К.Мюррей: “Тошкент-Вашингтон муносабатлари Каримовнинг раъйига қараб ривожланади” Фаррух Юсуфий
“Ўзгаришлар вақт талаб қилади, лекин ўзгаришлар келади. Бутун дунёда
фуқаролар инсон ҳуқуқлари қадриятларини ҳимоя қилишда давом этса,
ўзгаришлар рўй беришига умид қолади”.
Бу сўзларни сешанба куни АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс Давлат
департаментининг жаҳон мамлакатларидаги инсон ҳуқуқларига оид йиллик
ҳисоботини тақдим қилаётиб айтди. 190 мамлaкатдаги вазиятни ўз ичига
олган ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид қисмида, кузатувчилар фикрича,
Вашингтон-Тошкент муносабатлари яқин бўлган йиллар, айниқса, 2002-2004
йиллардаги ҳисоботлардан фарқли ўлароқ, холис фикрлар айтилган.
Ҳужжатнинг Ўзбекистонга оид қисми “Ўзбекистон 27 миллиондан ортиқ
аҳолиси бор авторитар давлатдир”, деган сўзлар билан бошланади. Ҳужжат муаллифлари таъкидича, президент Ислом Каримов
ҳокимиятни тўла назорат қилади ва конституцияда белгиланган ижроия,
қонун чиқарувчи ва суд ҳокимиятларининг мустақиллиги амалда
таъминланмаган. “Ҳокимият масъулиятсиз ҳукмдорлар қўлида бўлган мамлакатлар
инсон ҳуқуқларини мунтазам равишда бузаётганлар сирасида қолди.
Булардан Шимолий Корея, Бирма, Эрон, Зимбабве, Куба, Беларус,
Ўзбекистон, Эритрея ва Суданни алоҳида қайд этишимиз лозим”,- деди
тақдимот чоғида АҚШ давлат котибининг демократия ва инсон ҳуқуқлари
масаласи бўйича ёрдамчиси Жонатан Фаррар. У инсон ҳуқуқлари борасида ижобий ўзгаришларга эришиш учун учта омилга амал қилиш кераклигини билдирди.
“Биринчидан, эркин ва адолатли сайлов жараёнлари таъминланиши,
иккинчидан, ҳокимиятнинг ваколатли, масъулиятли, шаффоф ва демократик
институтлари, жумладан, суд тизимлари амал қилиши ва қонун устиворлиги
ҳукмдорларнинг демократик равишда сайланиб ва демократик равишда
ишлашини таъминлаши даркор, учинчидан эса фаол ва мустақил фуқаровий
жамият институтлари, хусусан, нодавлат ташкилотлар ва эркин матбуот
бўлиши керак”, деди АҚШ Давлат департаменти расмийси. Ҳужжат муаллифлари Ўзбекистонда бу омилларнинг бирортаси ҳам
таъминланмаганига эътибор қаратган. Хусусан, унда Ўзбекистондаги сайлов
тизими фуқароларга эркин танлов имкониятини бермаслиги қайд этилади.
Бунда ўтган йилнинг 23 декабрида Ислом Каримов учинчи муддатга қайта
сайлангани ва сайлов жараёнида демократик принципларга амал
қилинаётганини намойиш этишга уриниш бўлгани, бироқ сайлов умуман
халқаро меъёрларга мос келмагани таъкидланади ҳисоботда. Шунингдек, Ўзбекистон конституциясида бир фуқаронинг
сурункасига уч марта президент бўла олмаслиги белгиланганига қарамай,
Ислом Каримов учунчи марта сайлангани ва бунда ҳукумат расмийлари
конституциянинг нега бузилганини очиқ изоҳламагани ҳам таъкидланади. Ҳисобот муаллифлари Ўзбекистон ҳукумати анчадан бери кутилган
ўлим жазосини бекор қилиш ҳақидаги қарорни қабул қилганини ҳам
эътибордан қочирмаган. Лекин мамлакат қамоқларидаги қийноқлар масаласи
хусусида бирор амалий чора кўрилмагани ва 2003 йилда БМТнинг қийноқлар
бўйича махсус маърузачиси Ўзбекистонда қийноқлар мунтазамлик тусини
олгани ҳақидаги хулосани баён қилганидан бери сезиларли ўзгаришлар рўй
бермагани таъкидланади. Бундан ташқари, Ўзбекистонда матбуот эркинлиги мутлақ
таъминланмагани ҳам алоҳида қайд этилади. Бунда АҚШ Давлат департаменти
ўтган йили Ўшда ўзбек журналисти Алишиер Соиповнинг ўлдирилиши ҳақидаги
Интернет хабарларини Тошкент режими тўсиб қўйганини мисол қилиб
келтирилади. Айрим таҳлилчилар, жумладан, ўзбекистонлик сиёсатшунос
Камолиддин Раббимов Давлат департаментининг бу йилги ҳисоботи
аввалгилари, айниқса, Вашингтон-Тошкент муносабатлари яхши бўлган
даврдаги ҳисоботлардан фарқ қилишини билдирмоқда. “Масалан, ўзбек-америка муносабатлари илиқ бўлган 2002 йилги
ҳисоботда Ўзбекистондаги воқеа ва ҳодисалар анчагина юмшатиброқ
кўрсатишга ҳаракат қилинган, ўша пайтда инсон ҳуқуқлари борасида
бўлаëтган силжишлар ҳақида гапирилган эди”,- дейди К.Раббимов.
“Амнести интернейшнл” ташкилоти тадқиқотчиси Мэйси Уайшердинг
ҳисоботнинг Ўзбекистон қисмида уни ташвишга солган ҳолатларнинг
аксарияти акс этганини таъкидлади. “Менинг бу йилги ҳисоботни аввалги йилларга солиштиришга
имкониятим бўлмади, лекин бу ҳисоботни ўқиб чиқдим ва бир нарсани аниқ
айтишим мумкин: “Амнести интернейшнл” ва бошқа халқаро инсон ҳуқуқлари
ташкилотлари кўп йиллар давомида ташвиш билдириб келган ҳолатлар ҳақида
холис фикрлар берилган. Ҳужжатда берилган маълумотлар аниқ ва
Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларига оид вазиятнинг аянчли эканини кўрсатиб
беради”,- деди М.Уайшердинг. Бу эса, таҳлилчилар фикрича, АҚШ президенти Жорж Буш
маъмуриятининг Ўзбекистон каби мустабид режимларга нисбатан юритган
муросачилик сиёсати хатоларини тузатишга уринишдир. “АҚШ Давлат департаменти ҳисоботларида авторитар давлатларга
сиëсий технология сифатида баҳо бериб, жуда кўп марта адашган ва
пушаймон бўлган. Шунинг учун ўйлайманки, объектив вазиятга баҳо бериш
АҚШни маълум муаммолардан қутқаради, холос. Буш маъмуриятининг
Ўзбекистон билан юритган сиëсати бутунлай парокандаликка учради. 2002
йилда Жорж Буш Каримовга: “Сиз бизнинг ҳақиқий дўстимиссиз”, деб айтган
эди. Бу сўз ўз тасдиғини топмагандан кейин Жорж Буш Ўзбекистонга
нисбатан кучли, очиқча босим ўтказишга ҳаракат қилмади”,- дейди
К.Раббимов. Охирги бир неча ой давомида Тошкент билан Вашингтон ўртасида
Андижон воқеаларидан кейин бузилган муносабатлар тикланаётган шароитда
муросачилик сиёсатини танқид сиёсатига ўзгартириш бу жараёнларга салбий
таъсир ўтказмайдими? Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Крейг Мюррей
Ўзбекистон ҳокимияти тепасида И.Каримов қолар экан, Вашингтон-Тошкент
муносабатлари йўналиши АҚШ Давлат департаментининг йиллик ҳисоботи ёки
бошқа ҳужжатларнинг холис ёки нохолислиги эмас, балки Каримовнинг
манфаатларидан келиб чиқиб ривожланишини айтади. “Ҳатто Андижон хунрезлигидан кейин ҳам америкаликлар Каримов
режимини кескин танқид қилмади. Улар шунчаки мустақил текширув
ўтказилиши кераклиги ҳақида юмшоқ оҳанглардаги баёнотлар билан
чекланди, холос. Шунга қарамай, Каримов уларни Хонободдан ҳайдаб
чиқарди. Бугун Америка Каримов учун Россиянинг ошиб бораётган таъсирига
муқобил куч ўлароқ керак. Америкаликлар анчадан бери Каримовнинг
кўнглини олишга ҳаракат қилиб келди, лекин Каримов бунга рози бўлгандан
кейингина ўртада илиқлашув пайдо бўлди. Шунинг учун Тошкент-Вашингтон
муносабатлари Каримовнинг раъйига қараб ривожланади”,- дейди собиқ элчи
|