Шанба, 18.05.2024, 20:14
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Май » 24 » Андижон масаласи” ва Ғарб хатолари
09:46
Андижон масаласи” ва Ғарб хатолари

Андижон масаласи” ва Ғарб хатолари

21.05.2008

Санобар Шерматова

Аввалига Ғарбнинг яқин иттифоқдоши бўлган, кейин “якка мохов”лар қаторидан ўрин олиб, сўнг яна ўз позицияларини тиклашини, боз устига, бу ишларнинг барчаси етти-саккиз йил давомида амалга ошганини оддий ҳол деб бўлмайди. Кўринишидан, Ўзбекистоннинг ғарбий ҳамкорлари билан муносабатлари ўзгаришининг сабабини, ҳатто бу 2005 йил 13 май кунги Андижон фожеасига ўхшаш кўламдаги ҳодиса бўлса ҳам, битта нарса билан изоҳлаб бўлмайди.

Векторларни ўзгартириш

Ислом Каримов 2005 йил май ойининг охирида Хитой Халқ республикасига жўнаб кетиши биланоқ Ўзбекистон атрофида юзага келган геосиёсий вазият тез суратларда ўзгара бошлади. Қабул қилувчи тарафнинг ташаббуси билан ташрифга давлат мақоми берилди. Бу нарса Андижондаги оммавий тартибсизликларни бостиришда “ҳаддан зиёд куч қўллагани” учун Ғарб томонидан беаёв танқид қилинаётган Ўзбекистон раҳбариятини қўлловчи кучлар мавжудлигини намойиш этиши керак эди. Хитойда ўтган музокаралар натижасида Ҳамкорлик муносабатлари ҳақидаги шартнома ҳамда энергетика, нефть ва газ қазиб чиқариш, савдо алоқаларини кенгайтиришга алоқадор йигирмадан зиёд битимлар имзоланди. Томонлар Ўзбекистон иқтисодиётига бир ярим миллиард долларлик Хитой инвестицияларини жалб этиш ҳақида келишиб олдилар.

Хитой йўналишидаги қозонилган мувафффақият Москва йўналишидаги муносабатларнинг ривожланишига ҳам туртки бўлди. Каримов ўзининг Пекинга сафаридан бир ой ўтиб, июнь ойининг охирида Владимир Путин билан музокара ўтказгани Москвага жўнаб кетди. Сентябрь ойида эса Россия пойтахтига иккинчи бор давлат ташрифи билан борди. Халқаро дипломатик протоколларга кўра, бир президентнинг битта мамлакатга давлат ташрифи фақат бир марта бўлади, холос. Протоколни эътиборга олмаган Россия икки томонлама муносабатларга нақадар эътибор бераётганини намойиш этди.

Ғарб Ўзбекистоннинг Россия ҳамда Хитой билан муносабатларининг фаоллашувини салбий баҳолади. Ўшанда американинг Herald Tribune газетаси “Ўзбекистон раҳбарининг Россияга давлат ташрифи ташвиш туғдирмоқда”, дея ёзганди. Тошкент шимолий ва шарқий йўналишларда муваффақият қозонган сари Ғарбнинг мамлакатга босими кучая борди. Европа иттифоқи, НАТО, ЕХҲТ, АҚШ Давлат департаменти халқаро текширув ўтказиш борасидаги чақириқларидан тўхтамади. Ислом Каримов эса европалик ва америкалик расмий шахслар билан учрашувлардан ўзини олиб қочди, ўзбекистонлик мутасаддилар эса “Андижон” масаласи муҳокама қилинадиган ЕХҲТ мажлисларида иштирок этмай қўйдилар.

Расмий Тошкент 2005 йил июль ойидан бошлаб АҚШнинг Хонобод базасида жойлашган оғир транспорт учоқларининг тунги парвозини тақиқлаб қўйганидан кейин америкалик ҳарбийлар Афғонистоннинг Баграм авиабазасига кўчишга мажбур бўлдилар. Лекин Пентагон раҳбари Рамсфельд Тошкент билан келишиб олишга уринишларини тўхтатмади: Шимолий Атлантика альянсининг мудофаа вазирлари учрашувида АҚШ НАТО иштирокчи мамлакатларининг халқаро текширув ўтказиш бўйича чақириқларига қарши чиқди. Аммо АҚШнинг бу ҳаракати ҳам зое кетди. Ўзбекистон америкалик ҳарбийларнинг мамлакат ҳудудида бўлиш муддатини узайтирувчи шартномани имзолашдан бош тортди.

Мазкур ҳодисаларнинг рўйхатини кўриб, ҳақиқатдан ҳам Андижондаги намойишни ўта шавқатсизлик билан бостиргани учун Ғарб томонидан танқидлари важидан Тошкент зудлик билан ташқи сиёсий ҳамкорларини алмаштираётгандек кўринарди. Қисман шундай ҳам бўлган. Аслида Ўзбекистоннинг Ғарб мамлакатлари билан муносабатлари Андижон воқеаларидан аввалроқ дарз кета бошлаган. Олдинига Афғонистонда 2001 йилда ҳарбий кампания бошланиши билан пайдо бўлган аксилтеррорчилик соҳасидаги ҳамкорликни баъзи конгрессмен ва сенаторларнинг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бузилиши борасидаги танқидлари тундлаштириб келганди.

Маълум муддат давомида Ўзбекистон бундай танқидларга эътибор бермай келган, боз устига, президент Буш маъмурияти ҳамда мудофаа вазирлиги ўзларини бутунлай ўзгача тутиб келдилар. АҚШга 2002 йил расмий ташрифи олдидан Ислом Каримов оптимистик кайфият билан журналистларга: “Бу мамлакат улкан инвестицион салоҳиятга эга, - дея билдирганди. – Бизнинг АҚШ билан яқиндан алоқалар иқтисодий ислоҳотларимизни амалга оширишга ёрдам беради...”

Ишонган тоғда кийик ётмаслиги тезда аён бўлди. “Кенг кўламдаги инвестициялар амалга ошмади. Бўлиши ҳам мумкин эмасди ҳам, - дея тушунтирди Тошкентдаги учрашув давомида олий мансабли ўзбекистонлик дипломат. – АҚШ ўз вақтида Япония ҳамда бошқа мамлакатлар иқтисодиётини кўтаришга ёрдам бергандек Ўзбекистон иқтисодиётини ҳам “кўтаришга” тайёр эмасди. Хусусий инвесторларнинг инжиқлиги маълум. Уларга ишончли кафолатлар ва бизнес олиб боришнинг шаффоф қоидалари керак. Ўзбекистон айни пайтда унисини ҳам бунисини ҳам тақдим эта олмайди”. Кейинчалик Каримовнинг ўзи ҳам Путин билан суҳбати давомида “Бизни халқаро аренада қучоқ очиб кутиб оладилар дея хом ўйлаган эканмиз”, - дея тан олганди.

Ўзбекистон-Америка муносабатларига Нью-Жерсидаги суднинг таъсири ҳам салбий бўлган. Ўшанда суд Мансур Мақсудийнинг Каримовнинг қизи Гулнорадан кўрган икки фарзандига оталик ҳуқуқини тан олганди. Гулнора Каримова эри билан ажрашгунига қадар болаларини Ўзбекистнга олиб чиқиб кетди ва суд уни айбдор деб топган ҳамда қидирувга берган. Маҳкама жараёни бир неча йил давом этганди. Суднинг сўнгги қарори 2003 йилда чиқди ва Каримовлар оиласи томонидан “стратегик иттифоқдош” томонидан орқага урилган ханжар сифатида баҳоланди. Америк судларининг мустақиллиги ҳақидаги ишоратлар Ўзбекистон томонидан эътиборга олинмади.

Ўзбекистоннинг Европа реконструкция ва тараққиёт банки билан ҳамкорлиги ҳам чиппакка чиқди. Республикада ислоҳотлар ўтказиш мажбурияти эвазига олдинроқ қарз берган ЕРТБ 2003 йилга келиб мамлакатдаги фаолиятини деярли тўхтатиб қўйди.

Ғарбий ҳамкорлар Ўзбекистондаги ислоҳотларни ёки бошқара олмадилар (АҚШ сингари) ёки “шогирди” билан дунёқарашлари тубдан фарқ қилди. Бунга Ўзбекистонда ЕРТБ фолиятининг чиппакка чиқанини далил сифатида келтириш мумкин. Банк раҳбарияти Каримовдан Тошкентда ўтган мажлис давомида эл олдида жазони ўташ жойларида содир этилаётган зўравонлиларни қоралашни талаб қилди. Ташкилотчиларга кўра бундай баёнот Ўзбекистон раҳбариятининг либерал ислоҳотларга тайёрлигини намойиш этиши керак эди. Ўзбекистон президенти ўз нутқида камчиликлар борасида бир оғиз ҳам тўхталиб ўтмагани важидан унинг ўрнига бу ишни банк раҳбарлари қилдилар. Улар республикада инсон ҳуқуқлари борасидаги вазиятни танқид қилдилар. Бундай ошкора жанжалдан сўнг ҳамкорликнинг тўхташи табиий.

Ғарб мағлубиятини тан олмоқда

Мазкур воқеалар ғарб мамлакатларини Ўзбекистонда демократия ва ислоҳотларни илгари суриш учун янги услубларни қидиришга ундаши керак эди гўё. Бунинг ўрнига Ғарбда ҳокимият устида ўтириб қолган авторитар ҳукмдорларга қарши таъсирли восита сифатида кўрилаётган “рангли” инқилоблар байроғини кўтаринки руҳда кўтара бошладилар. Инқилоблар тарафдорлари айнан уларда халқларни ёруғ келажак сари ҳаракат қилишга тўсқинлик қилаётган асосий ёвузликни кўра бошладилар. Шу билан бирга, инқилобчилар ҳар бир халқ аввали бошдан демократик тамойилларга биноан яшай олади деган ёлғон тасаввурга эга бўлганлар.

Грузия ва Украинадаги режимларнинг алмашуви ҳамда инқилобларни Марказий Осиёга ҳам экспорт қилиниши лойиҳаларининг муҳокамаси Ислом Кармовни хавотирга солмай қўймади. Тошкент Грузия “атиргуллар инқилоби”да фаол иштирок этган Сорос жамғармасининг аккредитациясига рад жавобини берди. Ғарб таъсирига акс жавоб сифатида Ўзбекистон эски ҳамкорларига мурожаат қила бошлади: Россия билан алоқаларнинг тикланиши беҳуда эмасди. 2003 йилда икки мамлакат президентларининг Самарқанд шаҳрида икки томонлама муносабатларига туртки бўлган мисли кўрилмаган даражадаги илиқ учрашуви бўлиб ўтди.

Андижондаги фожеадан бир ярим ой илгари содир бўлган воқеанинг ҳам Ғарб билан алоқаларнинг узилишига бевосита алоқаси бор. Оламон 2005 йил 24 март куни Ҳукумат уйини ишғол этганидан кейин Қирғизистон президенти Асқар Ақаев Бишкекни тарк этди. Қирғизистондаги воқеалар ҳам “рангли инқилоблар” қаторига киритилди. Асқар Ақаев оммавий тартибсизликларни уюштиришда наркомафия билан америкаликларни айблади. Тошкентдагилар ҳам ҳудди шундай фикрда эдилар ва Ўзбекистон ТИВ баёнотида инқилобчилар “бузғунчи кучлар” дея аталди.

Ўзбекистон расмийлари қирғизистонлик инқилобчилар ортида ғарб мамлакатларининг элчихоналари турганига шубҳа қилмадилар ҳам. Навбат Ўзбекистонга келганига ҳам. Андижондаги воқеалар уларнинг хавотирлари бежиз эмаслигига ишонтирди. Тез кунлар ичида нафақат “айб иш қилиб қўйган” америка нодавлат ташкилотлари, балки “инқилоб уруғини сочиш салоҳиятига эга бўлиши мумкин бўлган” барча нодавлат ташкилотлари мамлакатдан ҳайдаб чиқарилди.

Ислом Каримов Ғарб билан кучлари тенг бўлмаса ҳам курашга киришди ва кўринишидан бу тўқнашувди зафар қозонди. АҚШ ва европаликлар ён босишларига тўғри келди: бу мамлакатлар халқаро текширувга рухсат берилишини кутиб ўтирмай жорий қилинган санкцияларни юмшатдилар.

Ғарб ўз хатоларини эътиборга олди ҳамда Марказий Осиёдаги мақсад ва вазифаларини белгилаб олди. Афғонистондаги уруш ва энергия ресурслари учун кураш Тошкент билан фаол ҳамкорликни талаб этади. Ҳудди шунинг учун ҳам Ўзбекистонда демократияни илгари суриш ғояси иккинчи даражага тушириб қўйилди. Эндиликда Ғарб билан олдинги муносабатларга чек қўйган “Андижон масаласи” сиёсий кун тартибидан олиб ташланди.

Просмотров: 829 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей