Пайшанба, 14.11.2024, 22:06
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Январ » 14 » Толиб Ёқубов: Ислом Каримов ва Абдураҳим Пўлатов уртасидаги паралеллар
02:33
Толиб Ёқубов: Ислом Каримов ва Абдураҳим Пўлатов уртасидаги паралеллар

Ислом Каримов ва Абдураҳим Пўлатов:

Параллеллар

 

Мен мазкур мақолани ёзишдан олдин, уни ёзиш керакми ёки ёзиш керак эмасми, дея  кўп ўйлалим. Мақолани сайловолди кампанияси даврида ёзишга бошлаган эдим, бироқ Абдураҳим Пўлатов ўзининг собиқ сафдошлари бирор нарсага қўл уришса (масалан, Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракатини тиклаш, ва бошқалар) дарҳол: «Бирлик» партияси менинг номзодимни Ўзбекистон президенти лавозимига қўяётгани учун булар сайловдан олдин мени обрўсизлантирмоқчи бўлишаяпти», дея шовқин солганини кўргач, мен сайлов ўтишини кутишга қарор қилдим. Мана, сайлов ҳам ўтди, А.Пўлатов эса, буюк рус шоири А.Пушкиннинг «Балиқчи ва олтин балиқча ҳақида» деган эртагидаги балиқчи чолнинг кампири каби тешик тоғорага эга бўлиб қолаверди. Бу – заҳархандалик билан кулиш эмас, балки ватандаги мавжуд реалликни кўрсатишдир. Д.Тошмуҳаммедова, А.Рустамов ва А.Саидовлар А.Пўлатовга ўхшаш 15 йил хорижда юрган эмас, улар Ўзбекистон ичида юрган одамлар эса-да, ҳар бири бор-йўғи 2-3% овоз олди, деб кўрсатилди. Ж.Шосалимов, А.Шоймардонов, А.Тожибой ўғли каби жасоратли ҳуқуқбонлар гарчи ҳар куни юзлаб одамлар билан учрашиб, ҳеч бўлмаганда Тошкентда халқка танилган инсонлар бўлсалар-да, бироқ мавжуд ҳукумат уларни сайлов майдонига яқинлаштирмади ҳам. Ҳеч ким А.Пўлатовнинг обрўсизлантирган эмас, у ўз обрўсини аллақачон ўзи йўқотиб бўлган. Бироқ мен бари бир сукут сақладим.

Шу ерга келганда шуни ҳам айтиб кетишим керак-ки, А.Пўлатовга мендан яқинроқ ва содиқроқ сафдош бўлмаган, десам адашмаган бўламан, деб ўйлайман. Бир пайтлар: «Бирлик»да мабодо иккита одам қолса ва бири А.Пўлатов бўлса, иккинчиси сўзсиз мен бўламан» - деган фикр кечарди мендан. Мен ўнлаб жойларда, баъзи одамлар билан бўлган сўҳбатларда, давлатнинг турли  идораларида ва, ҳатто, чет элларда, А.Пўлатовни жон-жаҳдим билан ҳимоя қилганман. Битта мисол келтираман, холос. Воқеа «Эрк» партиясининг офисида бўлган эди («эрк»чи биродарлар мендан хафа бўлишмасинлар – бу вокеага уларнинг ҳеч қандай алоқаси йўқ). Ўша кунлари А.Пўлатов Москвада эди ва «бугун-эрта қайтади» деган гап бор эди. Офиснинг бир хонасида 30 дан ортиқ одам йиғилди, табиий ҳаммани мен ҳозир эслай олмайман. Менинг ўнг ёнимда раҳматлик Абдурашид Шарипов, чап томонимда эса Дилором Исоқова ўтиришганини яхши эслайман. Мажлисни олиб бораётган Шўҳрат Исматуллаевнинг ёнида «Эрк» партияси раиси Муҳаммад Солиҳ ўтирганидан ташқари, хонада Москвадан келган Ҳамид Расулов ҳамда олдин «Бирлик»нинг ёшлар қанотида фаолият олиб борган Шавқиддин Жўраев бир неча оғайнилари билан ўтиргани эсимда бор. Мажлис кун тартиби нимадан иборат бўлганини аниқ айта олмайман, бироқ мажлис А.Пўлатов шахсига қарши қаратилгани яхши эсимда қолган. Унга қарши Ҳамид ака ва Шавқиддин кескин гапиришди. Мен Шавқиддинга: «Ҳамма гапирса ҳам сен гапиришга ҳаққинг йўқ. Сен «Бирлик» Қурултойининг темирйўлчилар саройида бўлиши лозим бўлган куни метронинг «Мустақиллик майдони» бекати олдида милиция ходимларига маълумот бераётганингда ушлаганман. Эсингда борми?» деганимдан кейин дами ичига тушди. Мен Ҳамид аканинг гапини ҳам тўхтатдим: «Ҳамид ака, Пўлатов ҳозир бу ерда йўқ, агар ўзи бўлсайди у ўзини ҳимоя қилар эди. Инсоннинг йўқлигида унинг ҳақида исталган нарсани гапиравериш мумкин». Бахс узоқ давом этди, хонадаги кўпчиликка қарши фақат мен дафу-жавоб қилдим, - Пўлатовни мен ҳимоя қила олдим. Бошқача айтганда, А.Пўлатовни лидер сифатида кўтара-кўтар қилишда менинг айбим кам эмас экан.

 

Биринчи параллель

 

Мен буни биринчи марта 2001 йил 19 март куни АҚШда тушундим. Мўлжалим А.Пўлатов уйида камида икки ҳафта туриш бўлса-да, мен унинг хонадонида бир сутка турдим, холос. Шу бир сутка ичида у мени ҳақорат қилди. Менинг ёшим А.Пўлатовнинг ёшидан анча катта, у менга на ака, на ука, на ота ва на тоға эмас-ки, менинг қандайдир айбим учун мени ҳақорат қилишга унинг қандайдир ҳақ-ҳуқуқи бўлса! Сиёсий партия ёки ҳаракат, ҳуқуқбонлик ёки бошқа нодавлат ташкилоти фаолиятида қатнашиш ижтимоий вазифа бўлиб, инсон унда истаса қатнашиши ёки қатнашмаслиги мумкин. Давлат ташкилоти раҳбари ўз ходимига давлат номидан қандайдир маош тайинлайди ва ўшанга яраша ундан иш талаб қилади. Шу тақдирда ҳам инсон ўз хоҳишига кўра давлат ишини ташлаб кетиши мумкин. Менинг қайси «айбим» А.Пўлатовга мени ҳақорат қилишга «ҳуқуқ» берди?

А.Пўлатовнинг уйига жойлашганимнинг эртаси куни эрталаб иккаламиз Вашингтонни айлангани бордик ва шаҳар кўчаларини узоқ пиёда кездик. Мени биринчи ажаблантирган нарса шу бўлди-ки, у негадир мени: «Сиз Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятини ЖЭК (жилищно-эксплуатационная комиссия)га айлантирдингиз» дея айблай бошлади. Бу гап қаердан ва кимдан чиққанини мен дарров фаҳмладим. Гап шунда-ки, бундан бир ярим ой илгари, тўғрироғи 2 февраль куни менинг уйимга Васила Иноятова кириб келди. Шу пайтда мен ташкилотнинг Хоразм вилояти бўлимининг раиси Ҳайитбой Якубов билан гаплашиб ўтирган эдим. Ҳайитбой эртаси куни (эсимдан чиқмаган бўлса) Самара шаҳрига 10-кунлик ҳуқуқбонлик семинарига кетаётган эди. Сўҳбат давомида шуни эшитган Васила кескин жанжал чиқариш йўлига ўтди: «Нима, биз эшшакдай ишласак ҳам бирор жойга юбормайсиз! …» (ва ҳоказо) дея бақира бошлади у. Мен унга яқинда Прагага бориб келганини эслатиб, ташкилот аъзоларини чет элга чиқиши менга боғлиқ эмаслигини, халқаро ташкилотлар кимни таклиф қилишса, ўша одам чет элга бориб келишини тушунтира бошладим. Бироқ Васила тоборо жаҳлга миниб менга маломат тошларини ота бошлади. Мен ҳам жаҳл билан, бироқ жиддий оҳангда унга: «Сен ҳамма вақт одамларни ўз иродангга бўйсундирмоқчи бўлиб келгансан. Мени ҳам сен ўз иродангга бўйсундирмоқчи бўлаяпсан. Бироқ овора бўласан – сенинг иродангга бўйсунадиганлар уйингда сақич чайнаб ўтирибдилар, бориб бор нафратингни ўшаларга қаратавер!» - дейишим билан у йиғлаб чиқиб кетди. Бу воқеага Ҳайитбой Якубов тўлиқ гувоҳ бўлган. Васила шу билан мен ва ташкилотдан алоқани узди. Шу воқеадан кейин бироз ўтгач у «Бирлик»нинг иши билан Москвага кетди. Москвалик икки танишим менга хат ёзишиб (бир-биридан хабарсиз ҳолда бўлса керак, деб ўйлайман): «ЎИҲЖга нима бўлди? Васила Иноятова менга жуда ачинарли нарсаларни гапирди. ЎИҲЖ ҳозир ЖЭК вазифасини бажараяпти, деди» - деб мурожаат қилишди. А.Пўлатов ҳам менга худди шу гапларни айтди. Унинг гапининг оҳангида норозилик яққол билиниб турар эди. А.Пўлатов мавзуни ўзгартирди: у мен ва ЎИҲЖга асоссиз айблар қўя бошлади. Унинг муддаоси қуйидагидан иборат эди: «ЎИҲЖ инсон ҳуқуқлари бўйича мониторинг ўтказишни юқори чўққига олиб чиқди, лекин мониторинг энди ўтган замон, бундан кейин ЎИҲЖ сиёсий талаблар билан чиқиши керак» - деди у, бироқ қандай сиёсий талаблар эканини аниқламади. Мен: «Абдураҳим ака, Ўзбекистондаги аҳволни яхши билсангиз керак. Шундай оғир шароитда биз қўлимиздан келган барча ишларни қилаяпмиз, бундан ортиғи қўлимиздан келмайди» - дедим. Шу гап камида тўрт ёки беш марта такрорланди, А. Пўлатов эса тоборо қизишиб бораверди. Метро поезди Патомак дарёси устидан ўтаётганда у сўкинди: «Сизнинг гапларингиз х..ня» (охирги сўз русча) деди у жаҳл билан. Мен сесканиб тушдим, ўзимча: «Оғзидан билмасдан чиқмб кетди-ёв» - деб ўйладим мен, унинг сўкишига реакция билдирмай. Метронинг охирги станциясида тушдик, бироқ ташқарига чиқмасимизданоқ у яна олдинги гапини такрорлади, мен эса: «Абдураҳим ака, русларда: «Выше головы не пригнешь» деган гап бор. Биз ҳам имконимиз қадар ишлаяпмиз» -дейишим билан у мени кескин оҳангда қаттиқ ҳақорат қилди. Мен қотиб қолдим: менинг отам мулла Ёқуб мени бирор марта «сен» демаганлар, мени ўта ёқтирмайдиган одамлар ҳам мени сўккан эмас. 15-20 минутча мен қимирламай турдим, А.Пўлатов мендан уч метрлар нарида туриб: «Оғзимдан чиқиб кетибди, юринг кетдик» дер эди. Охири мен унга эргашишга мажбур бўлдим: менинг икки сумкам уникида, ёнимда ҳеч қандай пул йўқ эди, тилни ва А.Пўлатовнинг адресини билмас эдим. Уйигача индашмасдан бордик. Етиб боргач, мен дарҳол майда-чуйдаларимни йиғиштирдим ва янгага мурожаат қилиб, берган тузига рози бўлишини сўрадим. Шуҳрат (А.Пўлатовнинг ўғли) амакисининг ўғлига Қаҳрамонга телефон қилди. Мен А.Пўлатов билан хайрлашмай уйини тарк этдим. Кўчада мен Қаҳрамонни бироз кутдим, шу пайтда А.Пўлатов балконга чиқиб: «Ҳов, Толиб ака, болалик қилманг, уйга чиқинг» - деб уч марта такрорлади, мен орқага бурилмадим, у эса ичкарига кириб кетди.

Мен қайси «айбим» учун Ўзбекистон «Бирлик» халқ ҳаракатининг раисидан сўкиш эшитганимни батафсил ёздим. Бу сўкиш – унинг одат тусига кирган ўнлаб, балки юзлаб сўкишларидан бири эди, холос. Мен А.Пўлатов, жумладан, Ёзувчилар уюшмаси котиби Жамол Камолни уюшма биноси ичида ёқасидан буғволиб, «онангни …» дея  бўралаб сўкканини ўз кўзим билан кўрганман. Натижада, Ж.Камол тўлиқ И.Каримов томонга ўтиб кетди ва «Бирлик»ка душман позицияга ўтди. Ўз вақтида «Бирлик» ХҲга юзлаб олимлар ва бошқа соҳаларнинг ўқимишли, етук  вакиллари келиб қўшилишди ва А.Пўлатовнинг манманлиги, оғзи коскилиги, бировнинг фикрига чидамсизлиги туфайли «Бирлик» ХҲни… ташлаб кетишди.

Ниҳоят, И.Каримов ва А.Пўлатов орасидаги биринчи параллелни чизиш мумкин. И.Каримов ўз сафдошлари, давлат структурасидаги одамларни онаси ҳам, хотини ва қизи ҳам қолмасдан бўралаб сўкиши ва дуппослашини халқнинг ярми эшитган, десак муболаға бўлмайди. Буни Акмал Саидов, Мурод Муҳаммаддўст, Омон Матчон, Шавкат Йўлдошев ва кўпгина бошқа ўзига яқин тутганлар «татиб» кўришган. Нега А.Саидов И.Каримовдан ўлгудай қўрқади ва у қандай қилиб Францияга элчи ва сўнгра Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий марказига директор бўлган? 90-чи йиллар бошида И.Каримов уни қаттиқ тепкилаб ургач, орият кучли А.Саидов икки ой остона ҳатлаб кўчага чиқмаган. Икки ойдан сўнг И.Каримов уни чақиртириб «сулҳ» тузган ва уни Францияга элчи қилиб жўнатган, 1996 йилда эса Париждан чақиртириб олиб Миллий марказ директори лавозимига қўйган.

Шундай қилиб, И.Каримов ва А.Пўлатовлар характерида биринчи умумийлик – ҳар иккаласи ҳам ўз сафдошларини ҳақоратлаш, камситиш, уларнинг фикрига чидамсизлик, уларни фақат ўз фойдасига ишлатиш, ишлашдан бош тортган одамни «хоин» ва «душман» деб эълон қилиш хислатлари бир хилдир. Ушбу санаб ўтилган хислатларни бир қолипга тушириш ва биринчи параллелни ўтказиш мумкин:

Ўзгача фикрга чидамсизлик.

 Юқорида келтирилган хислатлар орасидан буни шунинг учун ажратдик-ки, қолганлари унинг ҳосиласи ўлароқ ундан келиб чиқади.

Ўзгача фикрга чидамсизлик А.Пўлатовда кейинги пайтларда шаклланган эмас, бу хислат унда азалдан бўлганига жуда кўп мисоллар келтиришим мумкин, бироқ мен битта мисол билан чегараланаман. 90-чи йиллар бошигача «Бирлик» халқ ҳаракатида фаоллик кўрсатган инсонлардан бири Зиёдулла Зиёмов эди. Зиёдулла ака Тошкент вилоятидаги катта бир ГЭСнинг директори вазифасида ишлаган ва иқтисодни жуда яхши билар эди. У киши «Бирлик» ХҲ МК Ҳайъатининг аъзоси бўлиб, мажлисларда одатда нотиққа битта савол берар эди: «Шу Сиз қўйган масалани ечиш учун пулни қаердан оласиз?». Унинг бу саволи А.Пўлатовни ҳамма вақт ғазаблантирар эди.  Адашмасам, 1991 йили А.Пўлатов мажлис олдига амалга оширилиши керак бўлган улкан бир масалани қўйганда, Зиёдулла ака яна ўша саволни берди. А.Пўлатов ғазабдан қизариб кетди ва ҳамманинг олдида: «О…ни … дан оламан!» деб бақирди. Зиёдулла ака чиқиб кетди ва «Бирлик»ка бошқа қайтмади. Зиёдулла ака нақадар ҳақ эканлигини кўпчилик (хусусан, мен ҳам) кейин тушунди: сиёсий кураш олиб борётган партия (ҳаракат ва ҳоказо)да пул бўлиши асосий шартлардан бири экан. Ҳақиқий лидер буни яхши тушуниши ҳамда қандайдир йўллар билан ташкилот пулини шакллартириши керак. Бу йўллар қонуний ва ноқонуний бўлиши мумкин, мен ноқонуний йўллар қўлланилганига иккита мисол келтираман. ХХ-асрнинг энг буюк авантюрист ва террористларидан бири Владимир Ульянов (Ленин) РСДРП га пул топишда иккита ноқонуний йўлни танлаган: биринчиси, босқинчи террористик гурухлар тузиш, иккинчиси эса Россия душманлари билан келишиш ва улардан пул олиш. Биринчи йўлда Лениннинг ўзи каби авантюрист ва террорист армани Камо (партиявий тахаллуси) жонбозлик кўрсатган, унинг босқинчи одамлари банклар, бой одамларнинг уйини урган, талон-тарож қилган ва ҳоказо. Лениннинг ўзи эса Германия ҳукумати билан махфий музокаралар олиб бориб, Россияда революция қилиш учун ўша пайтда жуда катта ҳисобланган 50 миллион немис маркаси олган. Иккинчи мисолни ўзимизнинг мамлакатимиздан оламиз: И.Каримов ҳукумат тепасига келгач, ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш ва барча сиёсий рақибларини енгиш учун ўзбек халқининг бойликларини аямади ва ҳозир ҳам шу йўлни давом эттирмоқда.

Мен «Бирлик» ХҲдан 2002 йил 19 май куни баёнот бериб чиқиб кетдим. Гарчи «Бирлик»дан кетишим А.Пўлатовнинг ҳақорати туфайли бўлган бўлса-да, баёнотимда бирор одамни ёмонотлиқ қилганим йўқ. Бироқ А.Пўлатов мени «хоин» деб атай бошлади. «Бирлик»нинг бош ирмоғи бўлган Дадахон Ҳасан, Алибой Йўляхшиев, Ҳазратқул Худойбердиев каби ўнлаб инсонлар менданда олдин А.Пўлатов томонидан «хоин»га айландилар. Баъзиларни (хусусан мени ҳам) А.Пўлатов тўғридан-тўғри «душман» деб атай бошлади. И.Каримов ва унинг матбуоти бизни «халқ душманлари» деб атаётган бир пайтда А.Пўлатов эса «Бирлик»нинг «душманлари» демоқда. Биз ҳар иккала «лидер»га хизмат қилишдан бош тортдик ва «душман»га айландик. Тарих И.Каримов ўзбек халқининг асосий душмани эканини яққол кўрсатди, у (тарих) А.Пўлатов «Бирлик» ва мухолифатнинг асосий душмани эканини ҳали кўрсатажак – бунга менинг ишончим комил.

Хулоса: «И.Каримов ва А.Пўлатовлар лексикони бир хил жирканч сўзлар билан бой». Бу – улар орасидаги иккинчи параллелликдир.

И.Каримов ва А.Пўлатов серфарзанд оилалардан чиққан, уларнинг ўз оға-иниларига нисбатан муносабатлари кам фарқ қилади. И.Каримов ўз ака-ука ва опа-сингиллари ҳамда уларнинг болалари билан юзкўрмас, Тошкентда студентлик чоғида ота-онасига бир оғиз маслаҳат қилмасдан уйланган бир рус аёлни ота хонадонига олиб борганда Абдуғани ота уларни уйидан ҳайдаб чиқарган ва ўғлини «оқ» қилган. У отасининг дафн маросимига бормаган, акаси Арслон Каримовнинг таъзиясида ўн минутлар чамаси қатнашган, холос. Унинг ўғли Жамшидни 2006 йил 12 сентябрдан бошлаб Самарқанддаги «психушка»га тиқиб ташлаган. Пўлатовлар етти ака-ука бўлиб, улардан Абдурашид ака қайтиш бўлди. Мен Анвар ва Абдуҳаким акалар, Абдуҳамид, Абдумажидни яхши биламан ва чин қалбдан ҳурмат қиламан, улар билан кўп марталар сўҳбатлашганман, Анвар ака ва Абдумажиднинг хонадонида кўплаб марта бўлганман ва тузларини ичганман. Абдураҳим Пўлатов ҳамма ака-укалари билан қир-пичоқ дея олмайман, бироқ уч ака-ука билан унинг муносабати қандайлигига тўхталмоқчиман. Мени бу ака-укалар кечирар, деб ўйлайман, мен уларга ёмонлик қилмоқчи эмасман. Агар мен А.Пўлатов ҳақида бор ҳақиқатни ёзишга киришмаганимда эди, сўзсиз бу фактларни ошкор этмаган бўлар эдим. 2001 йил мен АҚШга борганимда А.Пўлатов укаси Абдуманнобни дўппослаганини менга ўз оғзи билан айтгани эсимдан чиқмайди. Ҳозирги кунда ҳам ака-укалар бориш-келиш қилмайди, деган маълумотлар келиб туради. А.Пўлатовнинг яна бир укаси, физика-математика фанлари доктори, профессор, талантли олим Абдумажид бундан ўн йиллар илгари акасининг олди (Истанбул) дан қайтгач, менга: «Акам сиёсий жасадга айланиб бўлибди, ўн кун турган бўлсам, мен билан ўн кун уришди, у Ўзбекистондаги реалликни тамоман тушунмайди» дегани ҳозиргидай эсимда бор. Абдуҳамид Пўлатов Санкт-Петербургда истиқомат қилади, кўп йиллар Ёқутистонда ишлаган. 2007 йилда мен ундан электрон почта орқали қисқа бир хат олдим. Унинг хатини келтирмоқчиман:

Ассалому -алайкум Толиб ака!  Соглигингиз ва ишларингиз яхшими? Сизга Пулатов Абдухамид ёзаяпти Санкт-Петербургдан. Статьяларингизни укиб тураман. Менинг ишларим нормал кетаяпти. Рахим акани ростаканига ахмок булиб колганига энди бутунлай ишониб колдим. Эсингизда булса, уша Тошкетда куришганимизда (1999 й.) фикрларим уларникидан бошкачарок эди. Уша пайтда айтардим - уларнинг реал вокеалардан анча оркада колиб кетганларини. Хозирку - гирт жинни деса булади. Майли билган букини есин. Мен унга 96 йилда уша ахмокона китобини чикаришга ва бошка нарсаларига 2500 дол. карз берган эдим. Мана ун йил утибди-ки якинда шу пулни кайтаришни сураган эдим. Ва балога колдим. Мунчалик сиесий шарлатан, муттахам одамликларни билмасдим. Кейиги 20 йилдан бери хеч каерда ишламасдан, текин пуллар эвазига яшаб, хаммани бир бирига уруштириб юрганликларини сезиб колдим. Худодан хам куркмайдиган булиб колибди бу ифлос. Майли, мен пулимдан айрилганлигимни тушундим (Пулларимни ута халоллик билан Якутияда 78-93й. топганман -узиниз биласиз). 1980 йилларда у эшшак комунистик вакханалия пайтларида коммунист булиб олиб анча давр сурган (Якутиядан отпускаларга келганимда куриб  хайрон булардим - бели огримаганнинг нон ейишини кара деб). Энди демократ булиб хаммани алдаб юрибти. Мени максадим пулимни ундуриб беринг эмас. Бошка фикрим бор. БУНДАЙ ИФЛОС ХУДОДАН ХАМ КУРКМАЙДИГАН ОДАМНИ ВЛАСТЬГА ХЕЧ КАЧОН КЕЛТИРИШ КЕРАКМАС! Шунинг учун менга маслахат беринг. У эшшакни маскасини олиб асл юзини халкка курсатишимиз керак, Бирликдан хайдаш керак. Мен энди хеч нарсадан тап тортмайман. Гап пулда эмас, мени тугри тушунинг! Маслахат беринг. Нима киламиз? Хатингизни пойлайман. Узингиз тугрингизда хам езиб юборинг. Мен хозир хам энергэтикада ишлаяпман - якинда Бухоро, Навои ва Зарафшонларга командировкага бориб келдим. Оиламиз худога шукур тинч. Хурмат билан Абдухамид. Яна адресим pulatov@mtrele.ruтел.уй.(812)372-02-65 , моб. 8-905-255-92-36

Хулосани ўкувчининг ўзи чиқарар, деб ўйлайман. Табиий, мен Абдуҳамидга бирор маслаҳат бера олмадим, чунки, ҳарҳолда, бири эт, бири тирноқ.  Бироқ у акасининг кўпгина жирканч томонларини санаб берган ва иккита муҳим таклиф киритган: 1) А.Пўлатовни «Бирлик»дан ҳайдаш, ҳамда 2) уни ҳокимиятга яқинлаштирмаслик. Иккинчи масалани И.Каримов ва В.Иноятова муваффақиятли бажаришмоқда, биринчисини эса бирликчилар ҳамжиҳатлик билан амалга оширишлари мумкин, холос. А.Пўлатовнинг ажойиб оналари бўлиб, у инсон 1997 йилнинг ёзида бандаликни бажо келтирдилар. Онахон ўғиллари Абдумажиднинг хонадонида ўлим билан олишаётганда мен ўша ерда эдим. Ўша куни Абдуманнобга Ўзбекистон визасини ташкиллаштириш учун мен икки марта Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигига ва уч марта (бир кунда) АҚШ элчихонасига борганман. АҚШ элчихонасининг вакилини Абдумажиднинг уйига олиб борганимдан, ва у онахонни ўз кўзи билан кўргандан кейин америкалилар вазирликдан ижобий жавоб олдилар. Абдуманноб оналарининг вафотидан бир кун ўтиб етиб келди, бироқ акаси Туркиядан келмади, ваҳоланки, унга қарши жиноий иш очилмаганлигини ҳамма билади.

Шундай қилиб, биз И.Каримов ва А.Пўлатов орасидаги учинчи параллелни ўтказдик. Унинг ака-укалари ва онасига нисбатан муносабати ҳаминқадар бўлганда, бегоналарга муносабати қандай бўлиши мумкин? Мен иккита мисол билан чегараланаман. Мард инсон, «Бирлик» ХҲнинг ва ЎИҲЖнинг Қашқадарё вилояти бўлимларини бошқарган Шавриқ Рўзимуродов ҳукумат томонидан ўлдирилгач, А.Пўлатов «Бирлик»нинг сайтига: «Бирлик» И.Каримов ва З.Алматовни халқаро судга тортиш учун ҳаракат бошлади» деб ёзиб қўйди ва бу ёзув сайтнинг ўнг юқори қисмида узоқ турди ва бир кун сайтдан олиб ташланди. ЎИҲЖ ҳуқуқшунослари мазкур ёзувни кўргач: «Қўлидан келмайди, чунки ҳукумат шу қадар пухта ҳужжат қилиб қўйган-ки, ўлим қийноқлар натижаси эканлигини исботлай олмайди» - дейишди. А.Пўлатов Василага Шавриқнинг оиласига ҳар ойда 50 доллар пул бериб туришни буюрган. Васила бошида 2-3 ой шу пулни бериб турган, кейин Шавриқ оиласини унутган.

Менинг куёвим, ЎИҲЖнинг Сирдарё вилояти бўлимининг раиси Азам Фармонов мутлақо асоссиз, сохта жиноий иш қўзғатилиб, 2006 йил 29 апрельда қамоққа олиниб, суд 9 йилга озодликдан маҳрум қилгач, уни Жасликдаги қамоқхонага юборишганини унча-мунча одам эшитган бўлса керак. Ўша оғир кунларда менинг ҳақиқий дўстларим ёнимда бўлишди. Мени ёқтирмайдиган баъзи одамлар ҳам самимий ҳамдардлик билдиришди. «Қамоққа тушишни душманингни бошига ҳам туширмасин» дейди доно халқимиз. А.Пўлатовнинг ҳам талай ака-укалари, қариндош-уруғлари бор – улар ажойиб инсонлар ва олимлардир. Худо кўрсатмасин, уларнинг бирортасининг бошига оғир кун тушса ёки қамалса, мен: «Ажаб бўпти!» дея заҳархандалик билан кулмас эдим. Бироқ А.Пўлатов ва унинг Ўзбекистондаги ишонган тоғи Васила Иноятованинг муносабати тубдан бошқача бўлди. Мен А.Пўлатовнинг «ижодидан» бир-икки намуна келтираман («Ҳаракат» сайтидан олинди):

«Баҳтиёр Ҳамро ўғлининг қамалишини сабаби - ўзининг ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолияти эканлигини гапирмоқда. Бу мутлақо тўғри. Баҳтиёр Ҳамронинг шундай “айби” бор. Аммо, бошқа айбларни ҳам эслатиш, бошқаларга ибрат бўлиши учун, мутлақо керак. Баҳтиёр Ҳамро тузилганда бери “Бирлик” халқ ҳаракатининг ва 2003 йилдан бери “Бирлик” Партиясининг аъзоси. Сўнги 10 йил ичида асосан ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида фаолият олиб бормоқда, маълум муддат “Ҳаракат” журнали ва шу номли хабар агентлиги билан ҳамкорлик қилган.
Сиёсатдан хабари бўлган Баҳтиёр мамлакатдаги вазиятни фақат ва фақат мухолифат партиялари ўзгартира олишини, демак, мухолифат партияларини мустаҳкамлаш, инсонларнинг сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш - ҳамма ҳуқуқ ҳимоячиларининг асосий вазифаларидан бири бўлиши кераклигини яхши тушунади. Аммо, минг афсуски, баъзи ҳолларда тушуниш бошқа, амалдаги ишлар бошқа бўлмоқда. Мана Бахтиёр Ҳамронинг ўзи билан боғлиқ мисол. 2004 йилнинг бошида “Бирлик” Партияси Жиззах вилоят ташкилотининг ўша пайтдаги раиси Муҳиддин Қурбон сохта айблар билан ушланиб, бир неча ойдан кейин шартли жазо билан озод қилинди. Бу даврда “Бирлик” Партияси ва унинг раҳбарлари сафдошларини озод қилиш учун нималар қилишганини билишни истганлар шу сайтнинг “қидирув” системасига кириб Муҳиддин Қурбонов ва Мухиддин Курбанов (аввалари сайтда ўзбек ҳарфлари бўлмаганини ҳисобга олинг) сўзлари билан боғлиқ хабарларни қидиришлари етарли. “Бирлик”чилар Муҳиддиннинг оиласидан хам хабардор бўлиб туришди. Абдураҳим Пўлат “Муҳиддиннинг оиласи шундай вақтда ҳеч нарсага зор бўлмасин” дея таълимот бергани ва шахсан ўзи молиявий ёрдам юбориб тургани ҳам факт. Лекин, айнан ўша кунлари Бахтиёр Ҳамро очиқ бир баёнот эълон қилиб, “партия раҳбарияти Муҳиддин Қурбоновнинг тақдири билан қизиқмаётгани, унинг оиласи бир бурда нонга зор бўлиб ўтирганда, ҳеч қандай ёрдам бермагани” учун партиясидан чиққанини эълон қилди. Айтилган иддаоларнинг хато ва мантиқсизлигини бир четга қўйиб турайлик. Фараз қилайлик, иддаолар тўғри. Шундай бўлса, Муҳиддиннинг оиласига ёрдам уюштириш ва унинг масаласи билан шуғулланиш Бахтиёрнинг ҳам вазифаси ва сафдош сифатида бурчи эмасмиди? Шундай оғир пайтда дарҳол партиядан истеъфосини намойишкорона баёнот билан эълон қилиш шунчалик зарурмиди?
Кейин маълум бўлишича, ўша пайтларда Бахтиёр Ҳамро Толиб Ёқуб билан биргаликда шу вилоятдаги жуда кўп бирликчиларни ўз партиясидан чиқиб, “Озод деҳқонлар”га киришга ундаш билан шуғулланишаётган экан. Бунинг учун Муҳиддининг қамоқхонада эканлигидан ҳам фойдаланиб қолишга интилишибди. Шу билан қоғоздагина мавжуд бўлган “Озод деҳқонлар” кучли бўлиб қолгани йўқ, аммо мухолифатнинг энг кучли ташкилотини қўлдан келганча болталашга ҳаракат қилинди. Албатта, Бахтиёр Ҳамро ва Толиб Ёқубларнинг қилган ишлари - бир маҳаллар Каримовнинг сўзига кириб “Бирлик”га қақшатғич зарба берган Салой Мадамин, Дадахон Ҳасан кабиларнинг иши билан солиштирсак - арзимаган нарсадек кўринади. Аммо, ҳар ким мухолифатни мустаҳкамлаш ўрнига, унга зарба бериш билан шуғулланадиган бўлса, миллатнинг аҳволи ҳозирги кундагидек эканлигидан ҳайрон бўлиш керакми? Салойнинг укаси, Бахтиёрнинг ўғли, Толибнинг куёвини бугун режим қамоқхоналарида ўтиришига уларнинг ўзи ҳам айбдор эмасми? Салой, Бахтиёр ва Толиблар ўзларича яхши ният билан ҳаракат қилган бўлсалар ҳам, бу уларнинг миллат олдидаги айбларини оқлай оладими? Бу воқеалар бошқаларга ўрнак бўлиши керак. Ҳозир ҳам “Бирлик”нинг оёғига болта уриш учун енгини шимарган одамлар унинг ичидан чиқмоқда.
(двоми бор)

 

 

Просмотров: 1301 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей