Жума, 29.03.2024, 02:31
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Феврал » 28 » Намозхонлар узоқ муддатларга қамалди
00:00
Намозхонлар узоқ муддатларга қамалди

Намозхонлар узоқ муддатларга қамалди

 

Меҳрибон

 

Бухоро вилояти жиноят ишлари суди қашқадарёлик 14 намозхондан бирини амнистия асосида суд залидан озод этди, қолганларига 16 йилдан 20 йилгача бўлган муддатларга қамоқ жазоси белгилади.

 

Суд жараёнини кузатган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси вакили Абдулла Тожибой ўғли суд 25 февраль куни ҳукм чиқарганини билдирди.

 

“Бекмурод Юсуповга 20 йил, Хидировга 19 йил, Исмоиловга 18 йил, қолган 9 судланувчига 16 йилдан қамоқ жазоси берилган. Фақат Асад Турсуновга амнистия қўлланиб, озодликка чиқарилган”,- деди А.Тожибой ўғли. 

 

Намозхонлардан бири, шаҳрисабзлик 21 ёшли Худоёр Исоқов ўн олти  йилга озодликдан маҳрум қилинди. Худоёр Россияда 1,5 йил давомида ишлаб, Қашқадарёга қайтиб келганидан икки ҳафта ўтиб, 2007 йилнинг 5 сентябрида Қашқадарё вилояти миллий хавфсизлик бошқармаси ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

 

“Россиядан келганига ўн тўрт кун бўлганди, МХХ ходимлари, нега Россиядан келгандан кейин бизга учрашмадинг, дея олиб кетди ва шу бўйи ҳибсга олди”,- дейди Худоёрнинг отаси Мансур Исоқов.

 

Адвокат Руҳиддин Комиловнинг “Озодлик”ка билдиришича, ўн тўрт намозхон Жиноят кодексининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш ва тақиқланган диний ташкилотга алоқадорлик каби ўнга яқин моддаси бўйича айбланган.

 

“ Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳри ва Шаҳрисабз туманида яшовчи ўн тўрт фуқаро Жиноят кодексининг 155, 159, 161, 244 ва бошқа моддалари, жами ўнга яқин модда бўйича айбланди. Уларнинг энг кичиги 20 ёшда, каттаси 43 ёшда. Уларнинг айримлари ўтган йилнинг август ойида, баъзилари сентябрь ойида ҳибсга олинган. Судланувчилар турли вақтда ҳисбга олиниб, уларга очилган жиноят ишлари бирлаштирилган. Лекин нима сабабдан битта ишга бирлаштирилганига ҳайронман. Судланувчиларнинг кўпчилиги ҳатто бир-бирини танимайди ҳам. Энг қизиғи шундаки, тергов натижаларига кўра, улар “Жиҳодчилар” номли янги диний экстремистик оқимга алоқадорликда айбланмоқда. Эътибор қилинг, улар ваҳҳоббийлик ёки “Ҳизб ут-таҳрир” ҳаракатига алоқадорликда эмас, балки “Жиҳодчилар” янги оқими аъзолари сифатида қайд қилинмоқда”,- деди адвокат.

 

Судланганларнинг ягона айби намозхон экани бўлганини айтади 21 ёшли Худоёрнинг отаси Мансур Исоқов.

 

“Ўғлим жиноятчи эмас. У ҳеч қандай жиноят қилгани йўқ. Унинг ягона айби намозхон эканида. Оила аъзоларимиз барчаси намозхон. Ота-онам ҳам намозхон, ўзим 45 ёшдаман, намоз ўқийман, фарзандларим ҳам намозхон. Намоз ўқиш жиноят эмас-ку, ахир”,- дейди М.Исоқов.

 

Бухоро вилояти жиноят ишлари судидан мазкур жиноят иши юзасидан маълумот олишнинг имкони бўлмади.

 

Судланувчилар ўн кун давомида апелляция тартибида шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Просмотров: 926 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей