Қозоғистонни бошқараётган оилада бўлиниш
Иан Макуилям Би-би-сининг минтақавий таҳлилчиси
Қозоғистон Президентининг куёви Роҳат Алиев Нурсултон Назарбоевни мамлакатда президентлик лавозимини ўзбошимчалик билан эгаллаб олишда ва сайловларни спектаклга айлантиришда айблаган.
Интернет саҳифада эълон қилинган Роҳат Алиев мурожаатида айтилишича, Алиев президентликка номзодини илгари суришни режалаштиргани учун ўзига нисбатан жиноий иш очилган.
Бу даражадаги жамоат арбобининг президентни тўғридан-тўғри айблаши Қозоғистон учун мисли кўрилмаган ҳодиса.
Бироқ бу Ғарб қудратлари, Россия ва Хитой энергия манбасини излаётган Марказий Осиёнинг энг бой мамлакатини бошқараётган оила аъзолари ўртасидаги узоқ давом этаётган қудрат талашишнинг юзага чиқаётганини намоён этади.
Ушбу оилавий адоват Қозоғистоннинг ҳукмрон доиралари ичидаги қудрат ва пул устида кечаётган мураккаб воқеалар ривожининг таркибий қисмидир.
Роҳат Алиев президентнинг қизига уйланган баҳсли бизнес одами.
Қозоғистон ўз нефти ва бошқа заҳиралари ортидан гуллаб-яшнар экан, бу қудратли жуфтлик қатор матбуот, банк ва бошқа муассасалар устидан назоратни қўлга олди.
Алиев жаноблари ҳукуматнинг қатор юқори лавозимларида фаолият олиб борди, ҳозир эса у Қозоғистоннинг Венадаги элчиси.
Бироқ Алиев жанобларининг ҳозирги сўзларига кўра, у беш йилдан сўнг қайнотасининг президентлик муддати якун топса, ўзининг президентликка даъво қилиш нияти борлигини Президент Нурсултон Назарбоевга айтган.
Назарбоев жаноблари эса, қонунга эҳтимолий ўзгартиришлар билан президентлик курсисида яна қолиш ҳаракатида.
Шундан сўнг, Роҳат Алиевнинг назоратида бўлган газета ва телевизион станциялар ёпилган ва ҳозир у ўз қўли остида бўлган банкнинг икки мулозимини ўғирланиши билан боғлиқ можароларда айбланмоқда.
Жаноб Алиевнинг айтишича, жиноий айбловлар уни сиёсатдан узоқлаштириш мақсадида ташкил этилган ва бу собиқ Шўро мамлакатларида оддий ҳолдир.
Президент Назарбоев қарийб 20 йилдан буён қудратда, бироқ оиласи билан боғлиқ ушбу можаролар унинг қудрати ўсиб келаётган янги сиёсий авлод томонидан, айниқса, ахборот ва матбуот қаттиқ назорат остида бўлган пайтда савол остига олинаётганини кўрсатади.
26 май куни Президент Нурсултон Назарбоев Роҳат Алиевни Қозоғистоннинг Австриядаги элчиси лавозимидан бўшатган.
|