Пайшанба, 28.03.2024, 17:59
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Феврал » 9 » Ўзбек пахтасидан фойдаланиш Бангладешга қимматга тушади
21:52
Ўзбек пахтасидан фойдаланиш Бангладешга қимматга тушади

Ўзбек пахтасидан фойдаланиш Бангладешга қимматга тушади

 

    Европа ва АҚШнинг етакчи савдо тармоқлари Бангладеш ҳукуматини Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган кийим-кечакларни июль ойидан бошлаб сотиб олмаслиги ҳақида огоҳлантирди.

 

Пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланаётган Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказиш мақсадида сўнгги бир неча ой ичида Европанинг энг йирик савдо тармоқлари Ўзбекистон пахтасидан мутлақо воз кечиши ҳақида эълон қилганди.

 

Ушбу тақиқ Ўзбекистон пахтасидан кийим-кечак тикиб, Европа ва АҚШ бозорларига сотаётган барча давлатларга тааллуқлидир. Айни пайтда пахта хомашёсига бўлган эҳтиёжининг 65 фоизини Ўзбекистон ҳисобига қоплайдиган Бангладеш жиддий мушкилотлар қаршисида қолди.

 

“Tesco”, “Marks and Spencer”, “H&M”, “Hennes & Mauritz” ва Ўзбекистон пахтасидан воз кечиши ҳақида эълон қилган яна бир неча компания Европа ва АҚШ кийим-кечак бозорининг энг салмоқли улушини эгаллайди. Бу ширкатларнинг Ўзбекистондаги болалар меҳнатига қарши эълон қилган кураши Ўзбекистон пахтасини сотиб олиб кийим тикадиган бир неча давлатни ўз домига тортадиган кўринади.

 

“Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган маҳсулотларга қўйилган тақиқ мамлакатимиз тўқимачилик саноатини издан чиқириб юбориши мумкин, – дейди Бангладеш кийим-кечак ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш уюшмаси президенти Анвар-ул Аълам. – Биз ўз мижозларимиз бўлган “Маркс энд Спенсер”, “Теско”, “ГЭП” ва “Эйч энд Эм” компанияларидан мактуб олдик. Улар Ўзбекистон пахтасидан тайёрланган кийимларни бундан кейин сотиб олмаслигини билдирмоқда. Бу бизга нисбатан жуда ҳам ноҳақликдир, чунки биз пахтамизнинг ярмидан кўпини ўзбеклардан сотиб оламиз. Агар бу жараён давом этса, пахта сотиб олиш манбалари оз бўлгани сабабли биз жуда жиддий муаммоларга дуч келамиз”.

 

Ўзбек пахтасига қўйилган тақиқни ҳар томонлама ўрганган “Рейтер” ахборот агентлигининг Бангладеш пойтахти Даккадаги мухбири Сирожул Ислом Қодир нисбатан арзон ҳисобланган ўзбек пахтасисиз Бангладешдаги айрим тўқимачилик корхоналарининг синишини башорат қилмоқда.

 

“Бангладеш Ўзбекистондан пахта хомашёсини сотиб ололмаса, кийим-кечак ишлаб чиқариш харажати ортиб кетади. Банглашеш кийим-кечак экспортининг 60 фоиздан ошиғи Европа ва АҚШ бозорларига тўғри келади. Бангладеш тўқимачилик саноати бир томондан Ўзбекистонга, бошқа томондан Европа ва АҚШга жуда қаттиқ боғланган”,– деди Сирожул Ислом Қодир.

 

Ҳозирча Бангладеш ҳукумати Европа ва АҚШ ҳукумати билан муаммони ҳал қилиш устида музокараларни бошлаш ниятида. Айни пайтда Ғарб компанияларининг ўзбек пахтасига жорий этган эмбаргоси Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам жиддий зарба бўлиши мумкин. Бироқ Ўзбекистон ҳукумати мураккаб вазиятдан чиқиш учун болалар меҳнатини тугатиш ўрнига Ғарб компанияларини фитна уюштираётганликда айбламоқда.

 

Жумладан, Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири ўринбосари Бангладеш ҳукуматига ёзган хатида болалар меҳнати борасидаги иддаоларни фитна ва ёлғон, деб атади.

 

Ўзбекистондан чиқариб юборилган “Кабул Текстайлс” тўқимачилик компанияси собиқ директори Донг Канг ҳозирнинг ўзида Ўзбекистон пахта экспортининг камида 5 фоизини йўқотишини тахмин қилади. У Ўзбекистон пахтасининг тобора сиқув остига олиниши бизнесни турли чораларга мажбур қилиши мумкинлигини билдирди.

 

“Бизнесменлар бир йўлини топади. Дунё бозорларида пахта хомашёсининг нархи жуда юқори. Ўзбекистон пахтасини сотиб олиш арзонроқ бўладиган бўлса, учинчи давлатлар орқали хомашёни экспорт қилиш мумкин ва охир-оқибат Ғарб компаниялари пахта хомашёсининг келиб чиқиш манбаини аниқлай олмайди”,- деди Донг Канг.

 

Кореялик бизнесменнинг айтишича, бу каби муаммолар сабабли Ўзбекистон ҳукумати ўз пахтасини дунё бозоридаги нархлардан арзонроққа сотишга мажбур бўлиши мумкин. Айнан шу сабабли болалар меҳнатидан воз кечиш охир-оқибат ҳукуматга арзонроқ тушади. 

 

АҚШ Марказий разведка бошқармаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон пахтани экспорт қилиш бўйича дунёда иккинчи, етиштириш бўйича бешинчи ўринни эгаллаб турибди. Пахта экспорти Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эга.

 

Бугунги кунда Ўзбекистон пахтасининг асосий истеъмолчилари Бангладеш, Хитой, Эрон, Покистон, Россия, Жанубий Корея ва Вьетнам ҳисобланади.

 

Просмотров: 939 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 5.0/1
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей