Жума, 19.04.2024, 21:01
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Феврал » 28 » Қозоғистонда Ўзбекистонлик 15 яшар Гулчеҳра одам савдоси қурбони бўлди
23:45
Қозоғистонда Ўзбекистонлик 15 яшар Гулчеҳра одам савдоси қурбони бўлди

Қозоғистонда Ўзбекистонлик 15 яшар Гулчеҳра одам савдоси қурбони бўлди.

Комила Собирова

 Ўзбекистондаги “NewsUz.Com” сайти Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманилик бу қизча оиладаги мавжуд иқтисодий қийинчилик орқасидан қўшмачининг гапларига лаққа ишониб, шу аҳволга тушганини ёзди.

Пойтахт Остонадаги кафеларнинг бирида официантка бўлиб ишлаш эвазига ҳар ойда ваъда қилинган 300 доллар маош Гулчеҳрага кутилмаган бахтдек туюлган бўлиши мумкин. Чунки Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи 15525 сўм, яъни 12 доллар бўлган бир пайтда ўзбекистонликларнинг давлат идоралари ва шахсий корхоналарда ишлаб ҳам ойига 300 доллар маош олиши амри маҳол.

Мутахассислар фикрича, аксар ҳолларда хорижга муҳтожлик сабаб иш излаб борган фуқаролар одам савдоси қурбонига айланади. Аммо мавжуд иқтисодий қийинчилик кишиларни хорижда уларни хавф-хатар кутаётган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантиришларга эътибор бермасликка ундайди.

Хорижга расмий рўйхатдан ўтган ташкилотлар орқали кетиш хавфсиз ва бу одам савдоси қурбони бўлиш таҳдидини йўқотади, деб ҳисоблайдиган ўзбекистонликлар ҳам бор.

Ирода исмли суҳбатдош Дубайга ишлаш учун кетган дугонаси ҳақида гапирар экан: “У ёқда ҳаёт биздагидан миллион марта яхши эканини, маза қилаётганини айтади. Ўша ерда турмушга чиқяпти. Битта ёмон томони, маҳаллий халққа 1000 доллар тўласа, уларга 500 доллар тўлашини айтяпти”,- дейди.

Бундан 4 йил аввал қизини Бирлашган Араб Амирликларига меҳмонхонада ишлаш учун юборган тошкентлик Зулфия опа ҳам хотин-қизларнинг ўзга юртда хавфли вазиятларга тушиб қолмаслиги уларнинг ўз қўлида эканини айтади.

“У ерда ҳеч ким бировни фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурламайди. Бу ахмоқлик, тушуняпсизми? Агар хорижда хотин-қизлар шундай вазиятга тушган бўлса, демак улар буни ўзи хоҳлаган. Агар сиз хорижга ишлаш учун расмий рўйхатдан ўтган компания орқали кетсангиз, сиз у ерда одам савдоси қурбонига айланмайсиз”,- дейди Зулфия опа.

Хорижга легал равишда ишлашга кетиб, “оғир саргузашт”ларсиз уйига қайтиб келаётган ўзбекистонликлар бор, албатта. Аммо фирибгарлар ва қўшмачилар алдовига учраб, одам савдоси қурбони бўлаётган инсонлар йўқ, деб бўлмайди. Ўзбекистонда одам савдосига қарши кураш борасида ишлаб чиқилаётган қонун сўнгги йиллар давомида бу муаммога тез-тез дуч келаётган ўзбекистонликлар дардига дармон бўлар...

Халқаро миграция ташкилоти Олмаота ваколатхонаси мутахассиси Алия Аликова бугунги кунда Қозоғистонда одам савдоси қурбони бўлаётган ўзбекистонликлар кўп эканини қайд этар экан, Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашга қаратилган қонун қабул қилиниши бундай нохуш ҳолатлар олди буткул олинишидан дарак эмаслигини таъкидлади.

“Ўйлайманки, ҳукумат одамларни хорижга бориш аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш керак. Ҳозир шундай даврки, сиз одамнинг хорижга чиқишини тақиқлай олмайсиз. Ўзбекистонда эса қийин иқтисодий вазият мавжуд, одамлар ишсиз. Улар давлат буни хоҳлайдими ёки йўқ, хорижга иш излаб кетаверади. Шу боис, мамлакатдаги иқтисодий вазият ўз изига тушиб кетгунича, менимча, хорижда ҳаёт учун хавфли вазиятга дуч келиши эҳтимоли борлигини уларга тушунтириш керак”,- деди А.Аликова.

Просмотров: 1676 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 5.0/1
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей