Пайшанба, 28.03.2024, 20:44
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Феврал » 16 » Зўраки иқрор, шафқатсиз қийноқ ва... тўқима суд қарори
11:13
Зўраки иқрор, шафқатсиз қийноқ ва... тўқима суд қарори

Зўраки иқрор, шафқатсиз қийноқ ва... тўқима суд қарори

Нашр қилинди: 15 феврал, 2008 йил
 
2007 йилнинг 13 февралида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Азим Худойбердиев адолат пиринципларига мутлақо тўғри келмайдиган суд ҳукмини ўқиб эшиттирди. Маҳкамада мамлакатимиз конституциявий тузумига тажовуз қилиш, жамоат хавфсизлигига раҳна солиш сингари бир қанча айбловлар билан жазога торилган фуқаролар Умархон Жалилов, Феруз Пўлатов, Қодир Мирзахоновлар узоқ муддатли қамоқ жазосига юборилди.

Хусусан, суд 17 йиллик қамоқ жазоси белгилаган фуқаро Қодир Мирзахонов маҳкама раисининг совуққонлигидан довдираб қолди. 9 йиллик муддатга озодликдан маҳрум қилинган Умархон Жалилов ҳамда Феруз Пўлатовларга нисбатан дастлабки тергов ва суриштирувлар чоғида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган қийноқ усуллари қўлланилгани маълум бўлди (Пресс-релиз №20, 20.12.2007). Аммо суд маҳкама жараёнида зўраки иқрорномалар сири фош этилганига қарамай, тергов органининг буюртмасини бажарди.

Ишда жамоатчи ҳимоячи сифатида иштирок этган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятованинг таъкидлашича, дастлабки тергов ва суриштирувлар чоғидаёқ айбланувчилар ҳимоя ҳуқуқидан маҳрум этилган, улардан шафқатсиз қийноқ ва босимлар остида иқрорномалар олинганди. Хусусан, жамиятнинг 2007 йилдаги релизида айтилишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хусусан, Фарғона вилояти МХХ ва ИИБ вакилларининг гўёки тезкор тадбир деб аталган босқинчилиги даврида фуқаро Рамз Қўшоқов кўп қаватли бинодан улоқтирилган ва воқеа жойида жон таслим қилган. Худойбердиев раислик этган буюртма маҳкама ана шу қотилликни ўз жонига қасд қилиш, дея расмийлаштирди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти тергов давомида мамлакат Ички ишлар вазирлиги Тергов бошқармасига бир неча марта мурожаатлар билан чиқиб, айбланувчиларга нисбатан жамоатчи ҳимоячилар тайинлади. Аммо ИИВ терговчилари Шаҳзод Раҳматуллаев ва Бегмоновларнинг зўравонлиги, тергов бошқармаси раҳбариятининг ҳомийлиги остидаги ноқонуний хатти-ҳаракатлари туфайли пуфлаб шиширилган сохта жиноят иши юзага келтирилди. Айблов хулосалари, тергов сўроқлари ва баённомалари тўлдирилиб, сўнгра айбланувчиларга мажбурий равишда имзолар чектирилди. Айбланувчиларнинг саломатлиги ёмонлашган, уларга жисмоний қийноқ ва руҳий босимлар ўтказилган паллада гумондорларнинг илтимосномалари асоссиз равишда рад этилди.

Мазкур ҳолатлар маҳкама жараёнлари чоғида терговчи ва суриштирувчиларни сўроқ қилиш пайтида юзага чиқди. Судья мазкур қийноқларнинг амалга оширилганига тўла амин бўлди. Аммо у барибир профессионал лаёқатини шубҳа остига қўйиб, терговнинг хом-хатала ишини қонунлаштирди. Айбланувчиларнинг Қўқон шаҳрида рўза ифтори чоғида қўлга олиниши билан боғлиқ ўта кулгили вазияти, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг шармандали қилмишларидан кўз юмди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 244-2-моддаси 1-қисми бўйича Умархон Жалилов ва Феруз Пўлатовлар, ЖКнинг 242-моддаси 1 ва 2-қисмлари, 155-моддаси, 3-қисми «а» ва «б» бандлари, 156-моддаси 3-қисми «а» ва «д» бандлари, 159-моддаси 4-қисми, 161-моддаси, 244-1-моддаси 3-қисми «а» ва «в» бандлари, 244-2-моддаси 1-қисми, 223-моддаси 2-қисми «б» банди, 246-моддаси 1-қисми, 247-моддаси 3-қисми «в» банди, 248-моддаси 2-қисми, 25-97-моддаси 2-қисми «м,о,п» бандлари ва 273-моддаси 5-қисми билан айбланган бу шахсларнинг жиноят иши жиддий тафтишга муҳтож, деб ҳисоблайди. Терговчи ва судьянинг профессионал лаёқатини шубҳа остида қолдирувчи мазкур жиноят иши давомида мамлакатимиз процессуал қонучилиги, Инсон ҳуқуқларининг Умумжаҳон декларацияси ва БМТнинг Қийноқларга қарши Конвенцияси талаблари бузилганини эътироф этади. Ўзбекистон Республикаси прокуратураси ва Олий судини мазкур ҳукмга нисбатан тегишли тартибда протест беришга чақириб, юқори инстанция судларини ишни пухта кўриб чиқишга ундайди. Жамият фаоллари юқори инстанция судларида ҳам мазкур шахсларга нисбатан жамоатчи ҳимоячи сифатида иштирок этишини маълум қилади.
Просмотров: 1000 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей