АҚШ қўшинлари яна Ўзбекистонга киритиладиРасмий Тошкент Америка Қўшма Штатларига Ўзбекистондаги
ҳарбий иншоотлардан яна фойдаланишга рухсат бериш ниятини билдирган. У
2005 йили АҚШ қўшинларини базадан чиқариб юборганди.
НАТО элчиси Роберт Симмонснинг Москвадаги баёноти Кремлнинг ғазабини қўзғаши мумкин / Фотосурат © Би-би-си
Москвада ўтган матбуот анжуманида "Би-би-си" Ўзбек хизмати
мухбирининг саволига жавоб берар экан, НАТОнинг Қофқоз ва Марказий Осиё
бўйича махсус элчиси Роберт Симмонс Ўзбекистон Олмония қўшинлари
жойлашган Термез яқинидаги Кўкайди ҳарбий базасидан АҚШ аскарларининг
фойдаланишига ҳам рухсат бериш ниятини билдирганини айтди.
"Менинг
тушунишимча, Ўзбекистон Олмониядан ташқари бошқа НАТО аъзо давлатларига
ҳам Ўзбекистондаги ҳарбий иншоотлардан фойдаланишга рухсат бермоқчи.
Шундай экан, бошқа НАТО давлатлари, жумладан АҚШ ҳам энди
Ўзбекистондаги базадан яна фойдаланмоқда", - деб айтди НАТО элчиси.
Ғарбда
ўз инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазияти туфайли қаттиқ танқидлар нишони
бўлган Ўзбекистон ҳукумати АҚШ қўшинлари билан боғлиқ янги мавқеи
борасида бирор расмий баёнот қилмаган.
Ўзбекистон 2005 йил
Андижон воқеалари ортидан АҚШ қўшинларини Афғонистондаги ҳарбий
амалиётлар учун ишлатилган Хонобод базасидан чиқариб юборди, бироқ
Олмония қўшинлари мамлакатдаги ҳарбий иншоотлардан фойдаланишда давом
этди.
Жаноб Симмонсга кўра, охирги даврда Ўзбекистон НАТО аъзо
мамлакатлари билан инсон ҳуқуқлари борасидаги мунозараларда учрашиб
келди, ҳамда НАТО билан Тинчлик Учун Шериклик дастури доирасида
Брюсселдаги мажлисларга қатнашди.
АҚШ Хонободдаги ўзининг К2 номли базасига 2001 йилда Афғонистондаги амалиётларига кўмак сифатида асос солганди.
Манба: ББС
|