Толиб Ёқубов
Оббо, ўзбек одил суди-ей!
Оббо, қанжиқнинг боласи-ей!
Айтишларича, буюк рус шоири Александр Сергеевич Пушкин томонидан ёзилган «Евгений Онегин» поэмаси унинг ўзига шу қадар ёққан экан-ки, поэмани қайта ўқиб чиққач, у тиззасига шапатилаб уриб: «Оббо, Пушкин-ей! Оббо, қанжиқнинг боласи-ей!» - деган экан.
Шоирнинг ушбу тўлқинланиб айтган гапи қуйидаги сабабга кўра менинг ёдимга тушди. Судни бежизга одил суд дейишмайди: у - давлат бошқарувидаги охирги маҳкама бўлиб, мамлакат конституцияси ва қонунлари асосида фуқаровий можарони ёки маъмурий ҳамда жиноий қонунбузарлик бўйича таъқиб этишни адолат нуқтаи-назаридан баҳолаб, ажрим, қарор, ҳукм тариқасида узининг фикрини чиқаради. Бироқ, «давлатда адолат ва одил суд бўлмаганда, у (давлат) қароқчилар тўдасига айланишига» (Августин Аврелий, IV-аср, Рим) биз тарихда кўп мисоллар кўришимиз мумкин. Бунда адолатни ҳам, одил судни ҳам ҳукмдор сиёсати (мустабид тузум) «ўлдириши» равшандир.
2006 йил 29 апрель куни Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида икки (юқорида айтилган ва Жиззах) вилоят прокуратура ва ички ишлар бошқармалари (ИИБ) ходимлари томонидан Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) Сирдарё вилоят бўлимининг раиси Азам Формонов ва шу вилоят Мирзаобод тумани бўлими раиси Алишер Караматов ҳибсга олиндилар. Жиззах вилоят прокуратурасининг катта терговчиси Қаҳҳор Маллаев ҳар иккала ҳуқуқбонга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг (ЎзР ЖК) БИТТА – 165 (Товламачилик) моддаси бўйича айб эълон қилди, Сирдарё вилоят ИИБ тергов бўлимининг катта терговчиси, милиция полковниги Бозорбой Қодиров эса тергов ҳаракатларини олиб борди.
Фақат 7 июньга келиб мен судланувчилар А.Формонов ва А.Караматовнинг ҳимоячиси сифатида мазкур 110/2006-сонли жиноят иш ишюритувига ўтдим. Ўша куниёқ қонуний ҳимоячи сифатида мен 13-сон тергов изолятори (Ховос шаҳри)да ўзимнинг ҳимоям остидагилар билан учрашдим ва бу учрашув пайтида мен:
- терговчи Б.Қодиров уларни А.Холиқбердиев деган адвокат билан «таъминлагани», у тергов давомида фақат икки марта кўринганлиги ва ҳар иккала пайтда ҳам маст бўлганлиги, у нафақат тергов қандай олиб борилаётгани билан мутлақо қизиқмаганлиги, балки унинг олдида айбланувчилар шафқатсиз қийноққа солинганлиги, ва буларнинг натижаси ўлароқ у барча тергов ҳужжатларини имзолаганини;
- терговчи судланувчиларнинг иш материаллари билан танишиш учун қўйган қонуний талабларини рад этганлиги, уларга айбдов хулосасини бермаганлиги, тергов қаттиқ қийноқлар остида олиб борилганлиги ва кўпгина бошқа жиҳатларни билиб олдим.
Жиноий иш тамоман сохталаштирилганлиги яққол кўриниб турар эди: бунинг учун ишдаги икки ҳужжат – жиноий ишни қўзғатиш ва А.Формонов ҳамда А.Караматовни жиноий ишга айбланувчи тариқасида жалб этиш ҳақидаги қарорларни билан танишиш кифоя эди.
ЎзР ЖК 165-моддасининг диспозициясига қарайлик (уни сўзма-сўз келтираман):
Товламачилик, яъни
жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиш,
мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд
жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб ўзгадан мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишни, мулкий манфаатлар беришни ёхуд
мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб қилиш ёхуд жабрланувчини ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш,
Мутлако равшан-ки, бир одам (товламачи – уни А деб атайлик) иккинчи бир одамни (жабрланувчини – уни В деб атайлик):
унинг [В нинг – Т.Ё.] мулки ёки мулкий ҳуқуқини топширишни, мулкий манфаатлар беришни ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб қилиши учун А:
- а) жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиш;
- б) мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд килиш;
- в) жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан В ни қўрқитиши ёки
- г) жабрланувчини ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиши керак.
Ҳуқуқбонларга нисбатан очилган жиноий иш ҳужжатларига қарайлик. Ҳар қандай жиноий ишда «Жиноий ишни қўзғатиш ҳақида»ги қарор асосий ҳужжат ҳисобланиб, унда терговчи мазкур жиноий ишни қўзғатишнинг асоси ва сабабини келтириши шарт. Қ.Маллаев жиноий ишни қўзғатишнинг сабаби сифатида У.Маматқулов томонидан 2006 йил 28 апрель куни Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи Ж.Оқбоев номига ёзилган аризани келтиради ва у Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси (ЎзР ЖПК) 322-моддасининг 1-бандига мос келади. Қ.Маллаев асос сифатида эса аризачининг А.Формонов билан учрашганда у: фермерларга дизель ёқилғиси тарқатишдаги найрангларингни Интернетга чиқариб ишдан ҳайдаттираман, деб қўрқитди ва бу маълумотни Интернетга чиқармаслик эвазига товламачилик йули билан 600.000 сўм [тахминан 480$ - Т.Ё.] пул талаб қилди, деган даъвосини келтиради. Худди шу асос терговчи Б.Қодировнинг 16 май куни чиқарган «Жиноий ишга айбланувчи сифатида жалб этиш ҳақида»ги қарорида ҳам қабул қилинган.
Тергов органларининг ҳар иккала ҳужжатида ҳам А.Формонов (ёки А.Караматов) (гўёки) жабрланувчи ҳисобланган У.Маматқулов билан учрашганда уни:
- [а)]: ўзи ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиш;
- [б)]: мулкига шикаст етказиш ёки уни нобуд килиш;
- [в)]: жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитганлиги ҳақида бирорта ҳам сўз йўқ.
Агар А.Формонов (ёки А.Караматов) «жабрланувчи» У.Маматқулов билан учрашганда а), б) ва в) ларда кўрсатилган шаклда қўрқитганда эди, бу ҳолат албатта тергов ҳужжатларида акс этдирилишига гумон қилмаса ҳам бўлади. Бундай қўрқитишлар ҳақида ҳатто «жабрланувчининг» аризасида ҳам бирорта сўз йўқ.
Бундан кўринади-ки, А.Формонов (ёки А.Караматов)ни ЎзР ЖК 165-моддасининг диспозициясида кўрсатилган дастлабки учта қўрқитиш (хавф туғдириш) билан айлаш мумкин эмас. Демак, диспозицияда кўрсатилган биргина, яъни
[г)]: жабрланувчини ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш, деган тўртинчи қўрқитиш (хавф солиш) қолади, холос.
А.Формоновнинг «айбини» диспозициянинг шу қисмига тўғрилаш учун терговчилар У.Маматқуловнинг найранглари ҳақида Интернетда маълумот чиқараман дея уни қўрқитиб, А.Формонов У.Маматқуловни ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароит (ишдан ҳайдатиш) яратган деб даъво қиладилар. Бироқ терговчилар Жиззах вилоят нефтебазаси директории М.Саримсоқовнинг 2006 йил 17 апрель куни ёзилган 24-11-549-сонли хатини негадир бутунлай унутишади. Муҳтарам ўқувчига ишнинг моҳияти тушунарли бўлиши учун ҳуқуқбонлар ҳибсга олинишидан илгарироқ қандай воқеалар бўлиб ўтгани ҳақида қисқача маълумот берамиз.
Фермерларнинг ҳуқуқларини, масалан, судларда ҳимоя қилиш учун ҳуқуқбонлар фермерларнинг қонуний ишончли вакили сифатида уларда (судларда) нотариал тасдиқланган ишончномалар билан қатнашар эдилар. ЎИҲЖга икки фермер ўз тракторларига автомобил ёқилғисини қуйиш шаҳобчаси (АЁҚШ)дан дизель ёқилғи (солярка) олишда адолатни тиклашга ёрдам сўраб мурожаат қилишган. Улар ўз аризасида мазкур АЁҚШда таъминотчи бўлиб ишлайдиган У.Маматқулов ва унинг одамлари фермер солярка олаётганда шартномада кўрсатилган норманинг ярмини бериб, бироқ ҳужжатга соляркани тўлиқ олганлиги ҳақида имзо чекишга фермерни мажбур қилишаётгани, «уриб» қолинган соляркани эса тожикистонлик криминал элементларга ноқонуний сотишаётгани ҳақида ёзишган. 2006 йил 12 апрель куни Жиззах вилояти нефтебазаси директории М.Саримсоқов номига бу икки фермер ва уларнинг ишончли вакили А.Формонов билдирги хат йуллашиб, унда Даштобод туманидаги шу нефтебазага қарашли АЁҚШда содир этилаётган қонунбузарликлар ҳақида маълумот келтиришади. 17 апрель куни М.Саримсоқов жавоб хати ёзиб (бу хат В.Формоновга 26 апрель куни топширилган), унда у: нефтебаза томонидан ташкил этилган комиссия мазкур АЁҚШда текшириш утказганини ва фермерларга солярка таркатишда унинг ходимлари фаолиятида ҳеч кандай конунбузарликлар йуклигини уктиради. Бу расмий хатдан куринади-ки, У.Маматкуловнинг нимадандир ёки кимдандир қўрқишига ҳеч қандай асос йўқ – у, образли қилиб айтганда, булоқ сувидек тоза: ўғирламайди, соляркани «уриб» қолмайди, яъни фермерларга нефть маҳсулотларини ўз вақтида ва нормага биноан тарқатади, унда бошқа мамлакатга сотиш учун ёқилғи ортиб қолиши ҳоллари бўлмайди. Бундай одам учун «ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини (бировга, яъни товламачига) беришга мажбур қиладиган шароитни» юзага келтириш, табиий, мумкин эмас. Демак, табиий, А.Формонов «жабрланувчидан» товламачилик йўли билан ноқонуний пул талаб қилишга ҳар қанча уринмасин, у ўзи учун фойдали ҳеч қандай натижага эриша олмайди. Шундай қилиб, А.Формоновни (табиий, А.Караматовни ҳам) ЎзР ЖКнинг 165-моддаси бўйича айблашга ҳеч қандай асос йўқ. Бундан ташқари, энг асосий нуқталардан бири терговда товламачилик факти – қўрқитиш (хавф солиш) исботининг базаси бутунлай мавжуд эмаслигидир: у бирорта гувоҳлик кўргазмаси билан асосланган эмас. Бошқача айтганда, ЎзР ЖК 165-моддаси бўйича жиноятнинг объектив томони, яъни қўрқитиш (хавф туғдириш)ни гумонланувчи А.Формонов амалга оширмаган.
А.Караматовга келганда эса, ҳамма нарса бунданда ойдин: унинг исми на фермерлар ва А.Формонов томонидан М.Саримсоқовга ёзилган хатда, на «жабрланувчи» билан «олиб борилган музокарада» ва на, ҳатто, У.Маматқуловнинг аризасида учрайди. Унинг фамилияси жиноий иш материаллари орасида «товламачилар» У.Маматқуловдан гўёки пул олаётган пайтда ҳибсга олиш гуруҳи томонидан НАҚД ушланганлиги (задержание с ПОЛИЧНЫМ) ҳақидаги, терговчилар томонидан «ўйлаб топилган ҳужжатларда биринчи бор учрайди. Мазкур ҳужжатларда гап қуйидагилар ҳақида боради: Гулистон-Тошкент трассасида У.Маматқуловга тегишли бўлган автомашинадан тушгач, А.Формонов ва А.Караматов темирйўл оша вилоят касалхонаси томон юра бошлаганда, улар томонга югуриб келаётган икки одамни кўриб қолиб, ҳодиса содир бўлган жойдан қоча бошлаганлар. Шу ҳужжатларда айтилишича, А.Караматов уйи вилоят касалхонаси ёнида бўлган танишиникида ушланган, А.Формонов эса хусусий такси машинасида кетаётган пайтда ўша касалхонага яқин жойда қўлга олинган. Тергов томонидан тўқилган мазкур эпизод қуйидаги сабабларга кўра ушланганлар айбининг исботи дея ҳисобланиши мумкин эмас:
- биринчидан, жиноят ишида гувоҳ: «Мен У.Маматқулов А.Формонов ва/ёки А.Караматовга пул бераётганини кўрдим» деган бирорта кўргазма мавжуд эмас;
- иккинчидан, пулни кўрган барча гувоҳларнинг кўргазмалари деярли бир хил бўлиб, уларнинг мазмуни қуйидагичадир: «Милиция ходимлари бир ишда гувоҳ бўлишни илтимос қилишди. Мен розилик билдиргач, мени касалхона ёнидаги автобекатга олиб боришди. Мени дераза ва эшиксиз чала қурилган бир хонага киришга таклиф қилишди. Ерда кўп ахлат сочилиб ётган, уларнинг устида эса бир неча боғлам пул ётар эди. Менинг олдимда милиция ходимлари пулларни санаб чиқишди: шунча 500 сўмлик купюралар, шунча 1000 сўмлик купюралар бор экан. Улар акт тузишди, мен эса актга имзо чекдим». Гувоҳлар кўргазмалари шу билан фарқ қилади-ки, баъзи гувоҳлар: «Мени автобекатга олиб келишганда, у ерда мен милиция ходимлари қуршовида [бу ерда Алишернинг адреси кўрсатилган – Т.Ё.] яшовчи Алишер Караматов турганини кўрдим» - деб ёзишган. Бундай «ҳужжатлар» исбот учун асос қилиб олиниши, уларнинг муаллифлари эса У.Маматқулов А.Формонов ва А.Караматовга пул бераётгани фактининг гувоҳлари бўлиши мумкин эмас.
- учинчидан, «Жиноят ишини қўзғатиш ҳақида»ги қарорда ҳам, «Жиноят ишига айбланувчи тариқасида жалб этиш ҳақида»ги қарорда ҳам терговчилар Қ.Маллаев ва Б.Қодировнинг ёзишича А.Формонов ва А.Караматов Жиззах вилояти ИИБ ва прокуратура ходимлари томонидан У.Маматқуловдан ПУЛ ОЛАЁТГАН ПАЙТДА НАҚД (с поличным) ушланганлар. Бироқ, гувоҳларнинг камида тўрттаси А.Караматов танишининг ҳовлисида (уй эгалари: эру-хотин, уларнинг ўғли, ҳамда бир меҳмоннинг кўргазмалари бўйича), А.Формонов эса касалхона яқинида таксида кетаётганда ушланганини ёзишган. Такрорлайман, жиноят ишида У.Маматқулов А.Формонов ва А.Караматовга пул бераётганини кўрганини тасдиқлаган бирорта гувоҳ кўргазмаси мавжуд эмас.
- тўртинчидан, юқорида қайд этилган иккита қарор ва улардан кейинги бошқа ҳужжатларда терговчилар товламачиларни ушлаш учун тезкор тадбир ўтказилди, деб ёзишади [«-учинчидан»га қаранг - Т.Ё.], ва унинг «натижасини» акс эттирувчи «ҳужжатни» ҳуқуқбонлар айбининг исботи дея тақдим этишади. Эҳтимол жаноб Қ.Маллаев ва Б.Қодиров пистирма қўйиш, жиноятчи деб гумон қилинган одамни қувиш ҳамда шунга ўхшаш тадбирга кирувчи нарсалар гумон қилинувчи (айбланувчи, судланувчи) айби исботининг асосига қўйиш мумкин эмаслигини унутгандирлар? Юрист бўлмасам-да, чамаси, менинг уларга тушунтиришимга тўғри келади: ЎзР ЖПКнинг 9- (Исбот қилишнинг умумий шартлари) бобида исбот қилиш турлари, исбот қилиш қатнашувчилари ва исбот қилишда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар, ҳамда исбот қилишларни тўплашнинг барча турларининг тўлиқ рўйхати келтирилган. Мана ўшалар:
9-боб. ИСБОТ ҚИЛИШНИНГ УМУМИИ ШАРТЛАРИ
(давоми бор)
|