Чақирувда ҳам таъмагирлик бор
Меҳрибон
Ўзбекистонда ҳарбий хизмат ёшидаги
йигитлар учун баҳорги чақирув эълон қилинди. Айни пайтда армияга бориш истагида
бўлганлар ҳам, ҳарбий хизматдан қолишни хоҳлаётганлар ҳам ҳаракатга тушиб
қолган.
Ўзбекистон қонунларига кўра,
ҳарбий хизматнинг муддатли, сафарбарлик чақируви ва шартнома асосидаги турлари
жорий этилган.
Муддатли ҳарбий хизмат 9 ой ва бир
йиллик бўлиб, кейинги пайтда ҳарбий хизматнинг бу турига йигитлар орасида
қизиқиш кучаяётгани кузатилади. Чунки ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлаш учун
айнан муддатли ҳарбий хизматни ўташ шарт бўлиб, ўзбек йигитлари орасида бу
соҳада ишлашга иштиёқ ошиб боряпти.
“Ҳозир кўпгина давлат
корхоналарига армияда хизмат қилмаган бўлса, ишга олишмаяпти. Армияда хизмат
қилгандан хизмат қилмаган одамнинг даражаси паст турар экан. Шунинг учун ҳозир
кўпинча ëш йигитлар армияга боришга мажбур бўляпти”,- дейди Шерзод исмли йигит.
Лекин
армияга боришни орзу қилган барча йигитлар ҳам ўз орзуларига эриша олмаслиги
мумкин. Чунки ҳарбий чақириқ пайтида
таъмагирлик ва порахўрлик авж олишини айтади ўттиз йил ҳарбий соҳада ишлаган,
ҳозирда истеъфодаги полковник Рустам
ака.
“Менимча, 30-40 фоиз ёшлар бу муаммони шу йўл билан ҳал қилса керак.
Армияга чақирилувчи йигитга қўйиладиган талаблар бор. Масалан, соғлиғи,
билимдонлиги, оғирлиги, бўйининг баландлиги ҳисобга олинади. Шунақа вазият
бўлиб қоладики, армияга чақирилувчи йигитнинг оғирлиги тўғри келмай қолади.
Оғирлик талаб қилинган нормадан паст бўлгани учун пул берилади. Баъзи нопок
ҳарбий ходимлар таъмагирлик мақсадида айримларнинг ҳарбий хизматга боришини
турли баҳоналар билан рад этади. Мақсад эса пора ундириш”,- дейди Рустам ака.
Айрим
йигитларнинг муддатли ҳизматга бориш учун берган пуллари кимнингдир чўнтагига
кетса, сафарбарлик чақирув резервидаги хизмат учун давлат ҳисобига ҳақ тўлаш
лозим бўлади.
Энг
кам иш ҳақининг 25 барабари миқдорида ҳақ тўлангач, бир ой хизмат қилиб, ҳарбий
гувоҳнома олиш мумкин бўлади.
Ўзбекистонда
энг кам ойлик 18 630 сўм бўлиб, унинг 25 баробари тахминан 380 АҚШ долларига
тенг. Айни маблағни тўлашга эса барчанинг ҳам имкони етмаслиги маълум.
Истеъфодаги
полковник Рустам ака фикрича, пул тўлабми ёки тўламайми, армия сафида ҳизмат
қилишга эришган йигит учун ўзбек армиясида барча шароитлар ҳам мавжуд эмас.
“Армияда
аскарнинг кийим-кечаги борми, озиқ-овқати борми, улар ишлатадиган техниканинг
ëқилғи-мойлаш материаллари борми - ҳаммаси ўзлаштирилади, талон-тарож қилинади.
Натижада аскарлар етарли озиқ-овқат истеъмол қила олмайди. Ҳарбий техника
жанговор машқларга чиқиш ўрнига туриб қолади. Аскарлар йиртиқ-ямоқ эски кийимда
юради”,-
деди Рустам ака.
Унинг
сўзларига кўра, бугун армияда бир йил хизмат қилган йигит ҳам ҳамма қисмларда
ҳақиқий ҳарбий кўникма ололмайди. Шунга қарамай, ўрнак қилиб кўрсатса арзийдиган
қисмлар бор. Лекин аксарияти етарли билим беришга қодир эмас. Номига машғулот
ўтказади.
Айни ҳолатлардан хабардор бўлган
20 ёшли Тўрабек Сано ўзбек армияси сафида хизмат қилиш ниятида эмас.
“Мен армияга боришни умуман
истамас эдим. Чунки ҳарбий хизматга борган йигитлар, албатта, юқорининг
буйруғига тўлиқ амал қилишга мажбурланади. Уларнинг онгига шу нарса
сингдириладики, қандай буйруқ бўлишидан қатъи назар, уни амалга ошириш керак.
Гарчи у инсонга қарши жиноят бўлса ҳам. Андижонда ўз ҳаққини талаб қилиб чиққан
халқимизни отганлар ҳам ҳарбийлар эди”,- дейди Тўрабек Сано.
|