С.Отахонова: “Мен тенгликни истайман”
Абдулла Искандар
“Давр менинг тақдиримда” эшиттиришининг бу галги қаҳрамони андижонлик
инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Саҳодат Отахонова кўпчилик тенгқурлари қатори
ўрта мактабни битиргач, ҳуқуқшунос бўлишни орзу қилган эди.
Аммо ўқишга кира олмагач, тиббиёт билим юртини битириб ҳамшира бўлди.
Бундан 16 йил олдин Саҳодат ўз ҳаëтининг бу тарзда ривожланишини ўйламаган ҳам эди.
“Мен умуман ҳаëтим бошқача бўлади, деб тасаввур қилардим. 16 йилнинг
13 йили мен учун ажойиб ўтган. Ҳар томонлама яхши ўтган. Кейинги 4
йилда менинг ҳаëтим алғов-далғов бўлиб кетди”- дейди С.Отахонова.
“Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси” тушунчаси ўзбек зеҳниятида нисбатан
янги бир англамдир. Саҳодат ҳам ўзи дуч келган ҳақсизлик боис инсон
ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракатига қўшилди.
“Балки Аллоҳ мени инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга сабабчи қилиб
қўйгандир. Аслини олганда ҳаëтимда қандайдир нохушлик пайдо бўлган.
1999 йилда бизнинг юқумли касалликлар шифохонамизда ойлик берилмаган.
Кейин мен уларга: “Бу ерда катта пул айланиши бўляпти. Одамларни нимага
қийнайсизлар?” деб айтдим ва шу гапим учун мен шифохонадан қувғин
қилиндим. Қувғин қилишди, десам бўлмас-ку, штатлар қисқарди, деб мени
1,5 ставкамни 1 га туширишган. Мен шундан кейин “Бирлик” партиясига
қўшилганман. Мен олдинлари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари
борлиги ҳақида билмас ҳам эдим. Менга ҳеч ким ўргатмаган бўлса ҳам
биринчи бўлиб якка ўзим иш ташлаш қилиб, намойиш ўтказиб юрганман.
Кейин инсон ҳуқуқлари ташкилотлари мен ҳақимда эшитиб ëнимга келиб
гаплашгандан кейин “Бирлик халқ ҳаракати” партияси низомини ўқиб, бу
партияга аъзо бўлганман. Кейин инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
ташкилотида фаолият юргиздим ва ҳозирги кунда ҳам фаолиятимни давом
эттирмоқдаман”,- дейди С.Отахонова. Кейин Саҳодат онасидан айрилди, кейин эса Андижон қирғини...
- Онам вафот этиб, отам қўлида қолдим. Шунинг учун ҳаëтим
алғов-далғов бўлган. Балки ўша пайтда ҳам оғир кунлар кўргандирман,
лекин у пайтларда онам тирик бўлгани учун юрагим бутун эди. У пайтларда
оғир кунларни сезмаганман. Шу 3 йил давомида ҳаëтим умуман остин-устун
бўлиб кетди. Андижон воқеалари ҳамма сингари мен учун ҳам даҳшатли
бўлди. Қандай ҳис қилардим ўзимни?! Одамлар ўлган, ўзбеклар бир-бирини
ўлдирган. Андижон воқеаларидан кейин биз Андижонда анча кун юрганмиз.
Нима бўляпти деб. Ўша юрган пайтимда мен бир нарсага амин бўлганманки,
ўзим ҳис қилиб туриб, Худодан ҳеч қачон уруш бўлмаслигини сўраганман.
Чунки қийинчилик, одамларнинг қўрқиб юриши, ҳамма ëқ хароба бўлиб
ëтганини кўриб туриб нима бўлса ҳам уруш бўлмасин, деганман. Биласизми,
ўшандан кейин кирди-чиқди тўхтаб, нон нархи 500 сўмдан 1500 сўмгача
кўтарилиб кетган. Бу дегани мардикорлик қилиб топиб егандан ҳам баттар
бўлиб кетган, дегани. Ўзбекистонда кўпчилик сиëсатга аралашмасликни маъқул кўради.
“Шум бола” фильмидаги сиëсатга аралашмаслик ҳақида гапирган ҳожи
бобонинг гапи ўзбек зеҳниятининг бир қирраси каби кўринади. “Сиëсатда
сенга пишириб қўйибдими”, дейилади халқ орасида. Саҳодат бу фикрга
қўшилмайди.
“Биласизми, мен сиëсатга қизиқаман. Сиëсатга аралашманг, деган
одамнинг ўзи балки қонунни унча яхши билмаса керак. Лекин қонунни
билган одам катта-кичик бўлишидан қатъи назар, тўғри сиëсатга
аралашсангиз қанча қийналсангиз ҳам охирида барибир сизнинг ҳақлигингиз
чиқади. Ҳақиқат эгилади, букилади, аммо синмайди. Тепада олий ҳакам уни
кўриб туради-ку! Мен ҳақиқатни гапиришга, қонун доирасидан чиқмаган
ҳолда тўғри иш олиб боришга ҳаракат қиламан. Сиëсатга аралашди, дегани
ҳамма ëқни ағдар-тўнтар қилиб юборди, дегани эмас. Лекин ўз эркин
фикрингиз бўлиши керак. Мен бошқаларнинг эркин фикрини қадрлайман.
Билишимча, Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси ўз эркин фикрини билдиришга
ҳақли”- дейди Саҳодат.
Озодлик: Сафдошларингиз Мўътабар Тожибоева, Умида Ниëзоваларнинг куни бошингизга тушишидан қўрқмайсизми?
С.Отахонова: Нигора Ҳидоятованинг битта шиори бор: Худо насиб
қилса, бир тола сочим ерга тушади. Мен ҳам худди шуни айтаман. Агар
Худо бошимга шу ишларни солмайман деса, солмайди.
Озодлик: “Озод деҳқонлар” партияси раҳбари Нигора Ҳидоятова сизга идеалми? Нигорадай бўлишни орзу қиласизми?
С.Отахонова: Жуда ҳам. Мен уни ҳурмат қиламан, у кишидай бўлишни
орзу қиламан, у кишидай бўлишга ҳаракат қиламан. У ниҳоятда дадил,
иродали. Аëл киши бўлишига қарамай, мен билган партия раҳбарларидан
кўра ҳам дадилроқ. Мен уни Тўмарисга ўхшатаман. Мен Нигора опанинг ҳар
битта гапини қадрлайман. Мен у киши билан кўп мулоқотда бўлганман. У
кишининг ҳар бир гапи, дадиллиги менга ëқади. Саҳодат ўзбек жамиятида аëлларга ҳам кенг йўл берилиши керак, деб ҳисоблайди.
С.Отахонова: Биз оилада 5 қиз, 2 ўғилмиз.
Озодлик: Опаларингиз нима қиляпти ҳозир?
С.Отахонова: Опаларим ҳаммаси уй бекаси. Биттасининг ери бор.
Биттаси маҳалла қўмитасида ëрдамчи бўлиб ишлайди. Қолганлари уйда
ўтиради.
Озодлик: Улар сизнинг сиëсат билан шуғулланишингизга қандай қарайди?
С.Отахонова: Аввалига қарши чиқишган. Ҳозир ўрганиб қолишди.
Бошда ота-онам ҳам қарши бўлган. Онам раҳматли қўллаб-қувватларди,
лекин отам қарши бўлган.
Озодлик: Аëл киши уйда ўтириб овқатини пиширсин, дейишади. Сиз бунга қандай қарайсиз?
С.Отахонова: Билмадим, лекин мен аëлларнинг тенглигини
хоҳлайман. Мен олдин ҳам айтганман, ҳозир ҳам айтаман: аëлларнинг қонун
олдида жавобгарлиги тенгми, уларнинг эркин фикр билдириши ҳам бўлиши
керак. Аëллар ҳам эркин фикрини айтиши керак. Улар ҳам ишлаши,
оғир-енгилни кўриши, жамиятда нималар бўлаëтганини билиши, қанақа тузум
бўлаëтганини билиши керак. Эскилик сарқитлари қолиши керак. Аëллар ҳам
эркаклар билан тенг ҳуқуқли бўлиб ишлаши керак. Сиëсатда ҳам тенг
бўлиши керак.
Озодлик: Ҳозир тенг эмасми?
С.Отахонова: Ҳозир баъзи бир жойларда тенг эмас. Қонунда тенг
одамлар фикри бўйича тенг эмас. Кимга қараманг: “Сиз аëл кишисиз. Уйда
ўтирсангиз бўлмайдими? Ишлаб нима қиласиз? Ишни эркаклар қилсин”,
дейишади. Мен бунга умуман қаршиман. Қонун олдида Ўзбекистоннинг ҳар
битта фуқароси ўзининг шахсий фикрига эга бўла олиши керак. Озодлик: Сиз бошдан кечирган кейинги 16 йиллик ҳаëтингизни фарзандларингизга раво кўрган бўлармидингиз?
С.Отахонова: Йўқ.
Озодлик: Нимага?
С.Отахонова: Билмадим. Фарзандларим бундан яхши яшасин, деган
бўлардим. Қийналмасдан яшасин, деган бўлардим. Лекин биласизми, яна
битта нарса бор: ҳозир мен гапираëтган гаплар балки ëқар, балки ëқмас.
Бизнинг ўтмишдаги одамлар қийинчилик кўриб, битта, яримта нонга хор-зор
бўлиб, кейин биз енгилроқ ҳаëтга ўтганмиз. Ота-боболаримиз осойишта,
яхши ҳаëтни тузган. Биз ўша оғир ҳаëтни кўрмаганлигимиз учун балки мана
шу ҳаëтга чидай олмаëтган бўлишимиз мумкин. Лекин битта нарса борки,
ëмон ҳаëт кўрмасдан туриб барибир яхшисига етиб бўлмайди. Бу нарса
ўтмишдан ҳам маълум. Ҳеч ким фарзандига оғир ҳаëтни раво кўрмайди-ку,
лекин фарзандларимнинг оғир бўлмаса ҳам қийинчиликларни кўришини
истайман. Агар бўлса фарзандларим. Ана шунда, менимча, одамлар
бир-бирининг қадрига етиб, меҳр-оқибат кучайса керак.
|