Сешанба, 16.04.2024, 11:47
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Феврал » 29 » Ҳукумат миграция муаммоларини тан олган кўринади
22:24
Ҳукумат миграция муаммоларини тан олган кўринади
Ҳукумат миграция муаммоларини тан олган кўринади

Меҳрибон

Ўзбекистон ҳукумати ниҳоят мамлакатда миграция муаммолари борлигини тан олган кўринади. Ҳукумат нуқтаи назарини ифодаловчи “Press-uz.info” сайти айни пайтда “Аҳоли миграцияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама этилаётганини хабар қилди.

Кейинги пайтда юзлаб ўзбек мардикорлари мушкул вазиятларга тушиб қолаётгани, уларнинг қул қилиб ишлатилаётгани ҳеч кимга сир бўлмай қолди.

Янги қонун айни муаммоларнинг ҳал бўлишига кўмак бера оладими?

Ҳозир муҳожиратда яшаётган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Муҳиддин Қурбонов расмий Тошкентнинг миграция муаммосига эътибор қаратишининг сабаби кейинги пайтда халқаро жамоатчиликнинг Ўзбекистонга нисбатан босими кучайганида, деб ҳисоблайди.

“Ўзбекистон ҳукумати раҳбарлари мигрантлар масаласини ҳозир ҳал қилишга мажбур бўляпти. Халқаро ташкилотлар, дунë жамоатчилигининг ва жойларда бўлаëтган норозилик чиқишларининг бунда ўз ҳиссаси бор”,- деди М.Қурбонов.

Ўзбекистон ҳукумати шу пайтгача миграция борасида муаммолар мавжудлиги тан олмаётганди.

“Пресс-ўз.инфо” сайтининг ёзишича, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги кириш, чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи, полковник Миржалол Каримов ноқонуний мигрантлар мушкул вазиятларга тушиб қолаётгани, қуллик ва жинсий эксплутацияга жалб қилинаётгани ва вазиятнинг жиддийлиги ҳақида гапирган. Эндиликда ҳукумат хорижга меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун кетаётган фуқароларнинг ижтимоий, ҳуқуқий ҳимояси учун, асосийси, миграция жараёнини тартибга солиш учун бир қатор тадбирлар ишлаб чиққан.

Энг муҳими, айни пайтда “Аҳоли миграцияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланиб, муҳокама қилинмоқда экан.

Миграция муаммоси билан шуғулланувчи Қозоғистондаги “Сана сезим” ташкилоти раҳбари Хадича Абишова Ўзбекистон ҳукуматининг бу ҳаракатини таҳсинга лойиқ, деб баҳолайди.

“Ўзбекистон шу пайтгача миграция мавжудлигини, ўзбекистонликларнинг қўшни давлатларга мардикорликка чиқаётганини тан олмаётганди. Буни тан олиб, бу борада тадбирлар амалга ошираётгани яхши. Эндиликда миграция жараёнини тартибга солиш имкони пайдо бўлади. Мигрантлар ҳуқуқлари борасида маълумот бериш жуда муҳим. Чунки пул ишлашга келаётган муҳожирлар ўзларининг ҳуқуқларидан мутлақо бехабардир. Бу ҳолат эса одам савдосининг ривожланишига олиб келаётганди. Агар Ўзбекистон ҳукумати хорижга чиқаётган фуқароларига ҳуқуқий ёрдам берса, бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мумкин”,- дейди Хадича Абишова.

Россиядаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти фаоли Баҳром Ҳамроев эса Ўзбекистонда миграция тўғрисида қонун қабул қилингани билан меҳнат муҳожирларининг муаммолари ҳал бўлмаслигини таъкидлади.

“Бу билан ҳеч нарса ўзгармайди. Чунки Россиянинг ўзида ҳозир иммигрантлар сонини қисқартириш мақсадида жуда кўп давлат идоралари, иммиграцияга оид ҳар хил ташкилотлар муаммоларни кўтариб чиқяпти”,- деди Б.Ҳамроев.

Муҳиддин Қурбонов эса Ўзбекистоннинг бугунги шароитида қонунларнинг амалдаги ижроси йўқлиги боис, миграция тўғрисидаги қонун ҳам фақат қоғозда қолиши мумкинлигини айтади.

“Халққа иқтисодий эркинлик бериш йўли билангина миграция масалалари анча енгиллашиши мумкин. Шахсий мулкчиликни ривожлантириб, давлат аралашмаса, Ўзбекистон секин-оëққа туриши мумкин. Ўзбекистонда мигрантлар масаласини ҳал қилишнинг бошқа йўли йўқ”,- дейди М.Қурбонов.

Ўзбек мухолифати фаолларидан бири Тўрабек Сано фикрича, миграция муаммоларини ҳал қилиш учун, аввало Ўзбекистон ичкарисида ишсизликка барҳам бериш керак.

“Мигрантлар муаммосини ҳал этиш учун Ўзбекистонда иш ўринлари яратиш керак. Бунинг эса умуман имкони йўқ. Амалдаги ҳукумат, амалдаги режим бунга қодир эмас. Бунақа қонунлардан 10 таси қабул қилинадими, 20 тасими, барибир мигрантларнинг аҳволи оғирлигича қолаверади. Бу ҳеч нарсани ҳал этмайди”,- деди Тўрабек Сано.

“Пресс-ўз.инфо” сайти хабарига кўра, миграция муаммоларининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва маҳаллий ҳокимликлар, шунингдек, Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги билан ҳамкорликда бир қатор тадбирлар режалаштирган. Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот органлари жамоатчилик билан биргаликда аҳоли ўртасида миграция бўйича тушунтириш ишларини бошлаб юборган.

Mанба:www.ozodlik.org/ 


Просмотров: 971 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей