Шанба, 18.05.2024, 19:24
Мой сайт
Главная Регистрация Вход
Приветствую Вас, Гость · RSS
Статистика

 
Главная » 2008 » Март » 17 » 'Қуръон' қотиллик ва террорга чорлайди'-ми?
21:52
'Қуръон' қотиллик ва террорга чорлайди'-ми?
'Қуръон' қотиллик ва террорга чорлайди'-ми?
 


Мусулмон дунёси бўйлаб Исломнинг қолоқ дин эканини айтиб, Муҳаммад пайғамбарни жоҳилга қиёс қилган ҳолланд парламентининг ўта ўнг қанотчи вакили Гиирт Вилдерс томонидан ишланган "Фитна" фильми юзасидан хавотирлар кучайиб бормокда.

Ҳолланд телевизион каналлари фильмни намойиш этишдан бош тортишган. Бироқ жаноб Вилдерс 15 дақиқалик фильмни интернетга қўйиш ниятида қатъий эканини айтмоқда.

Унга кўра, "мазкур фильм "Қуръон" қандай қилиб одамларни тоқатсизлик, қотиллик ва террорга чорлаши ҳақидадир."

Ҳолландияда чиқувчи рўзномалардан бирининг хабар беришича, давлат ҳимоячилари мазкур фильм фуқаролари ва мамлакат тужжорий манфаатларини хавф остига қўйишидан қўрқиб, уни тақиқлаш мумкинми ёда йўқлиги масаласини кўриб чиқишмоқда.

"Фитна" фильми аллақачон Эрон ва Покистон томонидан қораланган. Бангладеш Ташқи ишлар вазирлигининг айтишича эса, фильм сўз эркинлигини намоён этишига оид даъволар мусулмонларни мутлақ ишонтира олмайди.

Биз ўзбекистонлик таниқли уламо Обидхон қори билан боғланиб, исломий қонун-қоидалар "Қуръон" асосида танқидий фильм ишлашга қанчалик рухсат беради, деб сўрадик:

Диний масалалар бўйича мухбиримиз Франсис Ҳарисоннинг хабар беришича, "Телеграф" рўзномасида чоп этилган хабарда "Фитна" фильмини тақиқлаш масаласида ҳолланд Вазирлар маҳкамасининг фикри бўлингани айтилган.

Насроний демократлар партияси тақиқ тарафдори бўлса, Меҳнат партияси эса, бунга кўп ҳам мойил эмас. Бироқ хабарларга кўра, ҳуқуқшунослар фильмга билдирилажак муносабат хавфсизлик ва жамоат тартибига салбий таъсир этиши мумкинлиги, шу сабабдан ҳам уни тақиқлашдан бошқа чора йўқлигини айтишмоқда.

Ўзи ҳам ҳолландиялик бўлган НАТО Бош котиби эса, мазкур фильм Афғонистонда хизмат қилаётган бир ярим мингдан ортиқ ҳолланд аскарларининг тақдирини хавф остига қўйиши мумкинлигидан ташвишда эканини айтмоқда.

Толибон воизи аввалроқ "Фитна" фильми намойиш этилгудек бўлса, ҳолланд аскарларига қарши ҳужумларини кучайтиришларини билдирганди.

Унга кўра, бу Исломга қарши ҳақоратдир ва Бирлашган Миллатлар фильмнинг намойиш этилишини тўхтатиш учун бирор чора кўриши лозим.

Ҳолланд ҳукуматининг айтишича, айни масала юзасидан Гиирт Вилдерс билан буткул қарама-қарши фикрда ва у яратган фильмнинг оқибатларидан қаттиқ ташвишдадир.

Бироқ ҳукумат ва ҳолланд ишбилармонларининг жаноб Вилдерсга қилган мурожаатлари самарасиз якунланган. Гиирт Вилдерс ҳукумат Исломга таслим бўлган бўлиши, бироқ ўзи бундай қилмаслигини айтган.

Юзлаб афғонлар эса, ўтган яқин ҳафталарда мамлакатнинг бир қатор шаҳарларида кўчаларга чиқиб, мазкур фильм ва Данияда кайта чоп этилган карикатураларга қарши ўз норозиликларини изҳор этишган.

Намойишчилар Ҳолландия ва Дания байроқларини ёқиб, уларнинг қўшинларини НАТО сафларидан чиқариб олишга чақиришаётир.

Просмотров: 884 | Добавил: himoyachi | Рейтинг: 0.0/0
Copyright MyCorp © 2024
Архив записей