Сешанба, 23.04.2024, 15:53
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Март » 11 » Исломда инсон ҳуқуқлари
23:48
Исломда инсон ҳуқуқлари

Исломда инсон ҳуқуқлари

(ёхуд хуррият)

Бугунги кунда ҳуррият, эркинлик маънолари, инсон ҳуқуқлари маъноси билан қоришиб кетган, бир-бирини ўрнига ҳам ишлатса бўладиган даражага етгандир.

Шу билан бирга ҳуррият маъносини ҳар ким ўз нуқтаи назаридан талқин қилиш одати ҳам йўқ эмас.
Баъзилар ҳуррият-ҳурлик деганда, қулчилик ва қулликнинг тескарисини тушунадилар. Бошқалар эса, ҳуррият деганда инсон кўнглига тушган нарсасини қилишини англайдилар.
Ҳоким табақалар ҳуррият деганда, ҳоким томонидан содир бўлган кўрсатмалар доирасидаги эркин ҳаракатни кўзда тутсалар, маҳкум табақалар айни нарсани зулм, маҳкумлар ҳурриятини чеклаш, деб ўйлайдилар.
Бунинг устига, луғавий ва истилоҳий маънолардан ташқари, ҳурриятни ҳис этиш, уни яшаш маъносида ҳам шахс билан шахс, жамият билан жамият ўртасида катта фарқлар бўлади.
Бугунги кунимиздан мисол келтирадиган бўлсак, ҳуррият ҳукм сураётган жамиятлардаги ҳур инсонлар, ўзларидан бошқаларни ҳатто, баъзи пайтларда ҳайвонларнинг ҳуррияти чекланишига чидай олмай норозилик намойишлари ўтказаётган бир пайтда, улар томонидан ҳимоя қилинаётган шахслар ўзларининг «ҳур диёрлари» ва «тўлиқ ҳурриятлари» ҳақида қўшиқлар айтиб, «ғаразгўй»ларнинг ўз ишларига аралашмаслигини талаб қилишларини ҳам кўрамиз.
Демак, қул бўлишлик бошқа, қулликни ҳис қилишлик бошқа нарса. Шу маъно ҳурриятга ҳам тегишли.
Ислом динида ҳам ҳурриятнинг ўзига хос луғавий, истилоҳий ва воқеъий маънолари бор.
Исломий халқлар луғатида ҳуррият-бузулмаганлик маъносини англатади. Ҳур инсон, дегани, яратилгандаги соф табиати бузулмаган инсон, деганидир.
Бу маъно Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ҳар бир туғилган инсон соф табиати ила туғилади», деган ҳадисларида ўз аксини топгандир.
Ислом назарида ҳар бир инсон онасидан соф табиат ила яъни, ҳур ҳолида туғилади. Фақат, кейинчалик турли омиллар таъсири ила бу соф табиат бузулиши, бошқача қилиб айтганда инсоннинг ҳурриятига футур етиши мумкин.
Инсоннинг соф табиатини бузувчи, унинг ҳурриятига футур етказувчи нарсалар эса турлича бўлиши мумкин. Мисол учун ўзига ўхшаган бир инсон мен сенинг хожангман, сен менинг қулимсан, хоҳласам сени сотаман, хоҳласам ишлатаман, дейиши мумкин.
Ёки бўлмаса ўзининг ҳайвоний ҳирсларини инсоний сифатларидан устун қўйиб шаҳватларига қул бўлиб қолиши мумкин. Бу ҳам соф инсоний табиатни бузишдир. Бу ҳам ҳурриятнинг чегараланиб, шаҳват кўрсатган йўлдан чиқа олмай қолишликдир. Инсонинг соф табиатини бузиб, уни ўзига қарашли қилиб оладиган ҳар бир нарса ҳақида юқоридаги гапларни айтишимиз мумкин. Инсон шу маънода молу-дунёнинг, урф-одатнинг, бирор фирқанинг, қандайдир мустабид ҳокимнинг қулига айланиши мумкин.
Исломда мазкур соф инсоний табиатни бузувчи барча омиллардан озод бўлган инсонни ҳур инсон, дейилади. Мусулмон инсон Аллоҳ уни яратгандаги соф табиатини сақлаган ҳолда, ҳур ҳолида, фақат ўзини яратган холиқи, Аллоҳ таологагина қуллик қилади, фақат ўша Зотнинг ёлғиз Ўзининг кўрсатмалари билангина яшайди. Аллоҳ таолога қуллик-бандалик қилиш эса, ҳурриятнинг олий чўққисидир. Чунки Аллоҳга, қуллик қилган инсон ўзига ўхшаган бошқа инсонга турли бут-санамларга, урф-одатларга, фирқаларга, молу дунёга, ҳавои нафсга, шаҳватга ва бошқа нарсаларга қулликдан озод бўлади. Аллоҳдан бошқадан қўрқмайди ҳам, Аллоҳдан бошқага бўйсунмайди ҳам, ҳурриятини топшириб қўймайди ҳам.
Ислом назарида ҳуррият инсон ҳаётидаги энг муҳим ва энг қимматли нарса ҳисобланади. Ҳуррият инсоннинг ҳаётдаги қуввати ва фаолиятининг асосий манбаъсидир. Ҳуррият инсон фидокорлиги ва ҳаётдаги курашининг сиридир. Ҳурриятига тажовуз қилинган, ҳурриятини оёқ-ости қилинган инсоннинг ҳам, жамиятнинг ҳам бахту-саодати бўлмайди.
Уламоларимиз ҳурриятни, «бир кишининг ўзи хоҳлаган ишини бошқаларга зарар етказмаган ҳолда қила олиши», деб таърифлайдилар.
Демак, кўнглига тушган ишни қилавериш ҳуррият эмас. Балки, бебошлик, тартибсизлик, ҳурриятни оёқ-ости қилиш ҳисобланади. Чунки, ҳеч бир инсон бу дунёда ёлғиз ўзи яшай олмайди. Инсон ўзига ўхшаш бошқа инсонлар билан бирга яшайди ва уларнинг ҳам ҳурриятлари борлигини унитмаслиги, риоя қилиши лозим.
Ислом назарида инсоннинг ҳуррияти худди унинг ҳаётидек муқаддасдир. Инсоннинг ҳуррияти доимо у билан бирга бўлади ва бардавомдир. Ҳеч кимнинг бошқа бировнинг ҳурриятига тажовуз қилишига ҳаққи йўқдир.
Бу борада, Ислом давлатининг иккинчи халифаси Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг бошқа диндаги кишиларга ўғли паст назар билан қараган Миср волийси Амр ибн Осс розияллоҳу анҳуга койиш ила:
«Оналари ҳур қилиб туққан одамларни қачондан буён қул қилиб олдингиз?!» - деган хитоби асосий қоидалардан биридир.
Ҳамма инсон онасидан ҳур ҳолида туғилади, унинг бошқа диндалиги ёки ҳоким табақадан бўлмаслиги ёхуд яна қандайдир бошқа омил туфайли ҳурриятига тажовуз қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Исломда инсоннинг ҳуррияти ҳар томонлама ҳимоя қилинади. Ҳурриятнинг чегараси эса, ҳокимлар томонидан эмас, Аллоҳ таоло томонидан белгиланади. Яъни, якка шахснинг ҳуррияти жамоатчиликнинг ҳурриятига зарар бермайдиган ёки аксинча бўлмайдиган қилиб, шунингдек, ҳуррият бебошликка айланиб кетмайдиган қилиб, ҳамма нарсани билувчи, ҳамма нарсанинг тадбирини қилувчи, Ҳакийму Хабийр Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳуррият нима эканини баён қилиб бергандир.
Исломда бошқа ҳақ-ҳуқуқлар қатори ҳуррият ҳаққи ҳам қуруқ фалсафа бўлиб ёки қоғозда ёзиб қўйилган ҳолида қолиб кетмаган, балки ҳаммаси амалда татбиқ қилинган.
Ислом дини инсониятни тўлиқ маънода ҳур қилиш учун Аллоҳ томонидан юборилган дин ўлароқ, ўзининг биринчи кунидан бошлаб ҳурриятга даъват қилишни бошлаган.
Биринчи бўлиб, Ислом одамларни бут ва санамларга қулликдан озод қилишдан иш бошлади. Кишилар ўзларини тош, ёғоч ёки лойдан ясалган буту санамларга қул деб билар, уларга ибодат қилар ва уларнинг розилигини топишга уринар эдилар. Ислом инсон ўзи қўли билан ясаган бутга ўзи қул бўлиши ақлга ҳам, мантиққа ҳам тўғри келмаслигини, бу инсоният учун ор эканини қайта-қайта баён қилди.
Қуръони каримда бу маънода оятлар жуда кўп, биргина мисол келтирайлик?
«Саффот» сураси бутпарастларга хитоб қилиниб: «Ўзингиз йўниб ишлаган нарсага ибодат қиласизми?»-дейилади. (95-оят).
-Шунингдек, Ислом инсоннинг қуёш, ой каби табиатдаги нарсаларга қул бўлиши, уларга бандалик қилишини бекор қилди.
Қуръони каримда Иброҳим алайҳиссалом одамларга амалий дарс бериш учун аввал қуёшни, кейин ойни илоҳ, деб иккиси ҳам ботиб кетганидан кйин, ботиб кетувчи Робб бўла олмайди, мен оламларнинг Роббисига ибодат қиламан, деганлари, ажойиб услуб ила баён этилади.
Иброҳим алайҳиссалом қиссаларида бу нарса муфассал баён қилинган.
-Баъзи ҳайвонларни илоҳ қилиб олиб, унга ўзини қул, деб билиб юрган одамлар ҳам бу қулликдан озод қилиндилар.
Бани Исроилнинг бузоқни илоҳ қилиб олганлари учун гуноҳкор бўлганликлари ҳақидаги оятлар анчагина бор.
-Исломда ҳавойи нафснинг бандаси бўлиш, унинг қули бўлиб, нимани айтса шуни қилиб ҳурриятини йўқотиш ҳам танқид қилиниб, инсонни бу қулликдан ҳам озод қилинган.
Аллоҳ таоло «Фурқон» сурасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб: «Айтчи, ҳавои нафсини илоҳ қилиб олган кимсага сен вакил бўласанми?»-деган. (43 оят)
Исломда молу-мулкка қул бўлиб қолиш ҳам инсон ҳурриятини чеклайдиган нарса, деб қаралади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Динорнинг қули бадбахт бўлди ва дирҳамнинг қули бадбахт бўлди», деганлар.
Ислом бу қулликдан ҳам одамларни озод қилган. Дунёда инсон молу-дунё тўплаш учун, унинг қули бўлиб, молу-дунё нимани талаб қилса шуни қилиш учун эмас, балки молу-дунёни ўз фойдасига Аллоҳ кўрсатганидек ҳалол пок равишда ишлатиш кераклигини тушунтирилади.
Ва ниҳоят инсонлар ўзларига ўхшаган бошқа инсонларга маънавий қул бўлишни, уларнинг айтганини қилиб, ўз эрки билан яшай олмасликни бекор қилинган.
Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида бундоқ кишиларни: «Аллоҳни қўйиб роҳиблари ва диний олимларини Робб қилиб олганлар»-деб васф қилади.
Ушбу оят нозил бўлганидан кейин асли насроний динидан бўлган Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳу, «Эй Аллоҳнинг Расули, улар роҳиб ва диний олимларига ибодат қилмайдилар-ку?» деганида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалол деганларини ҳалол, ҳаром деганларини ҳаром биладиларми?-деганлар. Адий розияллоҳу анҳу: «Ҳа»-деганларида, ана шу уларни Робб қилиб олишидир, деганлар.
Бу ҳам бировга қарам бўлишлик, Аллоҳдан бошқага бўйинсунишликнинг бир кўринишидир.
Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб қуйидагиларни айтади: «Эй аҳли китоблар, биз билан сизнинг орангиздаги тенг бир калимага келинглар. Аллоҳдан бошқага ибодат қилмаслигимизга, Унга ҳеч нарсани ширк келтирмаслигимизга ва баъзимиз баъзимизни Робб қилиб олмаслигимизга, деб айтгин». (64 оят)
Демак, инсон фақат Аллоҳгагина бўйсиниши керак, ана шундоқ инсонгина ҳақиқий ҳурриятга эришган инсон бўлади.
Мусулмонлар мазкур том маънодаги ҳурриятларни англаб етиб, ўз ҳаётларида татбиқ қилиб бўлганларидан кейин, ҳозирги вақтдаги инсон ҳуқуқлари ҳомийси бўлаётган халқларга ўхшаб, ўзлари баҳраманд бўлган ҳурриятни бошқа халқларга ҳам тарқатишга ўтдилар. Бу ҳаракатни ҳамма ҳар хил ном билан номлайди. Баъзилар босқинчилик, бошқалар бойлик тўплаш, учинчилар яна бошқа ном билан атайдилар. Лекин, инсоф билан ўша ҳаракатни ўрганиб чиқилса, бу гаплар қуруқ даъво экани маълум бўлади.
Мусулмонлар ўзлари борган юртларнинг бойликларини ташиб кетмаганлар, бошқа босқинчилар қиладиган тасарруфотларни ҳам қилмаганлар. Ҳамма, келишув асосида мусулмонларга қарши уруш қилмасалар, ўз моли мулкига эга бўлган ҳолида, ўз динида, ўз амалида қолган. Мусулмонларнинг ўзлари ўша вақтдаги бу ҳаракатларни фатҳ, яъни «очиш», деб атаганлар. Буни, ҳуррият йўлини очиш, десак хато қилмаган бўламиз. Чунки, ўша мусулмонлар қаерга борсалар энг аввал ўша ер аҳолисига, мусулмон бўлсангиз, саломат бўласиз, хоҳламасангиз шартнома тузайлик ўз динингизда қоласиз, агар урушни хоҳласангиз унга ҳам тайёрмиз, дейишган. Ҳамда шунга амал қилишган.
Бу ҳолат ҳозирги кунимиз одамларига ғалати туюлиши мумкин. Бу-ўша вақт одамларига ҳам ғалати туюлган. Мусулмон фотиҳлардан бу ҳақда сўрашган ҳам. Сизлар нима учун келдингиз? деган саволга улар:
«Аллоҳ бизларни одамларни бандаларга қуллик қилишдан, бандаларнинг Роббисига қуллик қилишга, динларниннг жавридан Исломнинг адолатига, дунёнинг торлигидан охиратнинг кенглигига чиқаришимиз учун юборди», деганлар.
Ҳа, уларнинг шиори бу дунёда банда бандага қул бўлмасин, ҳамма Аллоҳга қул бўлсин, жавр-зулм бўлмасин, адолат бўлсин, торлик бўлмасин, кенглик бўлсин, деган шиор бўлган.
Биз мусулмонларга, ҳозирги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқ ва давлатларнинг шу ҳуқуқларни бузувчиларга қарши кўраётган чоралари янгилик эмас. Лекин, чора билан чоранинг орасида фарқ борлиги ҳам маълум.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳамад Юсуф

Просмотров: 1036 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей