Россияда 6 ўзбекистонлик қурбон бўлган
|
|
Ҳодиса Галицино қишлоғи яқинида юз берган |
Москва
вилоятида юз берган автомобиль фалокати оқибатида ўзбекистонлик олти
фуқаро ва россиялик ҳайдовчи қурбон бўлган. Жароҳатланган яна беш нафар
ўзбекистонлик шифохонага келтирилган.
Москва вилояти расмийларига кўра, автомобиль фалокати кеч тунда Москва вилоятининг Галицино қишлоғи яқинида икки юк ташувчи
машина ва бир микроавтобуснинг тўқнашиб кетиши оқибатида юз берган.
Ўзбекистон фуқаролари бўлган микроавтобусга юк ташувчи машина келиб урилган ва оқибатда олти нафар ўзбекистонлик йигиту бир
россиялик ҳайдовчи қурбон бўлган.
Расмийларга кўра, ҳалок бўлганларнинг шахслари аниқланган ва уларнинг ёшлари 22 дан то 36 ёшга қадардир.
Шифокорларнинг
билдиришларича, фалокатдан тирик қолган ва ҳозир шифохонада бўлган яна
5 нафар ўзбекистонликнинг аҳволи қониқарли.
Ўз ўрнида кузатувчиларга кўра, Россияга иш излаб келаётган муҳожирларининг автомобиль фалокатига йўлиқиш ҳоллари тез-тез учраб
туради.
Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ энг даҳшатли автофалокат ўтган йилнинг 1 майида Воронеж вилоятида рўй берганди.
Ўшанда ўзбекистонлик муҳожирлар бўлган микроавтобуснинг юк ташувчи машина билан тўқнашиши оқибатида 13 нафар Ўзбекистон фуқароси
ҳаётдан кўз юмганди.
|