Уларда ҳамма нарса бор, фақат она юрт етишмайди Сарвар Усмон
“Ўзбек дунёси” эшиттиришининг бу галги сони географияси Америка
Қўшма Штатлари ва Швеция. Эшиттиришда ўзбек ҳижрати биринчи тўлқини
вакили Муҳаммад Саид ва иккинчи тўлқини вакили Муқимжон Маҳмуд иштирок
этади.
Энг аввало, “ўзбек ҳижрати” ибораси масаласига аниқлик киритиб олайлик.
Аслида “ўзбек эмиграцияси”, деб ишлатсак, Ўзбекистон ва унга қўшни
постсовет давлатлардаги ўзбеклар учун табиийроқ эшитилган бўлур эди.
Қолаверса, тилга олаётганимиз ҳодиса диний эмас, дунёвий-сиёсийдир.
Лекин барибир “эмиграция” сўзи ўрнига “ҳижрат” сўзини олдикки,
бунинг боисини лавҳани диққат билан тинглаган муштарий илғамай қолмас.
Ўзбек ҳижратининг икки тўлқини бор.
Биринчиси – “коллективлаштириш”, деб аталмиш гўштмайдалагич
даврда Сталин зулмидан қочиб, большевикларнинг даҳрийлигидан даҳшатга
тушиб, асосан, жанубга – Афғонистонга қочганлар тўлқинидир.
20-асрнинг 20, 30-йилларида кечган бу жараён давомида
Ўзбекистонни ташлаб чиққан ўзбеклар кейинчалик Туркия, араб давлатлари,
АҚШга кўчди.
Кейинроқ, асрнинг 90-йиллари бошигача Совет Иттифоқини темир панжара тўсиб турди ва ўзбек ғинг деёлмай ўтираверди.
Ўзбек ҳижратининг иккинчи тўлқини темир панжара синганидан кўп
ўтмаёқ бошланди ва йил ўтган сайин бу тўлқин оқимига янги ва янги
ўзбеклар қўшилмоқда.
“Бирлик” ва “Эрк” партиялари аъзолари ва диндорлар ўзбек
ҳижрати иккинчи тўлқинини пайдо қилиб ҳаракатга келтирган бўлса,
кейинроқ бу оқимга Андижон фожеаси юз берган куни ўқ ёмғиридан жонини
олиб қочганлар, сўнгра ўша фожеа тўғрисида гапирган мухолифатчилару
инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, мустақил журналистлар қўшилди.
Ўзбек дунёсининг бу галги сонида ўша икки тўлқиннинг икки вакили билан таништирамиз сизни.
Демак, биринчи қаҳрамонимиз – ўзбек ҳижрати биринчи тўлқини вакили Муҳаммад Саид ака.
Муҳаммад Саид ака
Ёши 67да. Шу кунда Нью-Йоркда истиқомат қилади. АҚШга бундан 30 йил муқаддам Афғонистондан кўчиб борган.
Муҳаммад Саид аканинг
ота-онаси асли Бухородан. Сталин даврида, 30-йиллар бошида большевиклар
зулмидан қочиб Афғонистонга бориб қолган. Қаҳрамонимиз шу мамлакатнинг
Балх вилоятида туғилиб ўсган. Унинг Афғонистонни ташлаб чиқишига ҳам
коммунистлар сабаб бўлган. Савр инқилобию Совет қўшинларининг бу
мамлакатга бостириб кирганини айтяпмиз. |
|
Муҳаммад Саид: Америкага келгач, тил ўргандим. Болаларим мактабни, университетни битирди. Ҳозир бизнес билан шуғулланишади.
Озодлик: Болалардан нечта? Неваралар ҳам бўлса керак?
Муҳаммад Саид: Алҳамдулиллоҳ, невараларим бор. 7 та ўғлим, бир қизим бор. 3 та ўғлимнинг фарзандлари бор.
Муҳаммад Саид ака билан кўп гаплашдик.
У киши ўзи Ўзбекистонда (ўзининг айтишича, Туркистонда) туғилмаган бўлса-да, фикру хаёли аждодлари ватани билан банд.
“Ҳар ким ҳам ватанини яхши кўради. Киндик қони томган жойни ва
тилини ҳеч вақт унутмайди. Мен 30 йилдан бери АҚШда бўлсам ҳам она
тилимда гапираман ва ëзаман. Туркий тил бу асл тил. Бу Навоийнинг тили.
Навоий бу тилнинг ривожига катта ҳисса қўшган”.
Ҳа, Муҳаммад Саид ака она тилига бефарқ эмас.
“Озодлик” мухбирларининг тилини жуда танқид қилди. У ёки бу сўзни тўғри ишлатмайсизлар, деб танбеҳ берди.
Нега Ҳолландия эмас, русча қилиб Голландия, нега Американи номлашда стейт деб эмас, русчасига штат дейсизлар, деб дашном берди.
Муҳаммад Саид ака “рафиқа” сўзига ўзбек тилида берилган мақомга
ҳам қарши. Унинг айтишича, ўзбек ўз турмуш ўртоғига нисбатан бу сўзни
қўлламаслиги лозим.
“Рафиқа” сўзининг маъноси “вақтинча” дегани. У истаган вақтида
туриб кетаверади. Аммо хотин қонуний бўлади. Турмуш ўртоғим дейиш
маъқул. Хотин муқаддас”.
Энди эса нега “ўзбек ҳижрати” иборасини ишлатиб, унинг ўрнига “ўзбек эмиграцияси” демаганимиз сабабларига тўхталсак.
Мана, эшитинг. Муҳаммад Саид ака “қочоқ”, “қочқин” сўзларини ишлатишимиздан мутлақо норози.
“Бу ҳижрат бир улуғ воқеа бўлган. Пайғамбаримиз ҳижрат
қилганлар. Нимага? Чунки Макка аҳли буларга кўп ëмонлик қилди, уларга
кўп азоб берди. Бизнинг оталаримиз ҳам Сталин қўлидан ҳижрат қилишга
мажбур бўлган. Қочқин масаласи бошқа, ҳижрат бошқа. Масалан, бир
мамлакат раҳбари диктатор, золим бўлади. Шунда мажбур бўлганлар
ватандан ташқарига чиқади. Аммо ҳеч ким ватанни ташлаб чиқишни
истамайди. Мажбуриятдан ташлаб чиқади, яъни ҳижрат қилади. Шунинг учун
буларни қочқин, деб бўлмайди”.
Муҳаммад Саид ака билан баҳсга киришиб ўтирмадик. У кишининг
гапларидаги мантиққа эътироз бўлмайди-да. Лекин шуниси ҳам борки,
Муҳаммад Саид аканинг ота-онаси Бухородан ҳижрат қилганидан бери Сиру
Амудан қанча сувлар оқиб ўтди. Ўшандан бери замонавий ўзбек матбуот
тили шаклланди. Муҳаммад Саид ака қабул қила олмаётган сўзлар
истеъмолга кириб кетди. Поезд кетди. Лекин тил жонли ҳодиса эканлиги
ҳам бор. Демак, ўзгаришлар бўлади. Муҳими ислоҳотлар бўлишини, шу
жумладан, тилимизнинг ҳам ислоҳ бўлишини истаётганларнинг борлиги.
Муқимжон Маҳмуд ўзбек ҳижрати иккинчи тўлқини вакилларидан бири.
Муқимжон Маҳмудов
1963 йилда Ўшда туғилган. Тошкент
давлат университети ўзбек филологияси факультетини битиргач, Тошкентда
қолиб диний адабиётлар чоп этувчи “Мовароуннаҳр” нашриётида муҳаррирлик
қилган. 2000 йили Муқимжон Маҳмудов диний экстремистик гуруҳларга
аъзоликда айбланиб, 16 йилга қамалди. Кейинроқ Олий суд унинг қамоқ
муддатини 7 йилга қисқартирди. Яъни 9 йиллик жазо муддати қолдирилди.
2004 йили Муқимжонга амнистия қўлланилиб, озодликка чиқди. Ўша йилнинг
мартида амалга оширилган портлашлардан сўнг яна таъқиб қилишларидан
қўрқиб, оиласи билан туғилиб ўсган юртига кўчиб ўтди.
Лекин бу пайтда Ўзбекистон
маъмурлари яна Муқимжонни қидирувга берган ва шунинг учун у қочқинлик
мақоми сўраб, БМТнинг қочқинлар идорасига мурожаат қилишга мажбур
бўлган. Шу кунда Муқимжон Маҳмудов Швеция берган сиёсий бошпанада
яшамоқда. |
|
Озодлик: Муқимжон, сизни билганлар дунëси кенг одам, дейишади. Европага келганингиздан кейин кенг дунëнгиз яна кенгайдими ëки торайдими?
Муқимжон Маҳмудов: Энди дунëнинг торлиги ва кенглиги нисбий нарсалар. Бу кимгадир кенгга, кимгадир торга ўхшаб туюлади.
Озодлик: Сизга қанақа туюлади?
Муқимжон Маҳмудов: Менимча, шу кунда меники кенгайди,
шекилли. Мен ўзи динга берилган одамман. Очиқ айтадиган бўлсам, Исломни
мен Европада топдим. Одамнинг бир-бирини алдамаслиги, бир-бири билан
чиройли муомала қилиши, келинг, деб кутиб олиши, яхши боринг, деб
кузатиб қўйиши, ваъдасида туриши, озгина кеч қолса дарров узр сўраши ва
ҳоказо. Биз бир тухум сотиладиган жойга бордик. Эгаси йўқ. Тухум
оласиз, кейин қоғозга қанча тухум олганингизни ëзиб пулини ташлаб
келаверасиз.
Озодлик: Ғарбда Ислом бор, мусулмон йўқ, Шарқда мусулмон бор, Ислом йўқ, деган гап тўғри-а?
Муқимжон Маҳмудов: Бу гапни Жамолиддин Афғоний айтган. Мен бу гапга 100 фоиз қўшиламан.
Озодлик: Нимага бизда ҳам шунақа эмас, деган савол устида кўп ўйлагандирсиз?
Муқимжон Маҳмудов: Бу жуда мураккаб савол. Бу саволга 10
томондан ëндашиб, 10 хил жавоб бериш мумкин. Менинг ëндашадиган тарафим
айбни одам ўзидан қидириши керак, деб ўйлайман. Тўғри, иқтисодий
жиҳатдан торликлари бор. Бу ердаги кенгликнинг сабаби узоқ вақтдан бери
уруш бўлмаганлигидадир. Балки умуман яшашни билишидадир. Буларнинг
ҳаммасидан қатъи назар, айбни ўзимиздан, табиатимиздан қидирадиган
бўлсак, ҳар қанақа ҳолатда ўзимизни ўнгласак бўлади, деб ўйлайман.
Озодлик: Ҳаммага таниқли бўлган бир одам қамалиш хавфи
пайдо бўлганда илк хаëлига келган нарса чекиш бўлган экан. Қамоқхонада
чекиш қанақа бўлади, деб ўйлаган экан. Мана, сиз ҳам қамалиб чиққансиз.
Сизда қамалиш хавфи пайдо бўлганда хаëлингизга биринчи бўлиб нима
келган?
Муқимжон Маҳмудов: Биринчи келган нарса, нима бўлганини
тўғриси билмадим. Тўғриси, бу саволга жавоб бера олмайман. Бу менинг
оғриқли нуқтам. Мен ҳеч кимга айтмайман, деган иддаоларим бўлган. Лекин
мен қийноққа чидамаганман ва ҳаммасини сайраб айтганман. Хуллас, бу
менинг оғриқли нуқтам.
Озодлик: Сиз асли ўшлик ўзбексиз. Қамалишингизгача
Ўзбекистонда ўқиб, ишлаб юрдингиз. Кейин бир муддат Қирғизистонда яшаб
турдингиз. Кўпчилик кейинги пайтда ўзбек, деган яхлит миллат иккига
бўлиниб қолди, икки хил миллат пайдо бўляпти, айниқса, ўзбекистонлик ва
қирғизистонлик ўзбеклар орасида кескин фарқлар пайдо бўляпти, дейишади.
Сиз шу фарқни сездингизми?
Муқимжон Маҳмудов: Тўғриси, бу менга ғалати савол бўлиб
туюляпти. Йўқ, мен сезмадим. Лекин битта нарсани тушуниш керак.
Ўзбекистондаги ўзбеклар қаттиқ зуғум остида. Улар ҳар битта нарсага
чумчуқ каби чўчиб қарашади. Бу нарса табиий, деб биламан. Чунки бу
нарса ўзимнинг бошимдан ўтди. У ердаги ўзбекларни тушуниш керак, деб
биламан. Масалан, 37-йилги қатағон пайтларида сотқинлар жуда кўпайиб
кетган экан. Лекин ҳозир бу даражада эмас. Қатъий турганлар ҳам бор.
Барибир узоқ давом этган зуғум баъзи бир одамларни қайсидир даражада
сотқинлаштириб юборди. Инсон баъзида баъзи нарсаларга чидай олмасдан
тубанлашиб кетар экан. Қирғизистондаги ўзбеклар бирмунча эркин.
Қайсидир даражада уларнинг шу фарқлари бор.
Озодлик: Сизнинг дунëингизга нима етишмаяпти?
Муқимжон Маҳмудов: Ҳозир мен маза қилиб яшаяпман. Вақтим
етарли. Хоҳлаганимча китоб ўқишим мумкин, хоҳлаганимча дарс қилишим
мумкин. Ўзбек тилида швед тили грамматикасини ëзмоқчиман.
Шведча-ўзбекча луғат тузмоқчиман. Пул ҳам бор, вақт ҳам бор, имконият
ҳам бор. Менга етишмаëтган жойи шуки, худди шунақа имконият қани эди
ҳаммада бўлса. Ҳамма ака-укаларимда, қариндошларимда, дўстларимда
бўлса. Шахсан ўзимга етишмаëтган нарса юрт. Қолган ҳаммаси яхши.
|