Пайшанба, 18.04.2024, 07:25
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Январ » 14 » Толиб Ёқубов: Ислом Каримов ва Абдураҳим Пўлатов уртасидаги паралеллар (3 қисм)
02:46
Толиб Ёқубов: Ислом Каримов ва Абдураҳим Пўлатов уртасидаги паралеллар (3 қисм)

«Миллат учун куюнчак А.Пўлатов»

 

Қрим татарлари ватанга қайтиш учун курашиб юрган пайтда Ўзбекистонда яшаган Айше Сеитмеметова деган 18 ёшли қиз миллати йўлида Ўзбекистондан чиқиб кетади ва роса икки йилдан сўнг Нью-Йорк шаҳрига етиб келади ва катта машаққатлар чекиб Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясида чиқиш қилишга эришади. У миллатининг тақдири ҳақида жўшқин нутқ сўзлайди. Унинг бу нутқи дунёда катта резонанс беради. Эътиборли томони шу-ки, у мақсадини амалга ошириш учун СССР ва бошқа мамлакатларда икки йил машаққат чекиб йўл юради.

Жанубий Африка Республикаси президенти Нельсон Манделла 27 йил қамоқда ўтиради. Уни ҳар куни уришар, бироқ у 27 йил давомида фақат битта жумлани такрорлайверган экан: «Халқ барибир енгади!». Озодликка чиққач халқ уни мамлакат президентлигига сайлади. Унинг даврида ЖАР демократик давлатга айланди.

Бизнинг икки ака-ука, шоввоз Пўлатовларимиз бири 1993 йилдан, иккинчиси 1998 йилдан бери АҚШнинг қоқ юрагида яшашади. Образли қилиб айтганда, улардан БМТ идорасигача бир қалам. Бироқ, улар миллатга ўта «куюнчак» бўлгани учун бўлса керак, ўз қалбининг қўри билан БМТ Бош ассамблеясида бир марта ҳам чиқиш қилишмади. Ёлғон бўлмасин, Абдуманноб бир марта БМТ «Инсон ҳуқуқлари комитети» сессиясида (2001 йил март, Нью-Йорк) қатнашди. «Қандай қилиб» дейсизми? 26-27 март кунлари мазкур сессияда Ўзбекистон ҳукумати «Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар ҳақидаги халқаро Пакт» бўйича ҳисобот бераётган эди. БМТ Комитети альтернатив доклад тайёрлашни илтимос қилиб 2000 йил август ойида ЎИҲЖга мурожаат қилди. Искандар ака Худойбергановнинг жонбозлиги туфайли биз 45 бетлик доклад тайёрладик ва уни сессияга тақдим этиш учун иккаламиз Нью-Йоркка бордик. Бизни таклиф этган «Инсон ҳуқуқлари халқаро лигаси» (Нью-Йорк), гарчи Абдуманноб ташкилотимиз раиси бўлса-да, уни сессияда қатнашишига унамади: «Биз фақат Ўзбекистон ичида туриб курашаётганларни чақирганмиз», дейишди улар. Бироқ, нималардир сабаб, уни сессияга қўйишди. Табиий, биз бу гапларни кейинчалик эшитдик.

БМТ Бош ассамблеяси у ёқда турсин, мен ака-укани бирор бошқа халқаро анжуманда қатнашганини билмайман. Бир сафар Абдураҳим Пўлатов АҚШ Конгресси Инсон ҳуқуқлари бўлимидаги учрашувда М.Солиҳни кўриб ўқраси қўзиган ва жанжал кўтарган, бошқача айтганда, миллатга «куюнчаклик» унда устун келган.  Пўлатовларнинг принципини тушуниш қийин эмас: «Сизлар қонхўр режим билан ўлдирса ҳам, қамаса ҳам, оилангиз оч бўлса ҳам, тўқ бўлса ҳам курашаверинг, биз ака-ука АҚШда компьютер олдида ўтириб, узоқдан туриб сизларни бошқараверамиз! Қани, бўлинг, туринглар!». Қрим татарларининг лидери Мустафо Жемилев, Польша «Бирдамлик» ташкилотининг раиси Лех Валенса, Чехословакия лидери Вацлав Ҳавел (10 йил қамоқда ўтирган), Гуржистон лидери Михаил Саакашвили ва кўпгина бошқа лидерлар ўз сафдошларини телефон оркали бошқармаганлар.

А.Пўлатов сайловолди кампанияси бошланмасдан олдин: «Биз Ўзбекистондаги мавжуд қонунлар доирасида курашиш мумкин эканлигини кўрсатамиз» дея бир неча марта ёзди. И.Каримов унга кўрсатди, фақат уч бармоқдан ясаладиган фигурани кўрсатди, холос. Ўз номини ўрта ва олий мактаб дарсликларига киритган, тарих дарсликларига «Бирлик» ХҲ ва «Эрк» демократик партиясини олабўжи тариқасида ёздиртирган, ўзи учун Оқсарой ва ўнлаб махфий объектлар (шу жумладан, аэродромлар) қурдирган, ўз режимини сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш учун миллиардлаб доллар пулни иккиланмай сарфлаётган одам «Бирлик» учун қонун доирасида иш олиб боришига йўл қўйишиига фақат вокеъликни, реалликни тушунмаган ёки алданаётган ёки ақлсиз сиёсатчигина ишониши мумкин. Чамаси, Абдуманноб вазиятни акасига нисбатан чуқурроқ тушунар экан, шекилли. У 2001 йилда АҚШ фуқаролигини олиб, маза қилиб яшаб юрибди.

Ака эса вақтни бой бермай «Бирлик» партиясининг навбатдаги оламшумул иккинчи қурултойига тайёргарликни бошлаб юборди: одамлар ишлаб ётишибди, В.Иноятованинг учта шахсий машинаси хизматда, ва ниҳоят, унинг (А.Пўлатовнинг) ўзи иштирок этмаса-да, қурултойни АҚШдан туриб телефон орқали бошқариб туради. Айтингчи, нимаси ёмон? Қурултойнинг натижаси ҳам ҳозирдан маълум: В.Иноятова омон бўлса, раислик унинг қўлида. Худди 23 декабрь сайловлари каби Табиий, А.Пўлатовнинг кўнгли яна  бир марта тўлади, мағрурона яна мухолифат лидериман, деб айта ва ёза бошлайди. Ажабо, И.Каримов йўлига ўхшашликни қаранг-а!!

А.Пўлатов ўзининг «Толиб аканинг «даҳшатли ўчи» деб номланган мақоласида И.Каримов режимини жон-жаҳди билан ҳимоя қилувчи, КГБнинг юқори унвонли офицери Михаил Ардзиновни оқлашга ҳаракат қилган ва менинг у ҳақида ёзганларимни мантиқсизлик деб баҳолаган. Менинг қўлимда у ва унинг укаси Василий Ардзинов КГБнинг кадровий офицери бўлганликлари ҳақида 1998 йилда Санк-Петербургдан келган хат бор. М.Ардзинов ҳозир ҳам Россия ФСБсининг Ўзбекистондаги резидентидир. У ўзбек МХХга содиқлик билан хизмат қилаётганини ҳамма билади. Менда М.Ардзинов 1991 йили МХХда тузилган махсус “Дезинформация» группасининг раҳбари этиб тайинлангани ҳақида ишончли манбаъдан олинган ҳужжат бор. Мен-ку «Бирлик» ҳақида бир сатр ҳам ёмон гап ёзмаганман, - буни ҳамма билади, - М.Ардзинов «Бирлик» ҳақида юзлаб бўҳтонлар ёзиб одамлар ичида юриб таеқатди, факс ва электрон почта орқали юзлаб адресларга жўнатди. Бир мисол. Илгари «Озодлик» радиоси ва Украина элчихонаси битта бинода жойлашган эди. Бир куни мен «Озодлик»дан чиқиб, бир иш билан элчихонага кирдим. Мени элчининг маслаҳатчиси В.Яковенко қабул қилди ва гап орасида столи устида турган қоғозлар орасидан бир ҳужжатни олиб менга узатди ва: «Сиз шу одамни танийсизми, у қандай одам?» деб сўради. М.Ардзиновнинг В.Яковенко узатган мақоласи бошдан оёқ «Бирлик»ка қарши ёзилган экан. Мен ўз фикримни айтгач, В.Яковенко: «Как он нам надоел! Он пешком разносит свои сочинения всем организациям. Как он не устает? Тема одна: «Бирлик» такой- «Бирлик» сякой». Агар А.Пўлатов шундай одамни қўлласа, у ҳолда унинг ўзи ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керакка ўхшайди.

А.Пўлатов мени мухолифатга қарши курашди (душманлик қилди) ва бу билан И.Каримов режимини мустаҳкамланишига ёрдам берди, деб айбламоқда. Айни пайтда у «Мухолифат = «Бирлик» партияси» деган формулага урғу бермоқда. «Биз «Бирлик»нинг қурултойини ўтказдик ва мухолифатни тикладик», - бу унинг ёзганларидан бир жумладир. Бу «буюк сиёсатчи» ўзбек халқининг аксарият қисми аллақачон мухолифатга айланиб бўлганини сезмас ҳам экан. Афсус-ки, бу мухолифат ҳозирча унсиз (товушсиз), бироқ унинг ҳам даври келишига шўбҳа йўқ. Партияга одамлар пул бергани учун эмас, эътиқоди туфайли кирсагина бундай ташкилот унли ва салоҳиятли бўлади. «Бирлик» партиясини давлат рўйхатидан ўтказиш учун 2003 йилда Ўзбекистондаги асосий бирликчи В.Иноятова бошчилигида аҳоли орасида имзо йиғиш бошланганда имзо чекан одам бир неча минг ўзбек сўми билан «сийланди». Маълум бўлишича, партияга 25.000 одам аъзо бўлган. Табиий, бу одамлар мен мухолифат деб атаган аҳоли орасидандир. Бироқ партия  унлими? Агар у унли бўлганда эди, бу партия 2004 йил декабрь сайловларида Олий Мажлисга ўз депутатларини ўтказа олмаган тақдирда ҳам туман, шаҳар ва вилоят кенгашларига ўнлаб, балки юзлаб депутатларини ўтказган бўлар эди. ЎИҲЖ сон жиҳатдан «Бирлик» партиясидан 50 баробар кичик ташкилот бўлса-да, ўша сайловларда ўзининг уч вакили (қаршилик Саидмурод Қўчқоров (Аллоҳ раҳмат қилсин), ангренлик Холхўжа Юнус, жиззахлик Суннат Орипов)ни маҳаллий кенгашларга депутатликка ўтказди. Мард одамларимиз ярим кечаси сайлов қутиларини олиб кетаётган машиналар ғилдираклари тагига ётишди ва бюллетенларни қайта санаб чиқишга мажбур этишди. Мухолифатга Дадахон Ҳасан, Бахтиёр Ҳамроев, мен (ва А.Пўлатовнинг собиқ бошқа сафдошлари) эмас, ўзларининг беҳаё ёлғонлари билан мамлакат ичида И.Каримов, унинг ташқарисида туриб эса А.Пўлатов душманлик қилишмоқда.

А.Пўлатов бошқа сиёсий партияларни ерга уриш ҳисобига ўз партиясининг обрўйини оширмоқчи бўлади. «Эрк» партиясига қанчалик тош отганини ҳамма билади, «Эрк»ни бир чеккага қўя турайлик. Унинг ёзишича «Озод деҳқонлар» партияси қоғозда бор-у, ўзи йўқ, эмиш. Агар имзолари пул билан тўплаган партия кучли партия бўлганда эди,  шу пайтда Ўзбекистонда энг кучли партия «Озод деҳқонлар» партияси бўлар эди, чунки, юқорида айтганимиздек, Нигора Ҳидоятовада пул етарли, бироқ у А.Пўлатовдан фарқли унсиз партия билан ҳеч қандай ижобий натижага эришиб бўлмаслигини яхши тушунади, чунки унсиз партия, яна  такрорлайман - бугун бор, эртага йўқ!

Ким «Бирлик» раҳбарини лақиллатиб юрибди ва ким кимга зарба бераяпти – буни яхшиси В.Иноятовадан сўраш керак. ЎИҲЖнинг аъзолари наманганлик Аҳмат Абдуллаев, андижонлик Музаффармирзо Исоқов, хоразмлик Ҳайитбой Ёқубов, ургутлик Комилжон Ғофуров, бойсунлик Ҳаким Пўлатов ва бошқалар бу хонимнинг бошни айлантирувчи ширин (асосан пул билан) «ашулалари» оқибатида ташкилотни тарк этдилар. 2001 йил 29 сентябрь куни ЎИҲЖдан уч вакил (А.Абдуллаев, М.Исоқов, В.Иноятова) АҚШ элчихонаси таклифи билан «Америка билан танишиш» программаси бўйича АҚШга уч ҳафталик сафарга жўнаб кетишди. Бениҳоя хурсанд А.Абдуллаев ва М.Исоқов аэропортга менинг хонадонимдан жўнаб кетишди ва АҚШдан бутунлай бошқа кайфиятда қайтишди ва 2-3 ой ҳатто менинг қўнғироқларимга ҳам жавоб беришмади. Улар «Эзгулик»нинг 2002 йил 17 февралда бўлган қурултойида қатнашиб, шу жамиятга ўтиб кетишди. Мазкур сафардан 20 кун олдин, яъни 2001 йил 9 сентябрда ЎИҲЖдан уч вакил (В.Иноятова, қаршилик Тўлқин Қораев, ургутлик К.Ғофуров) Белград (Сербия)га 10 кунлик ҳуқуқбонлик семинарига кетишди. Т.Қораев ва К.Ғофуров аэропортга менинг уйимдан жўнаб кетишди, бироқ қайтгач, ургутлик аъзомиз ариза бериб ташкилотдан чиқиб кетди. Менда К.Ғофуровнинг кечирим сўраб ёзган хати ҳам сақланмоқда – у хатосини кечроқ бўлса-да тушунди. В.Иноятованинг ёлғони туфайли ташкилотни тарк этган Ҳ.Ёқубов «Эзгулик»нинг қурултойида алданганини сезган ва ташкилотга кирмаган.

Мен ЎИҲЖнинг раиси сифатида Аҳмат ака, Музаффармирзо, Комилжон, Ҳайитбой ва бошқалардан хафа эмасман, қайси ташкилотда ишлаш уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари. Уларнинг ҳар бири ҳуқуқбон сифатида ЎИҲЖда шаклланганлар, ва агар улар инсон ҳуқуқларини астойдил ҳимоя қилаётган бўлсалар, буни табриклаш керак. Бироқ мен Ҳайитбой хусусида бир оғиз гап айтиб кетмоқчиман.

Чамаси, у узоқ вақтлар ЎИҲЖдан умидини уза олмаган. 2005 йил баҳор ойларининг бирида менга Женевадан БМТ Инсон ҳуқуқлари комитетининг эксперти, Болгария Хельсинки комитетининг раиси Крассимир Канев телефок килди ва: «Ҳайитбой Ёқубов ЎИҲЖнинг аъзосими?» деб сўради. Мен: «Йўқ, биз уни 2002 йил 5 ноябрда ЎИҲЖдан чиқарганмиз. Шу мажлисимизда Польша Хельсинки комитети раиси Анджей Жеплинский ва Голландия Хельсинки комитети вакили Ян тер Лаак қатнашишган. Нима гап?» деб жавоб бердим. У Ҳ.Ёқубов Женевага Туркманистон бўйича ўтказилган ва БМТ томонидан ташкил этилган конференцияга келгани ва БМТга ЎИҲЖ номидан катта грант сўраб заявка топширганини айтди. Мен унга: «БМТ Ҳ,Ёқубовга миллион долларлик грант берса ҳам қарши эмасман, бироқ у грантни ЎИҲЖ номидан олаётган бўлса  мен қаршиман» дедим. К.Каневни мен 2006 йил ноябрда Софияда кўрдим ва у менга ўша заявка қайтарилганини айтди. 

2006 йил ноябрда В.Иноятова Жиззахга ташриф буюрган (у пайтда мен Францияда эдим) ва ЎИҲЖнинг Жиззах туман бўлими раиси, ЎИҲЖнинг таъсисчиларидан бири Мамиржон Азимовни «Бирлик» партияси ва «Эзгулик»нинг вилоят бўлимларини бошқаришга кўндиришга ҳаракат қилган ҳамда унга 200 (100 «Бирлик»дан ва 100 «Эзгулик»дан) доллар  маош таклиф этган, бироқ рад жавобини олган. 25.000 аъзоси бўлган партия ва аъзоларининг 98% бирликчи бўлган «Эзгулик» (бу рақамни В.Иноятова «Фридом Хаус» ташкилоти офисида АҚШнинг янги элчиси билан бўлган учрашувда ғурур билан кўпчилик орасида айтган эди) бир вилоятга раисни ЎИҲЖдан излагани кўп нарсани тушунишга ёрдам беради. И. Каримов ҳам бошда ўз томонига одамларни «Бирлик» ХҲ, «Эрк» демократик партияси ва бошқа ташкилотлардан оғдириб олганини кўпчилик эсласа керак.

Ўзини катта сиёсатчи деб ҳисоблайдиган А.Пўлатов 90-чи йилнинг бошида «Бирлик» ХҲ ичида партия ташкил этишга қаттиқ қаршилик кўрсатди. Биз, 10-15 бирликчилар, ЎзФА аспиранти Оппоқов (наманганлик, исми эсимда йўқ) бошчилигида 1989 йил охирларида партия тузиш мақсадида бирлашиб, ҳафтада бир марта йиғилишиб, бўлажак партия устав ва программасини ёза бошладик. 1990 йил январида мен А.Пўлатовни кўндиришга кўп ҳаракат қилдим. Бир куни иккаламиз уч соатча пиёда кўча айландик ва мен партия тузиш зарурати туғилганини унга гапирдим, бироқ у кўнмади. Кўп ўтмай, 11 апрель куни (санада адашган бўлсам, эркчи биродарлардан узр сўрайман) Ўзбекистон «Эрк» демократик партияси тузилганлиги эълон қилинди ва … А.Пўлатовнинг пайтавасига қурт тушиб қолди. У биз билан актив мулоқот бошлади ва биздан тайёрланган ҳужжатларни олиб, партия қурултойига тайёргарликни бошлаб юборди. Сана ёдимдан кўтарилган, қурултой Инқилоб хиёбони ёнидаги матбуот редакцияси рўпарасида жойлашган Миролим Одилов   адвокатурасида бўлиб ўтди. А.Пўлатов ташаббусни қўлга олди, биз таклиф этган номни ўзгартирди, ташаббускорлардан деярли ҳеч кимни (жумладан мени ҳам) партия раҳбарияти таркибига яқинлаштирмади ва ўзини раис этиб  сайланишига эришди. Қурултой тугагач, бир одам ҳайратланиб: «Э, қойил! Мен ҳали бундай авантюристни кўрмаганман!» дегани менинг ҳамон қулоғимда. Ижтимоий-сиёсий вазият маълум бир ҳаракатларни актив амалга оширишни тақазо қилаётганини сезган ва тушунган, асосий соҳаларда ҳукуматдан ўзиброқ ҳаракат қиладиган сиёсатчигина ҳақиқий лидерликка даъвогар бўлиши мумкин. Партия тузиш масаласида А.Пўлатов бундай лидер эмаслиги, бироқ яхшигина авантюрист эканлигини кўрсатди.

 

Хотима

 

Мен мақолани тугатмоқдаман. Бу мақолада мен нафақат А.Пўлатовнинг жирканя башарасини одамларга билдирмоқчи, балки ўзим ҳам камида ўн йил унинг сафдоши бўлганимда қанчалик катта  хатолар қилганимни  астойдил кўрсатмоқчи бўлдим. Қилган хатоларим учун мен ҳақиқий бирликчилар, эркчилар ва бошқа дўстларимиздан кечирим сўрайман. Ушбу мақола Интернет-сайтларда берилса, А.Пўлатов ва В.Иноятованинг яна  жазаваси тутишини кўз олдимга яхши келтираман. Масаланинг мени афсуслантирадиган ва қийнайдиган бир томони бор-ки, уни айтмасдан иложим йўқ. А.Пўлатов атрофида ҳалиям соф виждонли, «Бирлик» ғояларига содиқ талайгина инсонлар бор ва мен уларни самимий ҳурмат қиламан. Агар улар сиёсий курашда А.Пўлатов ёнида турсалар – бу уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, мен бунга асло қарши эмасман. Мен ўз хулосам ҳамда танловимни тушунган ва масъулиятли равишда қилдим. Бироқ, мақолани ўқигач, юқорида айтилган дўстлар мендан ранжисалар ёки, унданда оғирроқ, юз ўгирсалар, бу – мен учун оғир бир синовга айланади.

Мен ҳақимда А.Пўлатов нима деб вайсамасин, бу менинг унинг ҳақида ёзган охирги мақоламдир ва бундан буён мен уни кўнгилсиз туш каби унутишга ҳаракат қиламан.

 

Толиб Ёқубов

 

12 январь 2008 йил

 

Франция

Просмотров: 1091 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 5.0/1
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей