Чоршанба, 24.04.2024, 19:01
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Феврал » 15 » Мўминжон Одилов: “Акамиз кечирим сўраса, биз ҳам акадан воз кечамиз”
18:23
Мўминжон Одилов: “Акамиз кечирим сўраса, биз ҳам акадан воз кечамиз”

Мўминжон Одилов: “Акамиз кечирим сўраса, биз ҳам акадан воз кечамиз”

Зебунисо

“Озодлик” мухбири Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган энг кекса маҳбус Аҳмаджон Одиловнинг 70 ёшли укаси Мўминжон ака билан суҳбатлашиб, унинг акаси ҳақида тўлиқроқ маълумотлар олишга ҳаракат қилди.

“Озодлик” мухбири аввалига А.Одиловнинг турмуш ўртоғи билан суҳбатлашмоқчи эди. Аммо 82 ёшли онахоннинг телефонда гаплашишга, бунинг устига, ўз турмуш ўртоғининг оғир қисмати ҳақида гапиришга ҳоли йўқлиги маълум бўлди.

А.Одилов 1925 йилнинг 1 май куни Попнинг Ғурумсарой қишлоғида туғилган. Отаси Сталин қатағони қурбони бўлган. А.Одилов болалигидан қишлоқ хўжалигида ишлаган, ер тилини, эл тилини биладиган одам сифатида обрў қозонган. 70-йиллар ўрталарида Поп агросаноат комплексига раҳбарлик қилган, қишлоқ хўжалиги ривожига қўшган хизматлари учун кўплаб юксак мукофотларга сазовор бўлган, Ўзбекистон компартияси раҳбари Шароф Рашидов ва Москвадаги юқори раҳбарлар ишонч-эътиборини қозонган.

80-йиллар ўрталарида СССР Бош прокуратураси терговчилари Гдлян ва Иванов бошлаган ўзбеклар иши, пахта иши, деб аталган катта тозалаш жараëнида қамоққа олиниб, Москванинг “Бутирская” қамоқхонасида сақланган. Одиловга қўйилган жиноятлар орасида кичик Ғурумсаройда катта капитализм барпо этди, деган айблов ҳам бўлган.

Ўзбекистон мустақил бўлгач, Одил Ëқубов, Муҳаммад Солиҳ каби ижодий интеллегенция сўрови билан президент Ислом Каримов А.Одиловни озод этишни сўраб, Россия раҳбариятига мурожаат қилган. 1992 йилда оқланиб, озодликка чиқарилганидан кўп ўтмай энди у мустақил Ўзбекистон ҳукумати томонидан иқтисодий жиноятларда айбдор топилиб, узоқ йиллик қамоққа ҳукм этилган. Шундан бери қамоқда жазо муддати муттасил узайтириб келинмоқда. Ўзбекистондаги энг кекса сиëсий маҳбус сифатида кўриладиган А.Одиловнинг қамоқ муддати, укаси Мўминжон ака Одиловнинг айтишича, сўнгги бор Мустақиллик муносабати билан эълон қилинган амнистия ижроси давомида яна икки йилга узайтирилган...

Мўмин Одилов: Ҳеч қандай судсиз яна икки йил қўшиб беришибди. Яна 1,5 йил ўтириши керак. Муддати тугаши билан яна қўшиб бериляпти. Нимага қўшиб бераëтганини ўзи ҳам билмайди.

Озодлик: Ëнига борганда кўришишга рухсат берадими?

Мўмин Одилов: Ҳа. Навбати келганда бориб кўришади. Битта кўзини олиб ташлашган.

Озодлик: Бу киши Ўзбекистондаги энг кекса маҳбуслардан. У кишини чиқармасликлари сабаби нимада?

Мўмин Одилов: Аҳмаджон аканинг бойлиги кўп. Агар уни чиқарса, бу бойликни улар талай олмайди.

Озодлик: Нима деганингиз бу?

Мўмин Одилов: Аҳмаджон аканинг яратган дунëси кўп. У чиқса, раҳбарлар унинг кўз олдида бойликларини талай олмайди. Талаш учун уни чиқармаяпти-да.

Озодлик: Бу маҳаллий раҳбарлар ишими ëки буйруқ тепадан бўляптими?

Мўмин Одилов: Энди буни тепага боғлаш қийин. Маҳаллий раҳбарлар кўпроқ қилади буни. Маҳаллий раҳбарларга катта раҳбар ишонади.

Озодлик: Аҳмаджон аканинг ўзи нима дейдилар?

Мўмин Одилов: Аҳмаджон аканинг чиқмаслигига сабаб, у кечирим сўрамас эмиш.

Озодлик: Кимдан?

Мўмин Одилов: Каттадан.

Озодлик: Нима ва қайси гуноҳлари учун?

Мўмин Одилов: У ҳам қайси гуноҳим учун кечирим сўрайман, деяпти-да. У кечирим сўрамайди. У агар кечирим сўраса, биз ҳам акадан воз кечамиз.

Озодлик: Нима учун?

Мўмин Одилов: Чунки у нима учун кечирим сўраши керак?

Озодлик: Қамоқда ўтирганларига неча йил бўлди?

Мўмин Одилов: 1984 йилдан бери ўтирибди. Советлар даврида бошланди, ҳозир давоми бўляпти. Орада президент бир олиб чиқди. Кейин майда раҳбарлар президентни йўлдан урдими, нима бало... Буни энди биз билмаймиз. Бу сиëсат. Биз сиëсатга аралашмаймиз. У одам ҳам сиëсатга аралашаëтгани йўқ. У хўжалик туфайли қамалган одам. Мен ҳам айбсиз етти йил ëтиб чиқдим.

Озодлик: Айтишадики, Аҳмаджон аканинг обрўлари жуда баланд. Ҳатто агар у эртага қамоқдан чиқса, атрофида жуда кўп одам тўпланади ва бундан қўрқишади, дейишади. Сиз бунга нима дейсиз?

Мўмин Одилов: Эл оғзига элак тутиб бўлмайди, деган гап бор. Ҳар ким ҳар хил фикрда. Чунки одамлар қийналган. Ўзим ҳам 1984 йилдан бери бекорчиман. Бировдан бир сўм олмайман. Нафақага чиқиб олганман. Нафақам ҳам арзимаган. Шунисига ҳам Худога шукур. Ҳарқалай қорин тўқ, яшаб турибмиз.

Озодлик: Аҳмаджон аканинг чиқишига умид борми?

Мўмин Одилов: Умидсизланиб бўладими? Агар умидсизланадиган бўлсак, унда иймонсизга айланиб кетамиз-ку. Албатта, умид қиламиз. Президентга Худодан инсоф тилаймиз. Биз президентни айбламаймиз. Президент бу нарсаларни билмайди. У кимларгадир ишонади, холос.

Озодлик: Аҳмаджон аканинг 24 йилдан бери қамоқда ўтиришига кимни айблайсиз?

Мўмин Одилов: Кимни айблаймиз... Сиëсатимиз тўғри, қонунларимиз яхши. Фақат ўз вақтида амалга оширилмайди. Қаттиқ текшириш керак бу ишларни. Текширадиган одам йўқ.

Озодлик: Президентга ишонаман, деяпсиз. Президентга мурожаат қилмадингизми?

Мўмин Одилов: Қизиқмисиз, президентга бориб бўладими? Президентга хат-пат, ҳеч нарса бормайди. Қабул чиройли бўлади, аризалар қабул қилинади. Кейин нима бўлади, буниси номаълум.

Озодлик: Ҳозир сизга президентга айтадиган гапингиз бўлса, айтинг, деганда нима деган бўлар эдингиз?

Мўмин Одилов: Агар эшитаëтган бўлса, жуда чиройли гап айтаман. Мен у одамни танимайман ҳам. Унга айтадиган гапим: “Жон Ислом ака, сизга Худо инсоф берсин. Қонунларингизни тўғри бажартиринг. Адолат қилинг”. Бошқа ялинмас эдим. Аҳмаджон аканинг ҳам нияти шу. Иккита акамиз адолат излаб ўлиб кетди.

Озодлик: Аҳмаджон аканинг аëлларининг аҳволи қанақа?

Мўмин Одилов: 82 ëшга кирган кампир шу аҳволда нима бўларди? Худога шукур, Худо ризқини беряпти, умрини беряпти, юрибди. Ҳарқалай тирикчилик, қилтиллаб юрибди. Фарзандлари бор. Ҳеч қайсиниси ишламайди. Иш йўқ. Борига барака қиламиз. Худодан ўзимизга сабр-тоқат тилаймиз.

Просмотров: 1091 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей