Жума, 26.04.2024, 07:29
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Март » 5 » БИЛДИРИШHОМА
18:48
БИЛДИРИШHОМА
Ўзбекистон Инсон Хуқуқлари Жамиятининг
БИЛДИРИШHОМАСИ
 
4 март 2008 й.
Адолат ва одил суд бўлмаган шароитда
давлат қароқчилар тўдасига айланади
(Августин Аврелий)
 
“Ўзбекистон суд системасида тубдан узгаришлар руй бермокда” (Ўзбекистон 
Олий суди судьяси Дилбар Суюнованинг халкаро конференцияда сузлаган нутқидан;
июль2007й., Вена)
 
Гайриқонуний жиноий ишлар қўзғаш ва судлаш воситаси билан Ўзбекистон ҳуқумати
томонидан ЎИХЖ вакилларини ватанни тарк этишга мажбур қилиш давом этмоқда.
Ватанни ЎИХЖнинг навбатдаги аъзоси, ташкилотнинг Корақалпоғистон Республикаси
бўлими раиси Турсунбой Ўтамуратов ташлаб кетишга мажбур бўлган. Бизга унинг
қуйида эълон этилаётган хати етиб келди.
 
Ўзбекистонда ҳуқуқни ҳимоя қилувчи милиция, прокуратура ва суд органлари оғир
касалликка учраган. Бу системалар ҳозирги пайтда шундай ахволдаки, улар ҳеч
бир даволаш йўлини қабул қилмайдилар. Буни ўз бошимдан 13 йилдан бери ўтган
можаролар, воқеалар мисолида асослаб беришга ҳаракатқиламан.
1996 йил март ойида Қорақалпоғистон Республикаси,Амударё тумани ҳокимининг
 60-сонли қарори чиқди. Қарорда айрим фермерларнинг ердан нотўғри
фойдаланганлиги, режани муттасил бажармай келаётганликлари, давлатга бир
сўм ҳам фойда келтирмаганликлари, ҳосилни ўз фойдасига ўзлаштирганликлари
учун улардан ерни олиб қўйишлик, келтирилган зарарларни ундириш, жиноят
содир қилганликлари учун жавобгарликка тортиш кўрсатилган эди. Бу қарор
рўйхатида туман прокурори Гулора Бобожонованинг фермер хўжалиги ҳам бўлиб,
фермер хўжалик унинг қайнотаси Қўзибой Рўзиметовнинг номига расмийлаштирилган
бўлан. Фермер хўжалиги уч йил давомида давлатга бир сўм ҳам фойда келтирмаган,
ердан олинган ҳосил (шоли) нинг пули прокурорнинг киссасига тушаверган.
Прокурорга тегишли ерда 1995 йилда 72 тонна шоли ҳосили етиштирилиб,
давлатга бир кг ҳам шоли топширилмасдан, барчаси прокурор томондан
ўзлаштирилган. Прокурорнинг эри, милиция майори Баҳром Рўзиметов мендан
 йўлини қилиб, фермер хўжалиги режасини бажаришига ёрдам беришимни, яъни
 бошқа фермерлардан ўзининг фермер хўжалиги ҳисобига ҳосил топширишни
талаб қила бошлади. Мен буни рад қилиб, иложи - уйидаги шоли ҳосилининг
 ярмини давлатга топшириши лозим эканлигини айтдим. Ҳоким қарори қонуний
кучга кирди, иложсиз қолган прокурор ҳоким қарорини асоссиз деб протест
киритди. Ҳоким қарори аракатдан тўхтатилиб, судга оширилди.
Мен туман ҳокимлигида ишлаганим ва фермерлар фаолиятини текшираётган комиссия
раиси бўлганим сабабли ҳокимлик номидан судда қатнашдим, карши тараф эса
туман прокуратураси бўлди. 1996 йил 9 сентябрь куни суд процесси ўтказилиб,
 ҳокимлик чиқарган қарор қонуний деб топилди. Шундан олти кун ўтгач, яъни
1996 йил 15 сентябрь куни туман прокуратураси “ҳокимият вакилига қаршилик
кўрсатди”, “безорилик қилди”, “милиция ходимининг погонини юлди, кўйлагини
йиртди”,деган сохта айблар билан устимдан жиноят иши очди. Бунда суруштирувчи,
гувоҳ бўлиб прокурорнинг эри, судда эса айбловчи бўлиб Гулора Бобожонованинг
ўзи, унинг терговчиси ва ёрдамчилари, ўнга яқин милиция ходимлари гувоҳ,
милиция идорасига тегишли уч ходим холис сифатида қатнашди.
Мени тергов жараёнида адвокат билан таъминлашмади, тергов ва суд процессини
ўтказиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг (ЎзР ЖК) 277-моддаси
3-қисмининг “г” банди билан айбли деб топиб, 5 йилга озодликдан маҳрум
қилишди. 1998 йилда амнистия туфайли озодликка чиқдим. 1999 йилда ЎзР Бош
прокурори қабулига кириб, ариза ва тегишли ҳужжатларни топширдим, Бош
прокурор киритган протест асосида эса 1999 йил август ойида ЎзР Олий суди
томонидан менга нисбатан чиқарилган барча ҳукмлар бекор қилинди. Хайрият,
адолат қарор топди, деб жуда қувондим. Афсуски, қувончим узоққа чўзилмади.
Қонун талаби бўйича бу ишда ўнга яқин милиция ходимлари, туман прокурори ва
унинг тўртта ходими, туман суди раиси, вилоят прокурори ва вилоят судидан
саккизта ходим, ҳамда Ўзбекистон Олий суди раиси У.Мингбоев жазога тортилиши
 шарт эди. Орган ходимлари бунинг осон ва қулай йўлини топиб, мени олдинги,
жазони ўтаб келган ишим бўйича яна қамашни маъқул кўришди. 2000 йил 12
октябрь куни мени иккинчи марта айбли деб топиб, 3 йил қамоқ жазосига хукм
қилишди. Дунёнинг ҳеч қаерида, хусусан Ўзбекистонда ҳам, бир жиноятга
жиноят содир қилинган ҳолда ҳам) икки маротаба азолаш қонунда йўқ. 2001
йилдан бошлаб Ўзбекистон Инсон Хуқуқлари Жамияти (ЎИХЖ) га аъзо бўлдим ва
бу ташкилотнинг Қоракалпоғистон Республика бўлимини туздим. Ташкилотимиз
(хусусан менинг ўзим ҳам) фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсата бошлади. 2002
йил 4 сентябрь куни мени мутлақо асоссиз ЎзР ЖКнинг 189-моддаси билан
айблаб яна қамоққа олишди. Дастлабки терговда бу айблар исботини
топмаганлиги сабабли яна қўшимча айблар қўшишиб, тўҳмат қилишиб, менга
қўйилган моддалар сонини еттитага етказишди, яъни “савдо қоидасини бузиш”,
“милиция ходимларини уриб тан жарохати етказиш”, “фирибгарлик” сингари
айблар билан 9 йилга озодликдан маҳрум қилишди. Апелляция шикояти Тошкентда
кўрилиб, 9 йилни 4 йилга туширишди, бешта модда бўйича айблар олиб ташланди.
Бу берилган жазони ҳам ўтадим ва 2003 йил 4 октябрда озодликка чиқдим. Бу
жазога тортилшимда ҳам ўнга яқин милиция ходимлари гувоҳлик беришди.
2007 йил фуқаро Камол Абдуллаевнинг илтимосига кўра нотариус тасдиқлаган
ишончнома бўйича унинг жиноий ишида химоячи сифатида қатнаша бошлаганимдан
сўнг, ўзларининг жиноятлари очилиб қолишидан қўрқиб, яна тўхмат уюштириб,
туман прокуратураси асоссиз равишда мени қамоққа олди. Қўйган айблари яна
ўшалар: гўёки тўртта милиция ходимини уриб тан жароҳати етказибман,
биттасининг погонини юлибман, жиноий ишда қонуний ҳимоячи бўлсамда,
ўша иш тергов ишига аралашибман, ҳамда милиция ходимларига фаол қаршилик
кўрсатиб безорилик жиноятини содир қилибман. Шу айблар билан 97 кун қамоқда
ўтирдим. Тошкентдан “Мазлум” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Аъзам Тургунов ва
адвокат Қорабоев Валижонлар келишиб, ишимда ҳимоячи бўлиб қатнашиб, менга
қўйилган бешта моддадан учтаси асоссиз, деб олиб ташланишига эришишди,
қолган иккита модда 2-қисмдан 1-қисмга ўзгартирилди, холос. Суд жиддий
қонунбузарлик билан, менинг 97 кун қамоқда ўтирганимни ҳисобга олмасдан,
ЎзР ЖКнинг 219-моддасининг 1-қисми ва 236-моддасининг 1-қисми билан айбли,
деб топиб, минимал ойликнинг 300 баробари миқдорида жарима солиш билан ҳукм
чиқарди, апелляция суди эса ҳукмни ўз кучида қолдирди. Апелляция суди ҳам
бу қонунбузарликлар олдини олмасдан ўзи ҳам жиддий қонунбузарлик қилди.
Апелляция судида раислик қилган А.Раззоқова менинг олдинги ишларимда судья
сифатида қатнашган, унинг чиқарган ажрими ЎзР Олий судида 1999 йилда бекор
бўлган эди.2007 йил 6 ноябрда ҳимоячилар томонидан назорат тартибида
Қорақалпоғистон жиноят ишлар бўйича Олий суди раиси номига асослантирилган
ариза топширилди. Бизга мазкур суд раиси имзоси билан ишни кўриб чиқиш учун
Одилов деган судьяга топширилгани тўгрисида ёзма билдиришнома юборилди.
45 кундан кейин эса. Раззокова томонидан “аризани Ўзбекистон Олий судига
топширинглар”, деган мазмунда билдиришнома келди. Қонун талаби бўйича
А.Раззоқова умуман жавоб беришга ҳақли эмас эди. Аризани ҳимоячилар тегишли
иловалар билан бирга Ўзбекистон Олий судининг жиноят ишлар бўйича суд
ҳайъати раиси Дилбар Суюновага шахсан топширишди. Тахминан 15 кунлардан
кейин “бу химоячилар аризани топширишга ҳақли эмас”, деган даъво билан Олий
суд аризани кўриб чиқишни кечга қолдирди. Мендан яна янгидан, 2008 йил
23 февралда, ишончнома олинди, Олий суд ҳимоячиларга берилган дастлабки
ишончнома муддати 2010 йилгача эканлигини эътиборга олмади. Дилбар Суюнова
менинг 2000 йилдаги судимда қатнашган ва ғайриқонуний ажрим чиқарган эди.
Унинг ғайриқонунийлигига асос шундан иборатки, менинг бир жиноят учун жазони
ўтаб келган бўлишимга қарамай шу жиноят учун иккинчи маротаба жазо берган
ва, демак, бу қарорни менга нисбатан гаразгўйлик билан чиқарган.Кейинги
воқеаларнинг ривожи шундай бўлганки,менга қарши жиноят иши қўзғатган Амударё
туман прокуратураси қошидаги иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти
бошлиғи Ж.Султонов ишдан олинган, мени тергов қилган С.Булатов ишдан
кетказилиб, устидан жиноят иши қўзғатилган, бироқ судья А.Раззоқова эса
мансаб пиллапоясида юқорига кўтарилган, яъни жиноят ишлари бўйича
Қорақолпоғистон Республикаси Олий суди раиси вазифасини бажарувчиси бўлган.
Агар мен оқланиб кетсам, у ҳолда юқорида номлари кўрсатилган орган ходимлари
ишдан бўшатилиб, жавобгарликка тортилиши лозим эди. Шуларга кўра орган
ходимлари устимдан тўхмат ва бўхтон уюштириб, яна жиноят иши қўзғатишди.
Менга, энди яна қамоққа олишса, мени ўлдириб юбориш мулжалланаётгани
ҳақидаги маълумот етиб келди. Мен бу маълумотни қаердан олганимни хавфсизлик
нуқтаи назаридан ҳозирча айта олмайман. Шу сабабли, ватанни тарк этишга
мажбур бўлдим. Орган ходимларининг уюштириб, онгли фуқароларни қамаб йўқ
қилишлари уларга теккан оғир касалликнинг бир кўринишидир.
Бу касаллик даъвоси ҳозирча кўринмаётир.Турсунбой Ўтамуратов
29.02.08
 
ЎИХЖдан:
 
Юқорида изҳор этилган воқеаларнинг бир қисми ҳурматли Дилбар опанинг 
демократик Австрия пойтахти Вена шаҳрида сўзлаган оташин нутқидан кейин
содир бўлган ва давоми ҳозирги кунда ҳам давом этмоқда. Биз ҳуқуқбонларнинг,
хусусан менинг ҳам, кўзимиз нақадар кўр эканлигини энди сездик. Қаранг, хом
сут эмган бандамиз-да, мен ҳурматли Дилбар опадан кейин сўз олиб: “Тубдан
айниган системада тубдан ўзгаришлар қилиб бўлмайди!” деб юборибман. Хурматли
Дилбар опанинг гаплари ғирт ҳақиқатнинг ўзи эканини сезмабман ҳам! Балли,
Дилбар опа! Офарин! Дилбар опа юқори малакали юрист, рус тилини беқайчи
қияди, Қорақалпоғистон Олий суди жиноий ишлар бўйича суд ҳайъати раиси
вазифасини бажарувчи саводсиз А.Раззоқова ёки жиноий ишлар бўйича Янгиер
шаҳар судининг собиқ раиси, А.Раззоқоваданда саводсизроқ, Эркин Хидирбоевлар
билан таққослаганда Дилбар опа бу иккисидан осмон билан ерча фарқ қиладилар.
ЎИХЖнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раиси Т.Ўтамуратовнинг хатини 
эълон қилар эканмиз, Дилбар опанинг гапини Венада тушунмаганимизни яна бир
марта тан оламан. Мен Дилбар опа Венада, Австрия-Венгрия қиролларининг
Хофбург номли саройининг баҳайбат конференц-залида, юзлаб халқаро ташкилотлар
ва давлат делегациялари қаршисида нутқ сўзлаётганини эътиборга олмай, бу
инсонга қарши гапирворибман. Мен ўша пайтда: “Устози ким?” деган савол
устида ўйлаб ҳам кўрмабман. Ўзбекистоннинг барча прокурорлари,
эС-эН-Бэчилари, миршаблари ва судьяларининг 18 йиллик устози И.Каримов
экани ўша пайтда ўю-ҳаёлимга келмабди. Устоз халқаро ташкилотлар ва
демократик давлатлар раҳбарлари олдида нимани гапирса, мамлакатида унинг
тамоман тескарисини қилишини унутибман. Дилбар опа мактабда ҳам, олий ўқув
юртида ҳам яхши, эътиқодли ўқувчи бўлган дейишади.
Хозирда ҳам шу эътиқодда қолганлари яққол кўриниб турибди.
 Толиб Ёқубов
 ЎИХЖ раиси
 Франция


Просмотров: 923 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей