Хусусан, ҳофиз “кўп йиллар давомида бизнинг олдимизда юриб, кейин етти йил давомида бирор марта ҳам бизни эсламаган одам бир қўшиқчини менинг ўғлим сифатида таништириб, тўйма-тўй олиб юрибди”, дея билдирган. Шерали Жўраевга кўра, шу йўл билан ёш қўшиқчи ва унинг продюссери ўзларича ном қозонмоқдалар. “Менинг қирқ ёшгача на оилам ва на фарзандим бўлмаган, - деди ҳофиз ўз мухлисларига қараб. – Қирқ ёшимда Шоҳжаҳон, кейин Зоиршоҳ туғилди. Улар туғилгунларича мен ҳеч кимдан фарзанд кўрмаганман. Айтган гапларим учун Тангри Таоло олдида жавоб бераман”. Қўшиқчи уни тасвирга олаётган тасвирчидан унинг сўзларини видеотасмага ёзиб олишни ва ҳақиқатни бутун халққа етказишни сўради.
Жўраевнинг мухлисларига кўра, у биринчи оиласидан фарзанд кўрмаган ва кейин иккинчи марта ўз раққосаси Зулхумор Қодировага уйланган. Тўйдан кейин бир йил ўтгач, 1981 йил 6 май куни ўғил туғилган. Фарзанд туғилиши Андижонда кенг нишонланган. Бир неча йил ўтиб, Шерали Жўраев тошкентлик Гулнора исмли қизга уйланган. Бу никоҳдан у бешта фарзанд кўрган.
Миш-мишларга кўра, Ботир Жўраев Тошкент маданият институтида ўқиб юрганида Шерали Жўраевнинг оиласи ёш талаба ва унинг онасига босим ўтказиб, фамилиясини ўзгартиришни талаб қилган. Пировардида Ботир онасининг фамилиясини олишга мажбур бўлган. Бугунги кунга келиб ноёб овоз соҳиби Ботир Қодировнинг шуҳрати тез ўсмоқда. Шерали Жўраевнинг бошқа икки ўғли Шоҳжаҳон ва Зоиршоҳнинг ҳам қўшиқчилик санъатида юксак мақомларга эришиши кутилмоқда. Улар мумтоз қўшиқчилик жанрини замонавий эстрада мусиқаси билан маҳорат ила бирлаштира олган ва “Ўзбекистон халқ ҳофизи” каби юксак унвонга эришган оталарининг ортидан кетдилар.
Шу билан бирга, Шерали Жўраевнинг тўйдаги кескин оҳангда ёш қўшиқчини ҳақорат қилиши унинг мухлисларини ҳайрон қолдирди. Уларнинг кўпчилиги машҳур қўшиқчининг “ўзига ярашмаган” бу хулқини қораладилар. “Бу каби гап-сўзлар ёш қўшиқчи Қодировнинг эмас, ҳофизнинг (Ш.Жўраевнинг) обрўсини туширади”, - дейди халқ артистининг кўп йиллик мухлиси.
Қўшиқчининг бошқа мухлиси “Фарғона.Ру” АА мухбирига ёш отанинг Андижон халқига биринчи ўғли Ботирнинг туғилиши муносабати билан зиёфат берган кунларини яхши эслашини билдирди. “Ботир туғилганида ўзим ўғил кўргандек хурсанд бўлганман. Ўша пайтлари биз мухлислар Шерали Жўраевнинг фарзанди йўқлигидан қаттиқ ташвишланардик”, - дейди номи ошкор бўлишни истамаган одам. – Энди эса Шерали Жўраев мен учун ҳеч ким эмас. Ўйлашимча, Шерали ўзининг қўполлиги сабабли миллионлаб мухлисларидан айрилади”.
Таъкидлаш жоизки, Шерали Жўраев Ўзбекистондаги энг машҳур қўшиқчиларидан бири бўлиб ҳисобланади. “Фарғона,Ру” олдинроқ ёзганидек, унинг ҳар бир янги қўшиғини миллионлаб ихлосмандлар интиқлик билан кутиб оладилар. Аллазамондан бери қўшиқчи расмийларнинг назаридан четда қолиб кетган, аммо унга нисбатан очиқдан-очиқ тазйиқ ўтказилгани сезилмаган. Лекин сўнгги йилларда уни миллий телевидение орқали кўрсатмай қўйганлар.
Расмийларнинг, демакки, Каримовнинг Жўраевни ёмон кўриши сабаби унинг ўз қўшиқларида халқ дарди ҳақида куйлашидир.
Ислом Каримов ҳокимият тепасига келган дастлабки йилларда Шерали Жўраевни ўз ёнига тортди ва уни унвонлар билан сийлади. Қўшиқчи ҳатто Ўзбекистон парламентига депутат ҳам бўлган. СССР тарқаб кетганидан кейин расмийлар унинг қўшиқларидан ўзбек халқининг миллий ўзлигини шакллантиришда маҳорат билан фойдалана олганлар. Аммо тез кунларда буюк қўшиқчининг “буюк ҳукмдор” билан ўзаро келишмовчиликлари ҳақида турли-туман гап-сўзлар пайдо бўла бошлаган. Мана беш йил бўлибдики, сўнгги ўттиз йил давомида мамлакатнинг катта саҳналаридан тушмаган Шерали Жўраевнинг концертлари ноёб ҳодисага айланиб қолган.