ҳеч бир қилич йўқ!!!

Гавда бурда-бурда бўлса-да,

Жонлар чиқиб, танлар ўлса-да,

Кўринса-да кўзларга мағлуб,

Ҳақиқатда бўлгайлар ғолиб!

Зеро, зафар қучгай Тўғри Йўл!!!

Ҳақ мафкура ғолибдир буткул!!!

Аммо, бундай азобларнинг ҳам,

Тахтга минган каззобларнинг ҳам,

Бир кун келар охир куни бор!

Бевақт кетган жонлар хуни бор!!!

Жавру ситам битишин истаб,

Қора кунлар кетишин истаб,

Бор будидан маҳрум бўлган халқ…

Фарзанди хор, мазлум бўлган халқ...

Тўлиб сабр косаси охир,

Торлик қилиб қафаси охир,

Айни баҳор, кўклам кезида,

Андижоннинг қоқ марказида,

Эркак, аёл, гўдак, ёш-қари,

Гувиллашиб тўпланди бари…

Улар мансаб сўрмагандилар,

Курси учун турмагандилар.

Талаблари бир эди фақат -

Ўрнатилсин юртда адолат...

Эзилган бу бечора халқим,

Юраги хун, садпора халқим,

Диктаторнинг нонкўрлигини,

Зулми беҳад, қонхўрлигини,

Билсалар-да, бироқ ушбу кун,

Ўз халқини эзғилаб бутун,

Куппа-кундуз, олам олдида,

Миллионлаб одам олдида,

Қирғинбарот этишин ҳеч ким,

Дўлдек ўққа тутишин ҳеч ким,

Тасаввур ҳам қилмаган эди,

Хаёлига келмаган эди...

"Сен қарисан, сен ёшсан, демай,

Сен асосчи, сен бошсан, демай,

Ўққа тутинг! Аямангиз ҳеч!

Йўқса, қўйиб берсак бўлар кеч!"

Деган машъум ҳукм келадир..!

Йўқса, ким ҳам журъат қиладир?!..

Неча йиллар халқини авраб,

Меҳрибонлик ҳақида жавраб,

Раҳму шафқат лофин урган шоҳ,

Башарасин кўрсатди ногоҳ!

Аямасдан отдилар халқни!!!

Тинмай ўққа тутдилар халқни!!!

Ҳақин талаб қилган улуснинг,

Умид билан келган улуснинг,

Пашшачалик қадри бўлмади!

Уларни бир пулга илмади!!!

Тўкилган қон рангидан алвон,

Бўлиб, тўлди ўликка майдон...

Қочганларни тутиб отдилар,

Йўлакларда кутиб отдилар..!

Бўлди баҳор келтирган шукуҳ,

Мотамсаро халқ учун андуҳ...

Эй мардона, эй танти халқим!

Эй асллар фарзанди халқим!

Бир кун албат вақтинг келажак,

Ўшал кунда бахтинг кулажак…

Ўшал кунда яшнаб баҳоринг,

Қайтгай сенга ўз эътиборинг…

Ўзингга бек бўларсан шунда,

Юзларингдан аримас ханда…

Лекин, ўшал эркка етмоқ-чун,

Эркни зарҳал ҳарф-ла битмоқ-чун,

Боболаринг юрган Тўғри Йўл -

Исломингда собитқадам бўл!

"Азиз юртим яшнасин", десанг,

"Фарзандим ҳур яшасин", десанг,

Иймонингга содиқ бўл, халқим!

Сен учун йўқ бошқа йўл, халқим!

2006 йил, апрель.

* * *

Қатағон

Қавмимни қийратди қатағон,

Қардошлар қабрга қулади…

Қароқчи қўллари қизил қон,

Қолган-қутганларни қувлади…

Қондошим! Қаноат қўрғони!

Қалбингда қотмасин қўрқувлар!

Қузғунлар қалбингдан қўрқажак!

Қасосинг қиларлар қий-чувлар!

Қароқчи қашқирни қиргани,

Қиличлар қинларин қирқажак!

Қуларлар қабрга қўнғизлар!

Қаҳрамон қардошлар қолажак!

Қиқирлаб қақажон қорқизлар,

Қийқириб қувноқлик қилажак!

Қалбларга Қуръонни қўндириб,

Қақраган қалбларни қондириб,

Қардошлар қавмимни қўражак!

Қимматли қисматин қуражак!

Ўшал кун албатта келажак!

Ўшал кун албатта келажак!

Иншооллоҳ!

* * *

Исён гули

Тоғу адирларни қучган қалин қор,

Илиқ кун тафтидан эрий бошлади.

Гўзаллик, нафосат, гул рамзи - баҳор,

Бизнинг диёрга ҳам қадам ташлади…

Илк бор бош кўтарди бойчечак ердан,

Исён дарсин ундан ўрганмоқ керак…

Ажаб, бу шижоат келди қаердан?

Бу ғурур, бу журъат нелардан дарак..?

Кунлар исиб бир оз, уйғонди олам,

Гуллар ҳиди бутун борлиқни тутди.

Қушлар қувноқ сайрар, ҳаммаёқ кўклам,

Бойчечакни эса барча унутди...

Бу вақт вазифасин ўтаб бўлган гул,

Қовжираб, сўнмоқда эди ҳаёти.

Кўрган умри қисқа эрса-да буткул,

Лекин гуллар ичра янграйди оти!

Уйғонгани учун барчадан бурун,

"Баҳор рамзи" дерлар олқишлаб уни.

Берилмиш бу унвон ўлимидан сўнг,

Шу йўлга тиккани учун умрини!

Шокирбек Камол

Просмотров: 1066 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2021
Архив записей