Пайшанба, 25.04.2024, 13:19
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Феврал » 28 » Ўзбекистонда хокимлар, милиция, прокурорлар қамалиши керак
21:58
Ўзбекистонда хокимлар, милиция, прокурорлар қамалиши керак

b_110_90_16777215_0__stories_dunyoda_image001.jpgЎзбекистонда хокимлар, милиция, прокурорлар қамалиши керак

Холмухаммад, Тошкент.

Андижон воқеалари баҳонасида Ўзбекистон хукумати том маънода хур фикрлик барча инсонларга нисбатан қақшатгич уруш элон қилдиким, натижада кўплаб мустақил журналистлар, хуқуқ ҳимоячилари ва мухолифат вакиллари мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлдилар. Кетишни хохламаган ёки кетишга улгурмаганлар эса қаттиқ тазйиқ ва босимларга учрадиларки, охир-оқибат уларнинг кўпчилиги қамоқхона ёки мажбурий даволаниш учун жиннихоналарга ташландилар.

Тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиларидан бирининг таъкидлашича, айниқса ҳуқуқ ҳимоячилари хукумат учун ортиқча бош оғриғига айланди ва шунинг
учун уларни жазолаш ёки танобини тортиб қўйиш учун турли иғво ҳамда фитналар ўйлаб топила бошланди.
2005 йил 13 майдаги қонли воқеалардан кейин, кўплаб ҳуқуқ ҳимоячиларига бир қанча айбловлар ёпиштирилиб, темир панжара ортига юборилди.
Хукумат уларни турли ва олдиндан ўйлаб топилган бир неча жиноий моддалар билан айблаб бир неча йилларга озодликдан маҳрум этди. Бу ишда унга ички ишлар, прокуратура ва миллий хавфсизлик хизмати жонкуярлари яқиндан ёрдам бердилар.
 ”Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг Мархамат тумани бўлими раиси, Дилмурод Мухиддинов ҳам хукумат сиёсатидан жабрланган инсонлардан бўлиб, 2006 йилни 12 январида уни ” конституцион тузумга тажовуз қилишга харакат қилганликда” айблаб 5 йил озодликдан маҳрум қилишди. У 2005 йилда муҳолиф “Бирлик” партиясининг Андижон воқеалари тўғрисидаги баёноти нусҳасини сақлаганликда айбланиб ҳибсга олинган эди.
Дилмурод ҳозирги кунда Навоий шаҳрида жойлашган умумий режимдаги 64-29 рақамли аҳлоқни тузатиш колониясида жазо муддатини ўтамоқда. У билан бир зонада бўлган ишончли манбанинг маълумот беришича, у яна 176 сиёсий махбус, яъни Каримов тузумини ағдармоқчи бўлганликда айбланган “ваҳобийлар” билан биргаликда сақланмоқда.
“Дилмуроднинг аҳволи ачинарли даражада бўлиб, қўл ва оёғи уриб синдирилгани ҳамда сил касалига дучор бўлгани сабабли жудаям озиб кетган. Улар бошқа маҳбуслар билан гаплашмайдилар, иш ёки ошхонага кетишаётганда уларга қараш таъқиқланган.
Улар сим тўр тўқиладиган цехда ишлашади. Дилмурод ҳам баъзилар каби Каримовга кечирим хати ёзган, унинг ҳисобига бир нечта интизом бузилиши ёзилганлиги ва хукуматга қарши жиноят қилганликда айблангани учун авф фармони унга нисбатан қўлланилмаган. Бу ердаги 177 та маҳбусни муттасил калтаклашади, қийноқларга солишади, ҳамда изоляторга ташлашади.
Уларнинг баъзилари зўрға юрибди, ушбу гуруҳ худди фашистлар конц.лагеридаги маҳбусларни эслатади”, - дейди яқинда шу колониядан озодликка чиққан манба.
“Дилмурод Мархамат туманидаги раҳбарлар учун ортиқча бош оғриғи эди, улар нима бўлса-да Дилмуроддан қутулиш ниятида юрардилар,- дейди Мархамат туманидаги ташкилотлардан бирида ишловчи Мурод Азимов (исми хавфсизлик мақсадида ўзгартириб берилди). - Андижон воқеалари уларнинг бу ниятини оширишда айнан қўл келди, Дилмуродни қандайдир варақалар билан ушлаб олишгани учун қамашди”.
Мархамат тумани аҳолиси журналистларга интервью беришдан қўрқиб, бош тортишса-да, Дилмурод ҳақида илиқ гапларни айтишади.
Исмини сир тутишимизни илтимос қилган бир тадбиркор Дилмурод Мухиддиновни жуда фаол, тиришқоқ ва халқпарвар инсон эди, дейди.
“У ҳеч ким ва ҳеч нимадан қўрқмас, шунинг учун ҳаммани камчилигини шарта- шарта юзига айтарди. Хокимият ва милиция ходимлари билан тортишиб турганини ўзим кўп маротаба кўрганман”.
Дилмурод яқин дўстларининг айтишича, Мархаматда ҳар қандай муаммо: адолатсизлик ёки инсон ҳуқуқларини бузилиши бўлса, бу масала унинг назаридан четда қолиб кетмаган. Шунинг учун бир неча маротаба у норозилик чиқишлари ва пикетларда кузатувчи сифатида қатнашган.
“Масалан, Мархамат марказидаги бозорни бузилишида бўлган жанжал ва тўполонларда ҳам Дилмурод оддий савдогар ёки тадбиркорларни ҳуқуқини ҳимоя қилиб чиққан дейди”, - унинг дўстларидан бири.
Туман хокимиятидаги манбанинг билдиришича, Дилмуродни изига тушиб, уни йўлдан олиб ташлаш вазифаси ички ишлар ходимлари, шахсан туман ИИБсини собиқ бошлиғи Қобил Мадумаров ( ҳозир нафақада), ҳамда туман собиқ прокурори Бахтиёр Йўлчиевлар зиммаларига юклатилган эди. Чунки деб айтади манба, Дилмурод инсонларни ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан биргаликда, тумандаги амалдорларнинг
тинчини бузар, қилиб юрган нопок ва ноқонуний ишларини фош этиб юбориш эҳтимоли уларга хавф солиб турарди.
“Уни раҳбарлар бир неча бор огоҳлантиришиб, ҳей бола, хали анча ёш экансан, нимага бўлса бурнингни тиқаверма, охири вой бўлади, -дейишган. Қулоқ солмай билганини қилганди, оқибати ҳаммага аён”, - дейди хокимият ходими ачиниш билан.
Мархамат туманида бўлган ҳар қандай намойиш ва норозилик чиқишларига Дилмурод Мухиддинов лоқайдлик билан қараб тура олмаган. Андижонлик, ҳозирда Ғарб давлатларидан бирида яшовчи мустақил журналистнинг айтишича, туман худудида бўлаётган инсон ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ бўлган турли маълумотларни олишда у мухбирларга яқиндан кўмак берган.
“Озодлик” ёки ББС радиоларида берилган Мархамат туманига оид маълумотларни раҳбарлар фақат ундан кўришган. Гарчи бизнинг бошқа манбаларимиз ҳам бўлиб, Мухиддиновни эфирда кетган маълумотга ҳеч қандай алоқаси бўлмаса-да, туман амалдорлари унга нисбатан тишларини қайрашар эди, - дейди мустақил журналист.
- Мана энди уларга халақит берадиган одамнинг ўзи йўқ , кўнглига келган ишларини қилиб яшамоқдалар. Биров мушугини “пишт” демайди. Масалан, менинг ўзим бир неча бор чегара худудидаги муаммолар хақида материаллар тайёрлаганман. Ана шу пайтда Мархамат милицияси, хокимият ва прокуратуранинг қўшни қирғизистонлик ҳамкасблари билан ўзаро олди берди алоқалари, яъни бизнеслари борлигини эшитганман.
Фуқаролар уларнинг ўзаро бизнесига ким хавф солса, улар ҳеч нимадан қайтмаслигини ҳам айтишган. Чегара қишлоқларидан бирида содир бўлган жиноят иши эсимда, ўшанда мен журналист суриштирувини олиб борганман ва охир-оқибат махаллий раҳбарларнинг қаршилигига дуч келганман.
Ўшанда Қирғизистон худудида ўлдириб юборилган оддий чўпон, ўзбекистонлик Одинажон Бўрибоевнинг оиласидагилар бу ишдан натижа чиқмаслиги, ҳар қандай бу каби жиноий ишлар икки республика амалдорлари ўртасида келишилган ҳолда, босди-босди қилинишини таъкидлашган эди”.
Хуллас, мархаматлик оддий одамлар ўз хаётлари ёмонлигидан ўксинишар экан, аввал уларни дардларига қулоқ тутадиган, муаммоларини беминнат ҳал қилиб беришга харакат қиладиган Дилмурод Мухиддиновдек довюрак ҳамшаҳарлари бор бўлганлиги, у қамалиб кетгандан сўнг эса Мархамат гўёки хувиллаб қолганини айтишади.
Туман хокимиятидаги манба эса Дилмурод ва унинг бошқа сафдошлари қамалганидан кейин, туман прокурори Бахтиёр Йўлчиев Андижон
вилоят прокуратураси қишлоқ хўжалик бўлимини бошлиғи лавозимига кўтарилиб кетгани, туман милицияси бошлиғи Қобил Мадумаров эса иззат-икром билан нафақага кузатилганини таъкидлайди.
Шунингдек, кимки туман ҳақида бўлмағур гапларни айтиб, унинг обрўсини туширишга харакат қилса, аҳволи Дилмуроддек вой бўлишини қўшимча қилади.
У оддий деҳқон оиласида туғилиб, ўсган. Бутун умр далада ишлаб, деҳқончилик билан рўзғор тебратган ота-оналари ўғлининг қандай қамалганига ҳалигача хайрон бўлишади.
“Билмадим, нега шундай бўлди, ўғлим бировларга ҳечам ёмонлик қилмаган, доимо одамларни муаммоларини ечишга, уларга қўлидан келганича ёрдам беришга харакат қилган,- дейди онаизори куйиниб.
- Мана, қамалиб кетганидан кейин йўқлаб келувчилар ҳам камайди.”
Дилмуродни билганки мархаматликлар эса уни жойи темир панжара ортида эмас, балки озодликда, жамиятни энг олдинги сафларидаги инсонлар орасида бўлиши кераклигини айтишади.
“Қамоқхонада Дилмурод Мухиддинов эмас, халқ ва давлат мулкини талон-тарож қилиб, Ўзбекистон иқтисодига зарар етказаётган ҳақиқий ўғри-муттаҳамлар, тобора қашшоқлашиб, янада эзилиб бораётган халққа беаёв зулм қилиб, мансабини суистеъмол қилаётган туман хокимлари, милиция ҳамда прокурор каби зўравонлар ўтиришлари керак”, - дейишмоқда улар.
- Туман амалдорлари шунчаки ундан қасд олишди ва аввал унга ваъда қилганларидек қамоққа тиқишди.

Просмотров: 1504 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей